Ўзбекистон | 22:36 / 03.08.2020
8560
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Хоразмда онлайн аукцион ғолибига у ютиб олган бино тўлиқ топширилди

Шу йил 1 август куни Kun.uz сайтида «Хоразмда ҳам фуқаро ўз мулкига эгалик қила олмаяпти. Онлайн аукцион ғолиблари нега йиллаб сарсон бўлмоқда?» номли мақола эълон қилинганди.

Унда хивалик фуқаро Эргаш Қулиевнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида онлайн аукцион орқали сотиб олган биносига 1 йилдан буён эгалик қила олмай келаётгани ҳақида сўз юритилган эди.

Шунингдек, мақолада бинони собиқ эгаларининг ноқонуний эгалигидан чиқариб, янги эгасига топширишда МИБ Хоразм вилоят бошқармаси ва Хива шаҳар бўлими ходимлари томонидан сансалорликка йўл қўйилаётгани танқид қилинганди.

Ушбу мақола эълон қилингандан сўнг, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов таҳририят билан боғланиб, ҳолат назоратга олингани ва тез фурсатларда бино аукцион ғолибига белгиланган топширилиб, ижро ҳаракатлари ниҳоясига етказилишини маълум қилди.

Ф.Тошпўлатовга кўра, МИБ Хива шаҳар бўлими ходимлари томонидан 2020 йил 23 июнда тамомланган ижро иши Бюронинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан қайта тикланган ва шунга асосан, шу йилнинг 3 август куни давлат ижрочилари томонидан қайта ижро ҳаракатлари тайинланган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида бино фуқаро Э.Қулиевга тилхат асосида топширилиб, суд ҳужжатининг ижроси амалда тўлиқ таъминланган.

Қарийб бир йиллик сарсон-саргардонликлари барҳам топган фуқаро Э.Кулиев муаммонинг ижобий ҳал бўлишига ҳисса қўшган Kun.uz сайти таҳририяти ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Мавзуга оид