Ўзбекистон | 21:05 / 23.07.2020
17162
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат цемент импортини соддалаштириш бўйича қарор қабул қилди

Ҳукуматнинг «Цемент импортини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга биноан, импорт қилинадиган цементни эркин муомалага чиқаришни соддалаштирилган тартибда амалга ошириши амалиёти жорий қилинмоқда.

Фото: Getty Images

Таъкидланишича, цемент республика ҳудудига олиб кирилгунга қадар импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъект ва жисмоний шахс томонидан ихтиёрийлик асосида унинг намуналари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органига тақдим этилади. Бунда маҳсулотни эркин муомалага чиқариш («ИМ 40» режимига ўтказиш) давлат божхона хизмати органлари томонидан тегишли мувофиқлик сертификати асосида амалга оширилади, божхона қонуни ҳужжатлари бузилиш хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар эса бундан мустасно.

Цемент аввал олиб кирилган ва охирги 12 ой давомида бир ишлаб чиқарувчининг цемент маҳсулотига берилган мувофиқлик сертификати асосида (амал қилиш муддатидан қатъи назар) ушбу ишлаб чиқарувчининг кейинги маҳсулоти импорт қилувчи томонидан республикага олиб кирилган ҳолларда «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида маҳсулотни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органининг ариза бўйича қабул қилган қарори давлат божхона хизмати органлари томонидан маҳсулотни эркин муомалага чиқаришга асос бўлади.

Бунда аризада кўрсатилган миқдордаги цемент сифати бўйича даврий равишда лаборатория синовлари амалга оширилади ва натижалари бўйича импорт қилувчига синов баённомаси тақдим этилади.

Ҳар бир божхона юк декларацияси бўйича маълумот сертификатлаштириш органига «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали юборилади ва цемент эркин муомалага чиқарилганда сертификатлаштириш органи билан импорт қилувчи ўртасида тузилган шартнома доирасида цементни хавф-хатарларини таҳлил қилиш асосида даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади.

Лаборатория синови натижасига кўра цемент белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, бу ҳақда бир куни муддатда сертификатлаштириш органи томонидан импорт қилувчи, Ўзбекистон Қурилиш вазирилиги, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши кураш қўмитаси ва «Ўзстандарт» агентлигига хабардор қилинади.

Белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган цементни олиб кирган импорт қилувчи олти ой муддат давомида ушбу маҳсулотни эркин муомалага чиқаришда соддалаштирилган тизимдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

«Ўзстандарт» агентлиги бир ой муддатда ҳукуматга қуйидагиларни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини киритади:

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни олиб кирганлиги;

ички бозорда цемент маҳсулотларини чакана сотишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлиги учун жарималар қўллаш.

Мавзуга оид