Жамият | 18:12 / 28.07.2020
4186
3 дақиқада ўқилади

Сардобадаги тошқиндан жабрланганлар учун уюштирилган хайрияда йиғилган пулга 3та тез ёрдам машинаси харид қилинди

Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида юз берган фалокатдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун блогер Хушнудбек Худойбердиев бошчилигида уюштирилган хайрия акциясида 19 минг 949 доллар йиғилди. Бу маблағларга Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан зарар кўрган учта тумани учун биттадан Damas тез тиббий ёрдам машинаси харид қилинди. Бу ҳақда Хушнудбек Худойбердиевнинг ўзи Telegram’даги каналида маълум қилди.

Фото: Telegram / Хушнудбек Худойбердиев

Маълум қилинишича, GoFundMe платформасида ташкил қилинган хайрия акциясида, асосан, хориждаги ўзбеклар иштирок этган ва жами 294 киши эҳсонга ўз ҳиссасини қўшганди.

Йиғилган пулларга имкон қадар сув тошқинидан жабр кўрган учта туман фуқароларига ҳам бирдек фойдаси тегадиган умумий туҳфа қилишга қарор қилинган ва тез тиббий ёрдам машинаси олиб бериш варианти танланган.

Сирдарё вилоятида 28 июль куни Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманлари тиббиёт бирлашмаларига биттадан, жами учта Damas тез тиббий ёрдам машинаси топширилди.

Хушнудбек Худойбердиев туҳфа сифатида тез ёрдам машинаси танланишга қуйидаги омиллар сабаб бўлганини маълум қилган:

  • ҳозир инсонлар саломатлигини сақлаш энг муҳим масала;
  • узоқ йиллар тумандаги барча фуқароларга хизмат қилади;
  • талон-торож, таниш-билиш, ўзлаштириш ёки еб кетишнинг иложи йўқ;
  • бир неча йиллик фаолияти давомида тез ёрдам машиналари инсонлар саломатлиги учун хизмат қилса, эҳсон қилганлар шунча йил савобига шерик бўлиб туради.

«Умид қиламанки, ушбу тез ёрдам машиналари ҳеч бўлмаса, атиги 1 кишининг ҳаётини сақлаб қолса ҳам биз асосий мақсадимизга эришган бўламиз», дейди блогер.

У ушбу акцияда қатнашган ҳамда қўллаб-қувватлаб, ўз маслаҳатлари билан ёрдам берганларга чексиз миннатдорлигини билдиради.

Қўшимча қилинишича, йиғилган пул учта Damas сотиб олишга етмай қолган ва «Ўзавтосаноат» АЖ 28 миллион 720 минг сўм маблағни хайрия сифатида ўтказиб берган ҳамда машиналарни жуда тез фурсатда чиқаришга ёрдам кўрсатган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид