Жаҳон | 02:08 / 30.07.2020
50153
14 дақиқада ўқилади

Беларусда «вагнерчилар» қўлга олингани хабар қилинди. Бу ҳақда нималар маълум?

Минск яқинида Россиянинг 32 фуқароси қўлга олинди, Беларусь республика давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) раҳбари улар Россиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг ёлланма аскарлари экани ҳақида маълум қилди. Беларусь президенти Александр Лукашенко Москвадан бу борада изоҳ кутмоқда, ОАВ эса бу ҳолатни президентлик сайловларига боғламоқда.

 Фото: «Беларусь 1» / youtube.com

29 июль куни кундузи Беларусь нашрлари, хусусан, расмий давлат агентлиги бўлмиш БЕЛТА Минск тумани ҳудудида хусусий ҳарбий компания жангчилари бўлган ўттиздан ортиқ киши қўлга олингани ҳақида хабар берди. Кейинроқ нашр гап россияликларнинг «Вагнер» ХҲК жангчилари ҳақида кетаётганини ва уларнинг мақсади сайловлар вақтида вазиятни беқарорлаштириш эканини маълум қилди. Президент Александр Лукашенко эса буни «фавқулодда ҳодиса» деб атади ва Хавфсизлик кенгашини чақирди.

«Тунда Беларусь ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Минск яқинида Вагнер хусусий ҳарбий компаниясининг 32 жангарисини қўлга олишди. Бундан ташқари, мамлакат жанубида яна бир киши аниқланди ва қўлга олинди», дея ёзади БЕЛТА. Бу янгилик президентлик сайловларига 10 кун қолганда пайдо бўлмоқда.

Хабарда Тергов қўмитаси томонидан текширув ўтказилаётгани айтилган. Қўлга олинганлар «Вагнер» аъзолари экани ҳақидаги маълумотга ҳозирча асос келтирилмади. Агентлик қўлга олинганлар рўйхатини келтирган, уларнинг барчаси Россия фуқаролари.

Кун охирида президент Лукашенко вазият бўйича изоҳ берди ва кучишлатар тизим вакилларига воқеа юзасидан тушунтириш олиш учун Россиядаги тегишли тузилмаларга мурожаат қилишни топшириғини берди. Бунгача Тергов қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Беларус хавфсизлик кенгаши котибияти ҳамда Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) матбуот хизмати ҳодиса юзасидан изоҳ бермаганди.

«Спиртли ичимликлар истеъмол қилишмаган, кўнгилочар масканларга боришмаган»

БЕЛТА агентлиги талқинига кўра, махсус хизматлар мамлакатга «сайлов кампанияси даврида вазиятни беқарорлаштириш учун 200дан ортиқ жангари» келгани ҳақида маълумот олишган.

«Россияликлар юк билан юрган - уларнинг ҳар бирида учтадан катта оғир чамадонлар бўлган. Пойтахтга 24 июлдан 25 июлга ўтар кечаси келган гуруҳ Минскдаги меҳмонхонага жойлашган, улар аввалига бир кунга жой олишган, аммо 27 июлгача меҳмонхонада қолишган ва шундан кейин Минск районидаги санаторийлардан бирига кўчиб ўтишган», дейилади янгиликларда.

«Улар россиялик туристларга хос бўлмаган хулқ-атвор намойиш қилган ва милитари услубида кийиниб юрган. Спиртли ичимликлар истеъмол қилмаган, кўнгилочар масканларга бормаган, омма олдига беҳуда чиқишдан тийилган. Гумонланувчилар кичик гуруҳларга бўлиниб ҳудудни ўрганган ва санаторий атрофини айланган. Бугун тунда Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитасининг «А» гуруҳи ва ИИВнинг махсус бўлинмаси ОМОН гуруҳи ҳамкорлигида 32 кишини қўлга олди», дейилади хабар матнида.

«Беларусь 1» телеканалида меҳмонхонада қўлга олиш жараёни тасвирлари намойиш этилди, кадрларда россияликлар паспорти, валюта ва араб тилидаги варақаларни кўриш мумкин.

Россиянинг Минскдаги элчихонаси мамлакат фуқаролари қўлга олингани ҳақида расман огоҳлантирилган. Беларусь ТИВ Россия ва Украина элчиларини ушбу масалада вазирликка таклиф қилган.

