Crew Dragon экипажи Ерга муваффақиятли қайтди
SpaceX компаниясининг Crew Dragon фазовий кемаси NASA астронавтлари Дуглас Харли ва Роберт Бенкен билан Мексика кўрфазида муваффақиятли қўнди.
Қўниш ҳудудида бўлган GO Navigator қидирув-қутқарув кемаси фазовий кемани гидравлик кран ёрдамида ўз бортига олгач, унинг ичидан астронавтлар чиқариб олинади. Астронавтлар тиббий кўрикдан ўтказилгач, соҳилга етказилади.
Бундан аввал эса Crew Dragon Халқаро коинот станциясидан 1 августда ажралгач, Ерга қайтиш учун 19 соатли автоном парвозни амалга оширди.
Бу АҚШ фазовий кемасининг 1975 йилда “Аполлон” кемалари парвозлари дастури якунлангандан кейин 45 йил ичида биринчи марта сувга қўндирилиши бўлди.
Crew Dragon ХКСга 30 май куни биринчи марта фазогирлар билан бирга учирилганди. Бу хусусий компания амалга оширган тарихдаги илк бошқарилувчи фазовий парвоз бўлган. Шунингдек, АҚШ 2011 йилдан кейин биринчи марта шундай парвозни амалга оширган.
Синов тариқасида амалга оширилган парвоз давомида кема ХКСга астронавтлар Харли ва Бенкенни етказган. Улар россиялик фазогирлар Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер ҳамда юртдошлари Крис Кэссиди билан 2 ой давомида ХКСда иш олиб борган.
Crew Dragon’нинг ушбу парвози кеманинг NASA томонидан ХКСга мунтазам бошқарилувчи парвозларни амалга ошириши учун сертификатлаштириши олдидан охирги йирик синови бўлди. 2019 йил мартида кема коинот станциясига автоном режимда синов парвозини амалга оширган эди.
2011 йилдан бери NASA астронавтлари ХКСга Россиянинг “Союз” кемаларида етказиб келинади. АҚШ коинот агентлиги “Союз”даги ҳар бир ўрин учун мўмайгина пул тўлайди. Жумладан, май ойида NASA Роскосмос билан ХКСга октябрда учадиган “Союз” кемасидаги бир ўрин учун 90,2 млн доллар тўлашга келишиб олган.
NASA маълумотларига кўра, Crew Dragon кемасининг ХКСга кейинги парвози сентябрь охирида амалга оширилиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
23:52 / 26.11.2024
АҚШда клиник ўлимдан омон қолган эркак вақт ўтиб жиноятчига айланди
18:19 / 26.11.2024
Boeing АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларидан 2,4 млрд долларлик буюртма олди
18:06 / 26.11.2024
Трамп Мексика, Канада ва Хитой товарларига бож жорий этилишини эълон қилди
07:53 / 26.11.2024