Ўзбекистон | 07:47 / 31.07.2020
59170
3 дақиқада ўқилади

Биржа савдоларида цемент маҳсулоти нархи тушиб бормоқда

Жорий йилнинг июль ойи давомида 16 та ишлаб чиқарувчи томонидан биржа савдоларида жами 853,7 минг тонна цемент сотилган. Ушбу кўрсаткич июнь ойида 770,7 минг тоннани ташкил қилган (июль ойида 83 минг тонна кўпроқ).

Маҳсулотга мавсумий талабнинг юқорилигини инобатга олиб, июль ойида биржа савдоларига кунлик қўйилиш ҳажми ўртача 42 минг тоннага етказилди. Ушбу кўрсаткич июнь ойида 32–33 минг тоннани ташкил қилган эди.

Ўз навбатида ички бозорда цементга бўлган талабни қондириш ва нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 23 июлдаги «Цемент импорти тартибини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 450-сонли қарори қабул қилинди.

Натижада 21 июльдан бошлаб (энг юқори нарх 20 июль куни кузатилиб, 891,4 сўм бўлган) цементнинг ўртача нархи фақат тушиб борди ва 29 июль куни 761,8 сўмни ташкил қилди — 15 фоизга пасайиш.

Жорий йилнинг июль ойи давомида сотилган маҳсулотнинг 96,4 фоизи «Қизилқумцемент» АЖ, «Оҳангаронцемент» АЖ, «Бекободцемент» АЖ, «Қувасойцемент» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖнинг Жиззах ва Шеробод заводлари улушига тўғри келади.

Цемент маркалари бўйича эса энг кўп сотилиш ҳажми «Олмалиқ КМК» АЖнинг ПЦ II А-К (П-И) 32,5H маркасида кузатилган бўлиб, июль ойида 275,9 минг тонна сотилган.

Июль ойида цемент бўйича биржа савдолари харидорлар ва ҳудудлар кесимида ўрганилганида Самарқанд вилоятида жойлашган ташкилотлар харид қилиш бўйича пешқадам бўлиб, мазкур вилоятнинг 301 та ташкилоти томонидан жами 118,3 минг тонна маҳсулот харид қилинган. Ушбу ҳажм биржадаги умумий цемент бозорининг 14 фоизига тенг.

Республиканинг барча шаҳар ва туманларидан июль ойида жами 3 509 та ташкилот цемент харид қилган бўлиб, ушбу кўрсаткич июнь ойида 2 559 тани ташкил қилган (нисбатан +950).

Ўз навбатида туманлар (шаҳарлар) кесимида етакчиликни вилоят марказлари эгаллаган. Хусусан Самарқанд шаҳри 57,8 минг тонна, Наманган шаҳри 38,5 минг тонна ва Навоий шаҳри 31,0 минг тонна.

Мавзуга оид