Ўзбекистон | 12:19 / 21.07.2020
17152
2 дақиқада ўқилади

Мутахассис оксигенаторни уй шароитида ишлатиш хавфли эканини маълум қилди

Оксигенаторларни уй шароитида ҳам тавсия қилиш мумкин, лекин бунинг ўзига хос кўрсатмалари бор. Агар бунга эътибор берилмаса, ножўя таъсири бўлиши мумкин. Шунинг учун оксигенаторни уй шароитида ишлатиш хавфли ҳисобланади.

«Тез ёрдам» лойиҳасининг навбатдаги сонида вирусолог Дилдора Секлер кислород берувчи оксигенаторларнинг уй шароитида ишлатилиши ва қўлбола тарзда ясалиши хавфли эканини маълум қилди.

«Оксигенаторлар стационар шароит учун ишлаб чиқилган. Беморда кислород миқдори 93 фоиздан пасайса, ўша вақтда оксигенатор билан ўпкага нафас берилади.

Уларни уй шароитида ҳам тавсия қилиш мумкин, лекин бунинг ўзига хос кўрсатмалари бор. Агар бунга эътибор берилмаса, ножўя таъсири бўлиши мумкин. Шунинг учун оксигенаторни уй шароитида ишлатиш хавфли ҳисобланади», деди мутахассис.

Шифокорнинг айтишича, берилаётган кислород кўпайиб кетса, хавфли вазият пайдо бўлади. Бу қурилмаларнинг ёнғин хавфи ҳам юқори.

Шунингдек, шифокор коронавирус тест тизимларининг катта босимда қолиш сабаблари ҳақида ҳам муносабат билдирди.

«Коронавирусни аниқловчи тестлар етишмаслигининг сабабларидан бири зарур бўлмаган ҳолатларда ҳам тест топширувчиларнинг кўпайиб кетгани билан боғлиқ.

Заруратсиз тест топшираётганлар тоифасига ўзида ҳеч қанақа аломат бўлмаса ҳам, фақатгина маълумотнома олиш учун тест топшираётганларни киритиш мумкин.

Бундан ташқари, коронавирус аниқланган бемор билан алоқада бўлганларга ҳам тест керак эмас. Чунки касаллар билан мулоқотда бўлганлардан тест олиниши эмас, улар фақатгина назорат қилиниши керак, холос. Бемор билан алоқада бўлган ҳаммадан тест олиш натижасида ҳозир вазият оғирлашиб қолди», дея қайд этди Дилдора Секлер.

У беморлар билан мулоқотда бўлганларда касаллик аломатлари пайдо бўлсагина тест олиниши самаралироқ бўлишини қайд этди. 

Мавзуга оид