«Қўлга олинганлардан сўроқ қилиш натижасида улардан 14 киши Донбассда бўлгани аниқланди. Шу туфайли Украина элчиси ҳам шу масалада таклиф этилди», деган хавфсизлик кенгаши давлат котиби Андрей Равков.

Лукашенконинг реакцияси
Кун охирида Лукашенко хавфсизлик кенгаши аъзолари иштирокида шошилинч мажлис чақирди. «Мен россияликларнинг реакциясини кузатдим. Улар ўзларини оқлашни бошлашди ва сал қолса уларни биз ўзимиз чақирганимиз ҳақида айтишмоқчи. Бу тушунарли, ўз нопок ниятларини қандайдир қилиб бўлмасин оқлаш керак. Шунинг учун, мен бу вазиятда барчадан очиқ ва виждонли бўлишни сўрайман», дея юзланди у КГБ раиси Валерий Вакульчикка.

«Агар булар Россия фуқаролари бўлса, демак, зудлик билан Россия Федерациясининг тегишли тузилмаларига мурожаат қилиш керак, улар нималар бўлаётганини изоҳлашсин», - дея қўшимча қилган Лукашенко.

Россияликларнинг қўлга олинишини у «фавқулодда воқеа» деб атаган.

«Тахминан соат 5:37да Минск яқинида Россия Федерациясининг 32 фуқароси қўлга олинди - улар ҳарбийлашган ташкилот бўлмиш Вагнер хусусий компанияси аъзоларидир», деди КГБ раиси. Лукашенко аниқлик киритиш учун «Бу чиндан ҳам ўша Вагнер компаниясими?», деб сўраганига жавобан Вакульчик тасдиқ ишорасини қилган.

Беларусь давлат чегара қўмитаси чегаралар қўриқланишини кучайтирган. 

Лукашенко ўз матбуот котиби Наталья Эйсмонтдан Россиядаги нашрларга ва телеграм-каналларга мурожаат қилишни ва улар «Путин айтганидек, бўрон қўзғамаслиги»ни таъминлашни тайинлаган. «Агар айбдор бўлишса, вазиятдан муносиб чиқиб кетиш керак. Айбдор эмасларми - яхши, биз ўзимизга энг яқин давлат билан муносабатларни ёмонлаштириш ниятида эмасмиз», деган у.

«Майданга келтиришмоқда»
24 июль куни Александр Лукашенко Марьино Горкадаги 5-махсус бригада қисмига сафари вақтида ҳозирги вақтда урушлар кўчадаги намойишлардан бошланиши, унга хусусий ҳарбий компаниялар «жалб қилиниши» ҳақида гапирган эди.

«Давлат котиби (Андрей Равков, Беларусь Хавфсизлик кенгашининг котиби) тўғри айтди, ҳозирги вақтда ҳар қандай урушлар кўчалардаги намойишлардан бошланяпти, кейин «Майдан»га айланмоқда. «Майдан»га агар ўзиники бўлмаса, четдан келтиришмоқда.

Улар профессионал ҳарбийлар, босмачилар, хусусий ҳарбий компанияларнинг аъзолари. Улардан дунё бўйлаб, у ёки бу давлатлардаги фитналарда иштирок эттириб, пул ишлаш мақсадида фойдаланишади», - деганди Лукашенко.

Россияликларнинг «Вагнер» ХҲК жангчилари кўп йиллардан буён Яқин Шарқ ва Африкадаги давлатларнинг ички низоларида иштирок этиб келмоқда. Россиялик ҳарбийлар Сурияда ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлайди, Украинада айирмачиларга кўмак кўрсатади, шунингдек, Ливияда ҳам Халифа Ҳафтар томонида уришади. Уларни «Вагнер» ХҲК ёллайди, бу ташкилот раҳбариятида асосан кучишлатар тизимларнинг собиқ вакиллари фаолият кўрсатади.

Минскка ҳарбий техникалар олиб кирилди
Минск атрофида, шунингдек пойтахт ҳудудида ҳарбийларнинг фаол ҳаракатлари кузатилган. Минскка ҳарбий хизматчилар колоннаси ва ҳарбий техника киритилган.

Кадр: NEXTA Live

NEXTA Live канали хабар қилишича, гувоҳлардан Минскка улкан колонналар ва ҳарбий машиналар киргани ҳақида ўнлаб хабарлар келиб тушган.

Қайд этилишича, машиналар рақамлари Витебск областиники бўлиб, бу ҳудудда ҳарбий-десант бригадаси жойлаштирилган. Улар Беларусь пойтахтидаги Маяковский кўчасида жойлашган 5448-ҳарбий қисмга йўл олгани айтилган.

