Ўзбекистон | 08:47 / 28.07.2020
6850
3 дақиқада ўқилади

Ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғчилиги таҳлил марказининг асосий вазифалари очиқланди

Ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар:

Манзарали ўсимликларнинг уруғликларини сертификатлаштириш ва стандартлаштириш тартиби тўғрисидаги низом;

Ўрмон хўжалиги экинларининг уруғликларини етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларни апробациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

Ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларининг генетик (нав) ва уруғ назоратини, лаборатория синовларини, сифати экспертиза қилинишини амалга оширишга доир қоидалар тасдиқланади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғчилиги таҳлил марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишида қатнашиш;

норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ намуналар танлаб олиш ва ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғлари ва кўчатларини идентификациялаш;

ўрмон хўжалиги экинларининг уруғликларини етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларни апробациядан ўтказишда иштирок этиш;

ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини, шу жумладан, нав ва экинбоплик сифатларини аниқлаш;

ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғликлари синовларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, шу жумладан, уруғликларининг генетик (нав) ва уруғ назоратини, лаборатория синовларини, сифати экспертиза қилинишини амалга ошириш;

ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғлари ва кўчатларини таҳлил қилиш, уларга таҳлил натижалари ва мувофиқлик сертификати бериш;

ўрмон ва доривор ўсимликлар, уларнинг уруғларини етиштириш, кўпайтириш ва реализация қилиш;

истиқболли ва ноёб ўрмон ва доривор ўсимликлар навларини районлаштириш, кўпайтириш ва истеъмолчиларга етказиш;

ўрмон хўжалигида уруғчилик бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар ва таҳлилларни амалга ошириш дастурларини ишлаб чиқиш, кадрлар малакасини оширишда ташкилотлараро ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш.

Марказ республикада кам бўлган ўрмон ва доривор ўсимликларнинг ноёб уруғлари ва ниҳолларини хорижий давлатлардан олиб келинишини ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига, шунингдек, бошқа истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб берилишини таъминлайди.

Мавзуга оид