Ўзбекистон | 21:29 / 25.07.2020
12361
2 дақиқада ўқилади

«Ўзэкспомарказ»да ўринлар сони деярли 2 баробарга кўпайтирилди

Якунланиб бораётган ҳафтада Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» тақсимот маркази сифатида жиҳозланиб, у ерга коронавирусга гумон қилинган фуқаролар жойлаштирила бошланди.

Ташкил этилганида 500 ўринга мўлжаллангани айтилган тақсимот марказидаги койкалар сони айни пайтда 928тага етказилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидан Kun.uz'га маълум қилишларича, айни пайтда павильонлардаги палаталар сони 466та, аппаратлар сони эса 931тани ташкил этмоқда.

Биргина 24 июлнинг ўзида, соат 08:00дан 20:00гача коронавирусга гумон қилинган 308 киши «Ўзэкспомарказ»га жойлаштирилган.

Коронавирусга топширган тести жавоби чиққунига қадар ушбу фуқароларга шу ерда биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Уларга ташхис қўйилгач, саломатлигининг ҳолатига қараб шаҳардаги даволаш-профилактика муассасаларига йўналтирилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги айни пайтда марказга тиббий ходимларни ишга қабул қилиш жараёни давом этаётганини маълум қилди.

Ҳозирга қадар 200дан зиёд ходим ишга қабул қилинган бўлиб, уларга кунлик иш ҳақи ҳар куни жойида бериб борилмоқда.

Иш 15 кунлик навбатчилик тартибида ташкил этилади ва бу вақт учун ходимларга қуйидаги миқдорда маош берилади:

  • врачларга – 15 млн (кунига 1 млн сўмдан);
  • ҳамшираларга – 10 млн (кунига 666,6 минг сўмдан);
  • кичик тиббиёт ходимларига – 5 млн (кунига 333,3 минг сўмдан);
  • кўнгиллиларга – 5 млн (кунига 333,3 минг сўмдан).

Иш вақти 12 соатдан иборат булиб, 8 соат иш, 4 соат дам олиш вақти кўзда тутилган. Тиббиёт ходимлари тиббий ҳимоя воситалари ва ётоқхона билан таъминланади, бепул овқатланиш ташкил этилган. Юқорида таъкидланганидек, иш ҳақи ҳар куни тўлаб борилади.

Мурожаат учун телефонлар: 71 210 02 02, 71 210 02 31

Ушбу рақамларга қўнғироқ қилиб тушиб бўлмаган ҳолатларда, талабгорлар ҳар куни соат 9:00дан 17:00гача бевосита «Ўзэкспомарказ»га борган ҳолда, учинчи павильондаги қабул бўлимига мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Зангиота туман ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ҳам тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш давом этмоқда.

Мавзуга оид