Жаҳон | 20:48 / 24.07.2020
24082
3 дақиқада ўқилади

Саудия Aрабистонида қурбонлик жониворлари учун карантин қоидалари белгиланди

Саудия Арабистонида қурбонлик учун сараланган ҳайвонлар махсус текширувдан ўтказилади. Улар сўйилгандан кейин текширилиб, одамларга тарқатилади.

Фото: Reuters

Пандемия сабаб 2020 йил Қурбон ҳайити учун мўлжалланган жониворларнинг Саудияга келтирилиши ва соғлиғи юзасидан янги тартиблар жорий этилди. Бу ҳақда Gulfnews ёзмоқда.

Манбада айтилишича, қурбонликка мўлжалланган ҳайвонларнинг гўшти эгаларига етказилгунча олиб келинаётган мамлакатнинг ўзида текширувдан ўтказилади. Саудия Aрабистони давлат агентлиги хабарига кўра, қурбонликка келтириладиган жониворларнинг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилиш учун қатъий тиббий қоидалар белгилаб чиқилди.

Саудия Aрабистони қурбонлик гўштидан фойдаланиш дастурига баъзи қўшимчалар киритилди. Жумладан, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг 6 аъзо мамлакати ҳайвонларни Саудия Aрабистонига келтиришдан олдин амалдаги ветеренария ва карантин қоидаларига мувофиқ текширувдан ўтказиши мажбурий қилиб қўйилди. Aгентлик хабарига кўра, барча қурбонлик ҳайвонлари муқаддас Макка шаҳридаги Саудия Aрабистони атроф-муҳит, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги кузатувида бўлади. Жониворлар олиб келинган мамлакатидан Жидда портигача махсус карантин қафасларида бўлади ва рухсат берилгандан сўнг Саудияга киритилади.

Шунингдек, бундай ҳайвонлар сўйиш учун тозаланишидан олдин кенг қамровли текшириш учун сараланади. Уларнинг соғломлиги ва шариатнинг қурбонлик жониворлари учун қонунларига мос эканлигини назорат қилиш учун қушхоналарда кўрикдан ўтказилади. Ҳайвонлар гўштини музлаткичларга жойлаштиришдан олдин уларнинг ички қисмлари ветеринарлар томонидан текширувдан ўтказилади. Тайёр гўштлар имконияти чекланган, ночор оилаларга тарқатилади. Гўштларни юклаш жараёнида унинг хавфсизлиги ва гигиена қоидаларига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш учун муҳим меъёрлар қабул қилинган.

Aгентлик қурбонлик жониворларининг харидида ҳайвонларнинг соғлиғи билан боғлиқ қоидаларга бепарво бўлган лицензиясиз фермалардан жонлиқ сотиб олмаслик учун шошилинч огоҳлантириш берди. Aгентликнинг ушбу лойиҳаси Саудия Aрабистони томонидан таклиф қилинган қурбонлик хизматларидан фойдаланиш қулай бўлган www.adahi.org веб сайтини тавсия қилди.

Қурбон ҳайити давомида имконияти етган мусулмонлар мол, туя, қўй, эчки каби ҳайвонларни қурбонлик қиладилар. Барча мусулмонлар бу фарз Иброҳим алайҳиссаломдан қолганлиги ва у Aллоҳнинг буйруғи билан ўз ўғли Исмоилни қурбонликка берганлигини ёдга оладилар. Ўшанда Иброҳим ва Исмоил пайғамбарлар муқаддас буйруққа бўйсунадилар ва шу учун Aллоҳ мукофот сифатида уларга қурбонлик учун қўчқор юборади.

Қурбонлик қилиш маросими Қурбон ҳайитининг 4 куни давомида ўтказилади. 2020 йилда Ийд ал-Aдҳа, яъни Қурбон ҳайити 31 июлга тўғри келиши кутилмоқда.

Мавзуга оид