Ўзбекистон | 20:51 / 24.07.2020
97901
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда туман ҳокими вафот этди

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Давлат Аяпбергенович Толибаев оламдан ўтган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда. 

Республикадаги туманлар ҳокимликлари матбуот хизматлари Давлат Толибоев вафоти муносабати билан туман халқига ва ҳокимлик жамоасига таъзия билдирган.

Даулет Толибаев 1983 йил туғилган, Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. Кўп йиллар ирригация соҳасида турли ташкилотларда, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. У 2019 йил мартидан буён Қонликўл тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётганди.

37 ёшда бўлган Давлат Толибоевнинг ўлими сабаби ҳозирча маълум эмас. Хабарларда у ҳам коронавирусдан зарарланган бўлгани айтилмоқда.

  • Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикасида шу вақтгача коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 324та ҳолат қайд этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасида икки ўлим қайд этилган, аммо бу ҳудудда коронавирус қурбонлари сони кўпроқ бўлиши мумкин.

2020 йил 8 июлда Нукус шаҳрида яшовчи 56 ёшли З.Д. ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани хабар қилинганди (бу 23 июль куни президент томонидан «Жасорат» медали берилган марҳум Жуманиёзова Зулфия Йўлдошевна бўлиши мумкин).

22 июль куни Нукус шаҳрида яшовчи 42 ёшли Б.Д. ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинди. У ҳам шифокор бўлган. 

ОАВда Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси директори Бахитбек Элмонов ва Қорақалпоғистоннинг собиқ прокурори Хакимбай Халимовнинг вафотига ҳам коронавирусдан зарарланиш сабаб бўлгани айтилган.
 

Мавзуга оид