Ўзбекистон | 13:51 / 01.08.2020
93411
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Нукусга жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Нукус шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов хотирасига бағишланган таъзия маросимларида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этгани маълум бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, Нукус шаҳрида яшаган 73 ёшли Муса Ерниязов 24 июнь куни Covid-19 инфекцияси тасдиқланган ва академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига ётқизилган.

Унга Covid-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир, полиорган, ўткир жигар ва буйрак етишмовчиликлари, бош мия шиши, инсульт каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор бир неча йилдан буён қандли диабет, гипертония, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб юрган ва назоратда турган. Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Мавзуга оид