Шунингдек, М1 трассасида ҳарбийлар палаткалар тиклагани айтилган.

Журналистлар ҳозирда мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб ички қўшинлар, десантчилар ва чегарачилар ҳаракатга тушгани ҳақида ёзишган.

«Минскдаги сувга ўлик каламуш ташлаш»
Татьяна Мельничук, BBC’нинг Минскдаги мухбири

Мамлакатдаги кучишлатар тузилмалар аввал ҳам Лукашенконинг огоҳлантириши ортидан унинг рақибларига қарши ҳаракатларни амалга оширишганди. Масалан, Лукашанко сайловолди пикети вақтида бир ёш милиционерни хафа қилишгани ҳақида гапирганидан бир неча кун ўтиб Сергей Тихановский ва унинг сафдошлари Гроднодаги сайловолди чиқишда юз берган воқеа сабабли «жамоат тартибини қўпол равишда бузувчи ҳаракатлар» тайёрлаганлик ва ташкил этганлик айби билан ҳибсга олинди.

2017 йил мартида «Ижтимоий текинхўрликнинг олдини олиш ҳақида»ги қонунга (текинхўрларни аниқлаш ва жазолаш кўзда тутилган қонун) қарши намойишлар авж олганида, Беларусь президенти Бобруйск ва Осиповичи яқинидаги машғулот лагерлари ҳақида гапирди - бир неча соат ўтиб аксари фаолияти тўхтаган ташкилотлардан бўлган мухолифат фаолларини ҳибсга олиш бошланди.

«Оқ легион иши» ҳам шундай юзага келганди - оммавий тартибсизликлар тайёрлаш ва ноқонуний қуролли гуруҳларда алоқадорликда айбланиб 30дан ортиқ киши қўлга олинган: тарихчилар, дизайнерлар, ҳарбий хизматчилар, тадбиркорлар, Чехияда рўйхатдан ўтган «Ёш фронт» ташкилоти фаоллари ва қачондир ёшлар ташкилоти бўлган «Оқ легион»нинг эндиликда улғайган фаоллари.

Расмий версияга кўра, бу иш Германияда яшайдиган қандайдир А. Беларусь элчихонасига қўнғироқ қилиб, тартибсизликларга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида айтганидан бошланган. Фуқаро А.ни ҳеч ким кўрмаган, гарчи бир неча давлатлардаги журналистлар уни излаб топишга уринишганди. Шунингдек, ўша кунларда КГБ ва телевидение томонидан айтилган хабарлардаги Украина билан чегарани бузиб ўтган қуролли жангарилар минган автомобиль излари ҳам топилмади. Украина томони ўшанда бундай бўлиши мумкин эмаслиги, украиналик чегарачилар бундай автомашинани қайд этишмаганини билдирганди.

Ундан аввалроқ, 2006 йилги сайловлар арафасида, КГБ каламуш мурдалари билан Минскдаги сувларни заҳарламоқчи бўлганини айтган шахсни намойиш этганди (экранда унинг юзи хиралаштирилиб, овози ўзгартириб кўрсатилганди).

2010 йилда эса, сайлов куни ўтказилган митинг куч билан тарқатилган, расмий матбуот эса Ҳукумат уйи майдонида ётган болталар ва музўяр болталар тасвирларини намойиш этганди.

Беларусдаги сайловлар
9 август куни мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилади. Кўп йиллардан буён илк марта сайловолди кампанияси кўплаб беларусларда қизиқиш уйғотган.

Бу лавозимга давогарлардан бири бўлган банкир, ОАВ ва экспертлар томонидан Лукашанконинг асосий рақиби сифатида қаралган Виктор Бабарико июнь ойида иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинганди. У раҳбарлик қилган «Белгазпромбанк» акцияларининг 99 фоизи Россиянинг «Газпром» компанияси қошида очилган «Газпромбанк»га тегишли ҳисобланади. Беларусь давлат назорати раҳбари Иван Тертелнинг таъкидлашича, бундай ноқонуний ҳаракатлар ортида «Газпром» қўғирчоқлари ёки эҳтимол ундан ҳам юқорироқда ўтирган раҳбарлар турибди. «Биз буларни таниймиз, катта хўжайинлар эса «Газпром»да, балки ундан ҳам юқорироқда бўлиши мумкин», - деганди у.

Шу кунларда Лукашенко унинг учун сайловлардан кўра мамлакатни сақлаб қолиш муҳимроқлигини айтганди. 

«Мени ҳаммасидан ҳам кўпроқ ташвишлантирадиган масала - ҳар қандай ҳолатда ҳам мамлакатимизда вазиятни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик. Бу сиз ва бизнинг биринчи галдаги вазифамиздир. Президент сайлови масаласи - иккинчи даражали масала. Энг биринчи, энг муҳим масала - мамлакатни сақлаб қолишдир», деганди Лукашенко Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари қисмига ташрифи вақтида. Ўша учрашувда у коронавирусга чалингани ва касалликни «оёқда юриб» ўтказгани ҳақида гапирганди.

Лукашенкога ҳарбий қисмга ташрифи давомида кўча намойишлари водомётлар орқали қандай тарқатилиши кўрсатиб берилганди. «Йигитлар ўз уйида эканини тушунишлари ва ҳеч кимга тепкилашга йўл қўймасликлари керак», деганди беларуслар президенти.

Беларус МСК президентликка 5 нафар номзодни рўйхатга олган, шу жумладан мамлакатни 25 йилдан буён бошқариб келаётган Лукашенкони ҳам. Президентликка номзодлар қаторида Светлана Тихановская ва унинг сафдошлари - Бабарико штабидан бўлган Мария Колесникова ва рўйхатдан ўтказилмаган Валерий Цепкалонинг рафиқаси Вероника Цепкало ҳам бор - улар кучларни бирлаштиришган. Цепкалонинг ўзи ўтган ҳафтада мамлакатни тарк этиб, Москвага жўнабкетганди. Унинг айтишича, ИИВ ва КГБдаги дўстлари уни ҳисобга олишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган.

«Сайловлардан кейин мамлакатга қайтмоқчиман. Бу натижаларга боғлиқ, агар Беларусда воқеалар қизиб кетса, 9 августдан олдин ҳам қайтишим мумкин», - деганди Цепкало tut.by учун интервьюсида.

Москванинг реакцияси
Кремль ҳозирча бу янгиликка муносабат билдирмади, Давлат думасида эса уларга айблов қўйилишига шубҳа билан қарашмоқда.

«Мен бу хабарларга ишонмаган бўлардим. Ишончим 99 фоизга комилки, бу ҳақиқат эмас», - деган Давлат думасининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Леонид Калашников.

«Мен ишонаманки, бу ҳақиқат эмас», деган Давлат думасининг мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Юрий Швиткин.

«За правду» («Ҳақиқат учун») партияси етакчиси, ёзувчи Захар Прилепин қўлга олинганлар орасида ДХРдаги батальонининг собиқ жангарилари ҳам борлигини айтди. «У ердагиларнинг икки ёки учтаси менинг батальонимда бўлишган. ХҲКларда ўнлаб эмас, юзлаб ёлланма жангчилар ишлашади ва ҳарбий зиддиятларда иштирок этишади», — деган Прилепин Ura.ru нашрига.

У бу жангарилар Минскка мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш учун келгани ҳақидаги талқинга шубҳа билан қараган. Унинг сўзларига кўра, улар Беларусдан дунёнинг бошқа нуқтасига йўл олмоқчи бўлишган.

«Айнан қаерга учмоқчи бўлишган, билмайман... Аммо якуний нуқта - Беларусь эмас. Менга маълум бўлишича, улар эртага ўз манзилларига жўнаб кетиши керак бўлган», - деган Прилепин «Интерфакс» нашрига.

Ҳарбий корреспондент Семён Пегов муаллифлигидаги WarGonzo телеграм-каналидаги маълумотга кўра ҳам, ҲХК жангчилари Беларусдан Африкага жўнаб кетишда дастлабки пункт сифатида фойдаланмоқчи бўлишган ва гўёки Беларусь ҳукумати ва махсус хизматлар бундан хабардор бўлишган. 

«Открытые медиа»нинг ёзишича, Минскда қўлга олинганларнинг бир қисми Астрахан областидан бўлиб, уларнинг номи Украинадаги «Миротворец» (Украина миллий хавфсизлиги, тинчлик, инсоният хавфсизлиги ва халқаро ҳуқуқ-тартиботга қарши жиноятлар белгиларини тадқиқ қилиш маркази) сайтида ҳам эълон қилинган.

Мавзуга оид