Ўзбекистон | 22:51 / 01.08.2020
17712
3 дақиқада ўқилади

Вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрлари карантин чекловлари ўрнатилган даврга мўлжаллангани маълум қилинди

Cанитария-эпидемиология хизмати бошқарма бошлиғи Рустам Икромовнинг таъкидлашича, вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрлари карантин чекловлари ўрнатилган даврга мўлжалланган. Ушбу қоидалар чекловлар бекор қилинган ойнинг охиригача амал қилади.

«Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам пандемия даврида фаолият юритаётган соҳалар мавжуд. Бу соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг коронавирус инфекциясини юқтириб олишдан сақлаш мақсадида бажарилиши шарт бўлган вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрлари ишлаб чиқилган ва улар Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган. Уларда ташкилотлар томонидан пандемия даврида ишни ташкил этиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги кўрсатиб ўтилган.

Вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрларида бир неча тадбирлар мажмуаси кўрсатиб ўтилган. Улардан бири ташкилий тадбирлар ҳисобланиб, унга кўра пандемия даврида фаолият кўрсатаётган ташкилотларга ташқаридан инфекцияни олиб кирмасликка қаратилган талаблар белгиланган. Жумладан, корхонага кириб келиш жойида ўзига хос эпид-барьерни ҳосил қилиш керак бўлади.

Ташқаридан кириб келаётган фуқаро ташкилот ходими ёки бегона шахс бўладими, ким бўлишидан қатъи назар, контактсиз ишлайдиган термометрлар орқали уларнинг иситмаси бор-йўқлиги текширилиши, қўлларига гигиеник ишлов берилиши, корхона ҳудудига кираётган барча одамларда тиббий ниқоб бўлиши мажбурий этиб белгиланган. Ташкилий тадбирлардан яна бири шундан иборатки, корхона ҳудудига ишчилар кираётганда уларнинг орасидаги ижтимоий масофа 2 метрдан кам бўлмаслиги шарт.

Шу билан бирга, ишлаб фаолияти тикланган ёки пандемия даврида ишлашига рухсат берилган корхона ва ташкилотларнинг ҳар бирига чиқариш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда алоҳида талаблар ҳам белгиланган. Бу талаблар ЖССТ тавсиялари ҳамда ривожланган давлатларда қўлланилаётган тартиблар асосида жорий этилмоқда.

Вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрлари карантин чекловлари ўрнатилган даврга мўлжалланган. Ушбу қоидалар чекловлар бекор қилинган ойнинг охиригача амал қилиши кўрсатиб ўтилган. Ушбу қоида ва меъёрларга бўйсуниш фуқаролардан ортиқча маблағни талаб қилмайди. Уларга амал қилиш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади», дея Рустам Икромовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, корхона ёки муассасада коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда иш берувчи томонидан коронавирусга чалинган ходимларни даволашга сарфланадиган барча харажатларни қоплаб берилиши кўзда тутилган. Бу норма вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрлари бузилгани ёки лозим даражада амал қилинмагани тасдиғини топгандагина қўлланилади.

Мавзуга оид