Иқтисодиёт | 23:29 / 31.07.2020
6539
2 дақиқада ўқилади

Apple яна дунёнинг энг қиммат компаниясига айланди

Apple яна дунёнинг энг қиммат компаниясига айланди. АҚШ компаниясининг капиталлашуви акциялари нархи ошиши ортида 1,77 трлн долларга етган. Компания бу кўрсаткич бўйича Саудия Арабистонининг бунгача дунёнинг энг қиммат компанияси бўлиб келаётган Saudi Aramco нефть компаниясидан ўзиб кетди.

Фото: AP

Охирги биржа савдолари маълумотларига кўра, Apple акциялари нархи 6,51 фоизга ошиб, бир донаси учун 409,81 долларга етган. Бу нархдан келиб чиқилса, компания капиталлашуви 1,77 трлн долларни ташкил қилмоқда. Saudi Aramco’нинг айни вақтдаги капиталлашуви эса тахминан 1,76 трлн долларни ташкил қилмоқда. 

Саудия Арабистони компанияси 2019 йил декабрда IPO ўтказгандан кейин деярли 2 трлн долларга баҳоланаётганди. Ўшанда Apple’нинг бозор нархи 1,2 трлн долларга баҳоланган. Бунинг натижасида Saudi Aramco дунёнинг энг қиммат компаниясига айланиб, Apple’ни 2-ўринга тушириб юборганди. 31 июлда эса АҚШ компанияси капиталлашуви бўйича биринчи марта араб компаниясидан ўзиб кетди.

31 июлга ўтар кечаси Apple бошқа бир қатор технологик компаниялар билан бирга 2019-2020 молиявий йилнинг 3-чораги бўйича молиявий ҳисоботни тақдим қилди. Унга кўра, компаниянинг апрель-июндаги соф даромади 2019 йилнинг шу давридагига нисбатан 18 фоизга ошиб, 16,3 млрд долларга етган, тушуми эса 11 фоизга ошиб, 59,7 млрд долларни ташкил қилган.

Apple 1976 йилда ташкил этилган бўлиб, планшетлар, компьютерлар, аудиоплеерлар, телефонлар, “ақлли” соатлар ва дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Saudi Aramco Саудия Арабистонининг миллий нефть компанияси бўлиб, 1933 йилда ташкил этилган. Компания подшоҳликдаги деярли бутун нефть соҳасини назорат қилади.

Мавзуга оид