Жаҳон | 01:38 / 24.07.2020
33303
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон пойтахтида «президентнинг ўғли» эканини айтган Сорбон қўлга олинди

Фото: Тожикистон Ички ишлар вазирлиги

Тожикистон пойтахтида телефон орқали ўзини Душанбе мэри Рустам Имомали, баъзида унинг ёрдамчиси деб таништириб, турли шахсларни чув тушириб юрган шахс қўлга олинган. Сохта «мэр» охирги марта Душанбедаги университет деканларидан бирини чув туширган.

Марказий телевидениеда намойиш этилган махсус кўрсатувда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари мамлакат пойтахтида телефон орқали ўзини баъзан Душанбе шаҳар ҳокими, баъзан унинг жияни сифатида таништириб, одамларни алдаб юрган 25 ёшли Сорбон Ёқубовни ҳибсга олгани ҳақида хабар берилган.

Махсус кўрсатувда маълум қилинишича, Сорбон Ёқубов 2013 йил контракт тўлай олмагани учун ўқишдан ҳайдалган бу шахс 2017 йил сентябрь ойида илк марта Душанбе шаҳар ҳокими номидан фойдаланиб, қаллобликка қўл урган. Шундан сўнг у бу ишни касб қилиб олган. Юз кўринишидан таниб қолмасликлари учун у ўз «қурбонлари» билан асосан телефон орқали мулоқот қилган. 

Суриштирувларда маълум бўлишича, сохта «мэр» 2018 йилдан 2020 йил март ойигача биргина Педагогика университети декани Шариф Раҳмоновдан фирибгарлик йўли билан 186 минг сомоний (18 минг доллар) ва «Опел Астра» русумли автомашинани олган. Маълум бўлишича, у деканни Таълимни назорат қилиш давлат комиссиясига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган.

Бу Тожикистонда фирибгарлар президент ва унинг оила аъзоларининг исмини ўз мақсадлари учун фойдаланган биринчи ҳолат эмас. Жорий  йилнинг июнь ойида Душанбе шаҳрининг Фирдавсий туман суди ёш тожик актёри Беҳруз Саидни катта миқдордаги мулкка эга бўлиш учун товламачилик қилганликда айблаб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Беҳруз Саид икки нафар тадбиркорга ўзини Рустам Имомалининг ёрдамчиси сифатида таништиради ва улардан аслида бўлмаган «дўсти»дан олган 100 минг доллар қарзни зудлик билан қайтаришни талаб қилади.

2015 йилда Душанбе шаҳридаги халқаро мактабнинг 10-синф ўқувчиси худди шундай фирибгарлик учун ҳибсга олинган эди. У ўзини мамлакат президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли деб таништирган ва катта миқдорда пул ундирган. Ўзини Сомон Имомали (Тожикистон президентининг 1998 йилда туғилган шу исмли ўғли бор) деб атаган Хушдил Қурбонов фирибгарлик йўли билан катта миқдордаги пулларни ўзлаштиргани етмагандай, «президентнинг ўғли» сифатида амалдорларга ноқонуний буйруқлар бериб келганлиги аниқланган.

Маълумот учун, Тожикистон президентининг тўққиз фарзанди бор. Улардан етти нафари қиз (Фируза, Озода, Руҳшона, Тахмина, Парвина, Зарина, Фарзона) ва икки нафари ўғил (Рустам, Сомон).

Мавзуга оид