Жаҳон | 08:12 / 21.07.2020
9180
2 дақиқада ўқилади

Ресторан ва кафеларга ёндош ҳудудларда енгил конструкциялар жойлаштириш чоралари ишлаб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Янги тартибга мувофиқ, 2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган жойлаштириш, қуриш ва фойдаланиш бўйича вақтинчалик талабларга риоя қилган ҳолда ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларини хабардор қилиш орқали истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга бўлади.

Қайд этиб ўтиш лозимки, айни пайтда умумий овқатланиш корхоналари истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни жойлаштиришнинг аниқ тартиби мавжуд эмас, — дейилади фармонга шарҳда.

Карантин нормаларига риоя қилиш мақсадида умумий овқатланиш корхоналар биноларга туташ бўлган бўш ер участкаларини вақтинчалик фойдаланиш учун бериш таклиф қилинган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12,6 мингдан зиёд умумий овқатланиш корхоналари ўзларига туташ ҳудудларда енгил конструкциялардан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда.

Ресторан бизнеси вакиллари билан ишчи учрашувлар мобайнида улар томонидан коронавирус пандемияси даврида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш учун енгил конструкциялардан текин фойдаланишга рухсат бериш таклифи билдирилган.

Шу нуқтайи назардан, хорижий давлатлар (масалан, Москва шаҳри) тажрибасидан келиб чиқиб, шаҳарнинг архитектуравий қиёфасига мослиги ва экологик талабларга жавоб бериши, қўшнилар ва эксплуатацион хизматлар манфаатига риоя қилишни ҳисобга олган ҳолда енгил конструкцияларни жойлаштиришнинг вақтинчалик чоралари ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид