Ўзбекистон | 19:08 / 01.08.2020
127431
8 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг ўпкага таъсири, чекувчилар ва қўлбола кислород баллонлари — пульмонолог билан суҳбат

Коронавирус–COVID19 пандемияси даврида касалликка қарши курашиш бўйича етакчи мутахассислар билан суҳбатларимизни давом эттирамиз. Бугунги меҳмонимиз – пульмонолог, тиббиёт фанлари доктори Дилором Раҳимова.

Фото: Getty Images

– Дилором Алимовна, коронавируснинг асосий ҳужуми ўпкага бўлаётгани, асоратлар ҳам шу сабабли туғилаётгани шубҳасиз. Умуман, бу вируснинг ўпкага таъсири ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Коронавирус бўйича экспертлар тавсиясига кўра, COVID-19'нинг ўпкани қанчалик зарарлагани компьютер томографияси орқали аниқланади. Таҳлиллар ўпка тўқималарининг бузилиш даражасини аниқ кўрсатади. Италиялик олимлар COVID-19'ни «томирлар ичидаги тарқалган коагуляция (тромбоз)» деб таъкидлайдилар. Шунингдек, бу касалликда қон қуюлади, қуюлган қон эса ўпкада кислород билан тўйина олмайди, деган фикрни билдирадилар. COVID-19'да юзага келадиган қон реологияси бузилиши, интоксикация туфайли юрак қон-томир тизими ва бошқа органларда тизимли ўзгаришлар кузатилишини текширувлар асосида тасдиқлайдилар.

COVID-19 бўйича экспертларнинг аниқлашича, коронавирусдан соғайиш даврида, касалликнинг оғир кечишидан сўнг фиброз ўзгаришлар ўпкада кузатилиб, ўпка фаолиятида нафас олиш функцияси тикланиб, ҳансираш ўтиб кетиши, жисмоний юкламаларни бемор яхши кўтара олиши касалланиш даражасига боғлиқ ҳолда кечади. Хасталик қай даражада тузалганини фақат функционал текширувлар, жумладан рентген орқали аниқ кўриш мумкин.

– Бугунги кундаги ўлим кўрсаткичларида COVID-19 тасдиқланган беморларгина қайд этиляпти, аммо пневмония киритилмаяпти. Сизнингча, пневмонияга чалиниш ва ундан ўлим ҳолатлари қай даражада ошган?

– Чиндан ҳам ўлимлар сони рўйхатига фақат касаллик тасдиқланган ҳолатлар киритилади ва бу тўғри. Хитой, Исроил ва АҚШ тадқиқотчиларининг фикрича, ўпка коронавирусдан зарарланганда унинг ҳолати пневмониядагидан фарқ қилади. Бунда ҳам фактни тасдиқлаш учун албатта беморлар коронавирусга қайта тест топшириши, компьютер томографияси орқали текширилиши лозим деб таъкидланади.

Экспертлар маълумотларида коронавирусга чалинганларнинг 80 фоизга яқини COVID-19 касаллигини енгил ўтказиши, аммо 5 фоиз бемор оғир касалланиб, улар махсус касалхоналарга жойлаштирилиб реаниматологлар ёрдами ҳам зарур бўлиши таҳлил этилган.

– Чекувчиларнинг COVID-19'га чалиниши касаллик кечишини қай даражада оғирлаштиради?

– COVID-19 – бу вирус, биринчи навбатда нафас аъзолари, ўпкани зарарлайди. Агар одам бу вирусни юқтириб олса, касалликнинг интоксикация аломатлари турлича кечади. Тадқиқотлардан маълумки, тамаки чекиш пневмония ёки гриппга чалинган инсонларда хасталикни кучайтиради.

Чекиш ўпканинг шиллиқ қаватини шикастлаб, респиратор клиренсни бузади, яъни патоген бактерия ва вирусларни нафас аъзоларидан кам миқдорда тозалаб чиқаради, натижада организм улардан қутула олмайди. Демак, чекувчилар коронавирус билан касалланса, ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, электрон сигарет чекувчиларда ҳам иммун тизими жуда сусаяди, вирус юққанда эса турли асоратлар кўпаяди.

Аниқланишича, COVID-19'га чалинган кўплаб чекувчи беморлар «ИВЛ» – сунъий нафас берувчи аппаратларга уланган тақдирда ҳам уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган. Шу сабабли, бу зарарли одатдан воз кечиш лозим.

– Уй шароитида кислород берувчи ускуналардан фойдаланиш бўйича қандай тавсиялар бера оласиз? Гарчи хавфли бўлса-да, барибир кўпчилик қўлбола баллонлардан ҳам фойдаланмоқда.

– Кислород концентратори мутлақо хавфсиз асбоб ҳисобланади. Унда кислород сиқилган ёки суюлтирилган ҳолда сақланмайди, балки кислород концентратор ишлаш жараёнида ажратиб чиқарилади. У инсон организми учун керак бўлган концентрациядаги кислород, ҳаво намлагич билан бирга нафас олиш имконини беради. Бу асбоб кислородли баллонларга нисбатан хавфсиз.

Қўлда ясалган кислород баллонлари эса нафас олиш билан боғлиқ бўлган органлар шиллиқ қавати ва бутун организмга зарар етказиши мумкин. Бемор нафас олаётган тоза кислород намлантирилган бўлиши лозим, намланмаган кислород нафас йўлларида қуруқлик ва қичишиш пайдо қилади. Ҳаво намлагич кислород концентратори комплектида албатта бўлиши зарур.

Атроф муҳитдаги ҳаво – бу турли газларнинг бирикувидан ҳосил бўлган аралашмадир, асосан азот ва кислороддан иборат. Ҳавода 78 фоиз азот ва 21 фоиз кислород бўлиши нормал ҳолат саналади. Кислород концентрацияси 7 фоизга тушиши инсон ўлимига олиб келади.

– Бугунги кунда касалликка қарши курашда иммунитетни ошириш жуда муҳим. Бунинг учун қандай осон тавсиялар берган бўлардингиз?

– Бу хасталик асосан юқори ва қуйи нафас олиш йўлларини зарарлайди. Иммунитети мустаҳкам бўлган инсонларда бу касалликка чалиниш хавфи жуда паст бўлади, чалинган тақдирда ҳам осон ўтказадилар.

Демак, иммунитетни мустаҳамлаш зарур. Қандай қилиб? Тўғри овқатланиш, бадантарбия ва нафас машқлари орқали.

Таомномада албатта оқсиллар бўлиши, таомлар хилма-хил ва таркибида минераллар, витаминлар, айниқса С витамини кўп бўлиши лозим.

Энг муҳим 9 маҳсулот:

1. Лимон. Лимонни блендерда майдалаб, бироз шакар қўшиб кун давомида уч марта бир чой қошиқчадан истеъмол қилинг.

2. Чаканда (облепиха). Фойдали хусусиятлари қуритилган меваларида ҳам сақланади. Ҳар куни чаканда мевасидан чой дамлаб ичинг.

3. Смородина. Мураббоси ҳам, музлатилгани ҳам бирдек фойдали. С витаминидан ташқари бу мевада А, В6, В12, кальций, калий, темир, магний и натрий бисёр.

4. Наъматак. Наъматак сиропи, меваларидан чой дамлаб ичиш жуда фойдали. Кечқурун термосга ўн дона наъматак меваси солинг ва устидан қайноқ сув қуйинг. Эртасига кун бўйи мазкур дамламадан ичиб юринг. Бу ичимлик иммунитетни кўтаради.

5. Тузланган карам. Тузланган карамга бироз зайтун мойи ва майда тўғралган бошпиёз қўшиб истеъмол қилинг.

6. Пиёз. Пиёз табиий антиботиклиги барчага маълум.

7. Саримсоқ. Шамоллаш ва вирусдан асрашдан ташқари, саримсоқ юрак қон-томири хасталиклари билан касалланган беморлар учун жуда фойдалидир. У қон босимини ва холестерин даражасини пасайтиради.

8. Творог. Уй шароитида тайёрланган творог айниқса ўта фойдали. Кунига 150 гр творогга смородина, чаканда ёки лимон қўшиб истеъмол қилиш организм учун кони фойдадир.

9. Тухум. Нонуштага битта тухум ейиш зарур. Унда А, В2, В5, В6, В9, В12, D, К, Н, РР витаминлари шунингдек, биотин, кальций, магний, рух, селен, мис, марганец темир — қайнатилган тухум таркибида ана шу фойдали витаминлар бўлади.

Турли озиқ–овқатларга аллергияси бўлган инсонлар гипоаллерген маҳсулотлардан фойдаланишлари касаллик профилактикаси учун муҳим ҳисобланади!

Бадантарбия учун энг осони – кўп юриш (3-5 км). Бунда «соғломлаштирувчи» юриш жуда катта самара беради. Юришнинг бир неча турлари бор:

1. Сайр қилиб юриш (оддий юриш).

2. Соғломлаштирувчи (бунга скандинавча, таёқ билан юриш ҳам киради).

3. Спортча юриш.

Нафас гимнастикаси. COVID-19 касаллигига чалинганларга шар шишириш мутлақо мумкин эмас. Енгил нафас олиш ва айниқса чиқариш асосида бажариладиган машқлар билан бошлаш лозим ва уларни бемор доимий бажариши лозим. Бунда кўкрак қафасида зўриқиш пайдо бўлмаслиги, сатурация тушиб кетмаслиги зарур.

COVID-19 касаллигининг ўткир даврида бемор қорин орқали нафас олиш усулларини ўрганиши керак бўлади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид