Ўзбекистон | 02:40 / 25.07.2020
77610
5 дақиқада ўқилади

Экспертлар COVID-19'ни енгил шаклда кечираётган беморлар учун энг зарур тавсияларни санаб ўтди

«Тез ёрдам» телевизион дастурида шифокорлар томонидан COVID-19`га чалинган беморларда касаллик енгил шаклдан оғир шаклга ўтишининг олдини олиш борасида тавсиялар берилди.

19 июлдан бошлаб жонли эфирга узатиб келинаётган «Тез ёрдам» лойиҳаси муаллифларидан бири, дастур бошловчиси Комил Алламжонов кўрсатувга таклиф этилган мутахассислар кўмагида коронавируснинг енгил шаклини бошдан кечираётган беморлар учун умумий тавсиялар рўйхатини тузиб чиқди.

Унга кўра, қуйидаги тоифа кишилар ўзларида коронавирус аломатларини сезса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишлари ва ўз саломатларига жиддий эътибор беришлари лозим:

  • қандли диабети бор кишилар;
  • аутоиммун касалликларга чалинган беморлар;
  • юрак-қон томир хасталиги бор кишилар;
  • ёши 55-60дан ошган инсонлар;
  • метаболик синдромга эга инсонлар.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, касалликнинг енгил ва ўрта оғир шаклларида нафас қисиши кузатилмайди, симптомлар фақат иситма, ҳолсизлик, томоқ ва мушаклар оғриғи, ҳид ва таъм сезгисининг йўқолиши билан чекланади. Бундай ҳолатда юқорида санаб ўтилган хавф гуруҳига кирмайдиган беморлар уйда даволанишлари мумкин.

Улар қуйидаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқ:

  • Кўп суюқлик истеъмол қилиш (кунига 3 литр);
  • D ва C витаминлари, микроэлементлардан эса рух (цинк) қабул қилиш;
  • ҳарорат 38дан юқори бўлганда иситма туширувчи дори (парацетамол) ичиш;
  • симптоматик чоралар: томоқни чайиш, бурун битганда фойда берувчи воситалар.

Мутахассисларнинг айтишича, касалликни енгил ва ўрта оғир шаклда бошдан кечираётган ва хавф гуруҳидан ташқаридаги беморлар уй шароитида турли дори-дармонлардан «капельница» олиш ва кучли таъсирга эга дорилар (антибиотиклар, иммуномодуляторлар ва ҳ.к.) қабул қилишдан ўзларини тийишлари лозим.

«Уй шароитида ҳеч қанақа «капельница» қилинмаслиги керак», – таъкидлади иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева.

«Қўшимча қилишни хоҳлардимки, ерқалампир (хрен) дамламаси, саримсоқ пиёз каби фойдали маҳсулотларни ҳам меъёрида истеъмол қилиш лозим. Уларнинг ортиқчаси ошқозон-ичак муаммоларига олиб келиши, бу эса бемор аҳволини оғирлаштириши мумкин», – деди Вирусология институти илмий ходими Раъно Қосимова.

Қайд этилишича, юқоридаги тавсияларга амал қилинган ҳолда коронавирус беморларининг асосий қисми – хавф гуруҳига кирмайдиган ва нисбатан соғлом ҳолда COVID-19`ни юқтириб олган беморлар катта эҳтимол билан бир неча кунда касалликни енгиб ўтишади.

Аммо мазкур тоифа беморлар кучли таъсирга эга ортиқча дориларни шифокор тавсиясисиз қабул қилса, бу аксинча уларнинг аҳволи оғирлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Дастур бошловчиси, аввалроқ коронавирусни юқтириб олиб уй шароитида даволанган Комил Алламжонов юқоридаги тавсиялардан келиб чиққан ҳолда мамлакат тиббиётидаги вазиятга тўхталди.

«Касалликнинг бирламчи симптомларини сезган ҳамюртларимиз тез ёрдамга мурожаат қилишяпти. Албатта, уларни ҳам тушунса бўлади. Аммо бунда тез ёрдамга юклама ҳаддан ортиқ ошиб кетади, шифохоналарда ҳақиқатан оғир аҳволдагилар учун жойлар муаммоси юзага келади. Ахир коронавирусдан кўплаб бошқа касалликлар ҳам бор ва бошқа касалликларга чалинганлар ҳам зарурат туғилганда ўз вақтида шифохонада даволаниши лозим.

Шунинг учун, COVID-19`га чалинган беморларнинг асосий қисми – касалликни енгил ва ўрта оғир шаклда бошдан кечираётганлар эҳтиёткорлик билан уйларида даволанишса, хасталикни оғир-босиқлик билан ўтказиб олишса, тез ёрдам хизмати ва шифохоналарга ҳам босим анча камайган бўларди.

Ана шунда тез ёрдам оғир аҳволдаги беморлар чақирувига ўз вақтида етиб бориши, шифохоналарда эса етарли жойлар бўлиши, коронавирусдан бошқа касаллик билан оғриганлар ҳам тиббий ёрдам олиши имконияти ортади.

Касалликни енгил шаклда ўтказаётганлар даволанишни нотўғри олиб бориши, юқорида айтиб ўтилган хатоларга йўл қўйиши тиббиёт тизимига юкламани ҳаддан ортиқ ошириб юборади. Ваҳоланки, уйда тўғри даволансак, турли дориларга ружу қўймасак, ўз иммунитетимиз касалликка қарши курашиб, ўртача 2 ҳафтада соғайишимиз эҳтимоли анча баланд.

Бизнинг ваҳимага тушишимиз вазият яна ҳам оғирлашишига олиб келади ва оқибатда эртага бошқа касалликларга чалинганлар шифохонага бора олмай, тиббий ёрдам ола олмай қолиши мумкин», – дея хулоса қилди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.

Мавзуга оид