Ўзбекистон | 23:55 / 05.08.2020
25744
3 дақиқада ўқилади

«COVID-19да ‘капельница’ олманг!..» — блогер нотўғри даволаниши оқибатида оғир пневмонияни бошдан кечиргани ҳақида сўзлаб берди

Telegram`даги «На бегу» канали муаллифи Малик Каримов коронавирусга чалиниб, нотўғри даволаниши оқибатида пневмониянинг оғир шаклини бошдан кечиргани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Фото: pixabay.com

«Дўстлар, ҳаётимнинг сўнгги икки ҳафтаси мушкул дард билан курашда кечди. Мен бу ҳақида батафсил, катта бир пост ёзишни ҳам бошлагандим, лекин кўпчиликни огоҳлантириш, ҳаётларни сақлаб қолиш мумкинлиги сабабли бошимдан ўтказганларимни оралиқ постда ёзишга қарор қилдим. Чунки ