Жаҳон | 00:46 / 04.08.2020
40938
8 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: ЖССТ «сеҳрли таёқча» пайдо бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирмоқда, круиз лайнерлар яна касаллик ўчоғи

Австралиянинг Мельбурн шаҳри коронавирус тарқалиши ортидан карантин чораларини кучайтирмоқда: у ерда дўконлар ёпиқ, фабрика ва заводлар ишлаб чиқаришни қисқартиряпти. Шу орада Манчестер ва унинг атрофидаги туманлардаги янги Covid-19 ҳолатлари сони ўсиши фавқулодда ҳолат деб тавсифланди.

Reuters

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, коронавирусга қарши орзиқиб кутилаётган вакцина ҳамма муаммоларни ҳал қиладиган меҳригиё бўлмаслиги мумкин. «Ҳозирги вақтда ҳеч қандай «сеҳрли таёқча» йўқ ва ҳеч қачон пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин», дейди ЖССТ директори Тедрос Аданом Гебрейесус.

3 август ҳолатига кўра дунёнинг барча мамлакатлари бўйича коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 18 миллиондан ошди. Жонс Ҳопкинс университети сайти маълумотига кўра, деярли 690 минг бемор вафот этган,

10,7 миллион бемор касалликдан соғайган. Сўнгги 24 соат ичида дунёда 228,7 мингта янги касалланиш ҳолати қайд этилди.

Зарарланиш сони бўйича ҳудудида 4,6 млн бемор рўйхатга олинган АҚШ етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринда - Бразилия (2,7 млн), Ҳиндистон (1,8 млн) ва Россия (854,6 минг) мос равишда учинчи ва тўртинчи ўринларда жойлашган.

Австралияда дўконларни ёпишяпти
Австралияда коронавирус авж олиши туфайли Виктория штати карантин чораларини қатъийлаштиришда давом этмоқда. Мельбурнда камида 6 ҳафта давомида дўконлар ёпиқ бўлади.

Мельбурнда касаллик авж олган / REUTERS

Фабрика ва заводларга ишлаб чиқариш ва ишчи ходимлар сонини қисқартириш талаби қўйилган. Штат бош вазири Дэниел Эндрюс чеклов 250 минг нафар ходимга алоқадор бўлиши ҳақида хабар берди. Супермаркетлар, озиқ-овқат дўконлари, дорихона ва банклар ишлашда давом этади.

Мельбурнда ҳозиргача амалда бўлган талабларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун оиладан фақат бир киши ва ҳафтада бир марта бориши мумкин. Дўкон уйдан 5 км радиус оралиғида бўлиши керак. Спорт билан шуғулланиш учун бир соатдан кўп бўлмаган вақтга уйни тарк этиш мумкин. Бош вазир аҳолидан бирданига 6 ҳафтага етадиган озиқ-овқат ғамламасликни, фақат ҳозирда зарур маҳсулотларни сотиб олишни сўраган.

Бундан ташқари, Мельбурнда кечки соат 8дан тонгги соат 5гача комендантлик соати амал қилади. 

Австралия ҳозирги кунга қадар инфекция тарқалишини самарали тарзда назоратга олганди, бироқ сўнгги бир ой ичида Мельбурнда вазият ёмонлаша бошлади. Мамлакатда қайд этилган 18,3 минг ҳолатнинг ярмидан кўпи Виктория штатига тўғри келмоқда. Австралияда Covid-19’дан шу вақтгача 215 киши вафот этди.

Манчестерда фавқулодда ҳолат

Манчестер ва унинг атрофидаги ҳудудлар ҳукумати коронавирусдан зарараланиш ҳолатлари ўсишини фавқулодда ҳолат сифатида баҳоламоқда. Аммо шаҳар маъмурияти бу эълон маҳаллий аҳолини хавотирга солмаслиги кераклигини айтмоқда, бу фақат барча давлат хизматлари инфекцияга қарши курашишга қўшимча ресурсларни жалб этиши учун зарур ҳисобланади.

Аввалроқ Катта Манчестер ва Ланкаширда, шунингдек, Ғарбий Йоркширда қатъий карантин чоралари қайтарилганди.

Биринчи навбатда қариялар уйларида экспресс-тестлар олинади REUTERS

Британия - Европада Covid-19’дан энг кўп жабр кўрган давлатлардан бири ҳисобланади. Шу вақтгача бу ерда 306 мингдан ортиқ киши вирусдан зарарланган, шундан 42,6 мингдан ортиқ киши вафот этган. Сўнгги икки ҳафтада инфекция тарқалиши секинлашганди, аммо мамлакатнинг айрим нуқталарида касаллик ўчоқлари пайдо бўлган.

Хусусан, Катта Манчестерда хавотирли вазият юзага келган: бу ерда Англияда касаллик энг кенг тарқалган 20 тумандан 7таси жойлашган.

Британия ҳукумати кейинги ҳафтадан коронавирусни аниқлаш учун экспресс-тестлар ўтказишни бошламоқчи, унинг натижалари бир ярим соатда аниқ бўлади. Биринчи навбатда қариялар уйларидагилардан таҳлил намуналари олинади, бу тест коронавирусдан зарарланишни бошқа мавсумий касалликдан фарқлай олади.

Ҳозирги вақтда тестларнинг 75 фоизининг натижаси бир кундан кейин чиқмоқда, 25 фоизининг натижасини эса икки кунгача кутишмоқда.

Расмийларнинг хабар қилишича, йил охиригача бир неча миллион тест ишлаб чиқилади.

Европа: мажбурий тестлар ва Лазур соҳилида мажбурий ниқоб
Германияда мамлакатга эпидемиологик вазият оғир бўлган ҳудудлардан келаётганлар коронавирусга тест топшириши мажбурий қилиб қўйилади. «Қарорнинг биринчи варианти тайёр. Биз барчасини ҳудудлар раҳбарлари билан мувофиқлаштириб олишимиз керак, чунки улар бу чораларни аэропортларда ва темир йўллар вокзалларида амалиётга татбиқ этишади», деган соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан.

Германияга вазият оғир бўлган давлатлардан келувчилар тест топшириши мажбурий / EPA

Германияда пандемия даврида коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор ҳисобланаётганди, аммо сўнгги пайтларда янги ҳолатлар тез ўса бошлади. Сўнгги бир кунда 509та янги ҳолат қайд этилган. Мамлакатда Covid-19’дан зарарланиш билан боғлиқ жами ҳолатлар сони 210 мингдан ошган, 9148 киши пандемия қурбони бўлган.

Франциянинг бир қанча шаҳарларида кўчаларда тиббий ниқобда юриш мажбурий бўлди. Бу ҳудудларда касаллик тарқалиши яна авж ола бошлаган.

Хусусан, бундай чоралар Ницца, Биаррица, Лилл ва бошқа бир қанча кичик шаҳарларда жорий этилган. 

Тахминларга кўра, мамлакатда касаллик авж олиши туристик ҳудудлар ва кўнгилочар масканларда карантин қоидаларига риоя этилмагани билан боғлиқ.

Круиз лайнерлар яна касаллик ўчоғи
Норвегиянинг «Руаль Амундсен» круиз лайнерида камида 40 киши вирусдан зарарланган. Бортда бўлган яна бир неча юз киши карантинда қолмоқда ва тест натижаларини кутмоқда.

«Руаль Амундсен» круиз лайнери Hurtigruten компаниясига тегишли / EPA

Норвегиянинг Hurtigruten компаниясига тегишли бўлган кема жума кунидан буён мамлакат шимолидаги Тромсё шаҳри портида турибди.

Компаниянинг барча круизлари тўхтатилган. «Ҳозир биз барча ресурсларимизни меҳмонларимиз ва ҳамкасбларимизга ёрдам учун йўналтирганмиз», дея баёнот берган Hurtigruten раҳбарияти.

Бундан ташқари, Тинч океанида сузаётган «Поль Гоген» лайнерида ҳам бир неча киши Covid-19’га чалингани маълум бўлди. Кема йўналишни ўзгартиришга мажбур бўлди - айни вақтда у Бора-Бора ороли ва Рангироа ороллари орасида ҳаракатланмоқда.

Йўловчилардан каюталардан чиқмаслик сўралган, лайнер Таити оролидаги портга қайтади, бу ерда бортдагиларнинг барчаси коронавирусга тест топширади.

Ушбу кема эгаси ҳисобланган Ponant компанияси фаолиятини бошлагач, кемада йўловчилар ва экипаж аъзолари касалликка чалинишининг олдини олиш учун зарур бўлган чоралар кўрилганини маълум қилганди.

Круиз саноати пандемиядан катта зарар кўрди / PA MEDIA

Пандемия бошида дунё океанларида бир неча круиз кемаларида касаллик тарқалиши туфайли минглаб кишилар икки ҳафталик карантинни каюталаридан чиқмасдан ўтказишига тўғри келганди.

Манилага карантин қайтди
Филиппинда яна қатъий карантин чоралари жорий этилди. Чекловлар пойтахт Манила ва унинг атрофидаги ҳудудлар учун амал қилади.

Мамлакат президенти Родриго Дутерте бу қарорни шифокорларнинг огоҳлантириши билан қабул қилганини маълум қилган - мамлакат соғлиқни сақлаш тизими касаллик авж олишда давом этса, барча беморларга ёрдам кўрсата олмай қолиши мумкин.

Эндиликда қатор компаниялар ва корхоналар фаолияти тўхтаган, жамоа транспорти ишламай туради. Карантин икки ҳафта учун жорий этилган. Ҳукумат шифохоналар учун қўшимча 10 минг тиббий ходим ёлламоқчи.

Изоляциядагилар учун GPS-трекер
11 августдан Сингапурда мажбурий изоляция буюрилган одамлар махсус қурилма воситасида кузатилади. Бу карантинни уйда ўтказиши керак бўлганлар учун.

Қурилма GPS-трекерлар ёрдамида одам қаердалигини кузатади. Сингапурда карантин қоидаларини бузганлар қаттиқ жазоланади - қурилмани ечиб ташлаганлар ёки карантин муддати даврида уйдан чиқиб кетганлар катта миқдорда жаримага тортилиши ёки ярим йилгача қамалиши мумкин.

Мавзуга оид