Ўзбекистон | 12:11 / 28.07.2020
17563
2 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш бўйича қабул қилинган аксарият ҳужжатлар қайта рўйхатдан ўтиш учун қайтарилмоқда - вазирлик

Ўқишни кўчириш (тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтишнинг сўнгги куни 2020 йил 5 август.

2020/2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш (тиклаш) истагини билдирган фуқаролардан аризалар (ҳужжатлар) онлайн қабул қилинмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, қабул қилинган аксарият ҳужжатлар қайта рўйхатдан ўтиш учун қайтарилмоқда.

Қайд этилишича, бу қуйидаги сабабларга кўра рўй беряпти:

паспорт нусхаси (доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйилган бети билан бирга) тўлиқ ёки сифатли юкланмаган (зеро ўқишни кўчириш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда талабанинг доимий яшаш манзили асословчи сабаблардан биридир);

ОТМда ўқиётганлик (ўқиганлик) тўғрисидаги белгиланган шаклдаги ҳужжат (академик маълумотнома ёки рейтинг дафтарчаси ёки транскрипт) нусхаси тўлиқ ёки сифатли юкланмаган;

ўқиган (ўқиётган) ОТМ ёки таълим йўналиши номи тўлиқ киритилмаган;

мавжуд бўлмаган ОТМ ёки таълим шакли ёки таълим йўналишига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтилган.

Ўқишини кўчириш (тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтаётган фуқаролардан юқоридаги ҳолатларни инобатга олишлари сўралган. 

Ўқишини кўчириш (тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтган аммо аризалари дастур орқали рад этилган фуқаролардан қайд этилган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этган ҳолда қайта рўйхатдан ўтишлари сўралган.

Шу билан бирга, рўйхатдан ўтган фуқаролардан ўзларининг шахсий кабинетларига кириб (рўйхатдан ўтишдаги логин ва парол орқали) аризаларининг кўриб чиқилиш ҳолатларини доимий кузатиб боришлари сўралади. 

Ўқишни кўчириш (тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтишнинг сўнгги куни 2020 йил 5 август.

Мавзуга оид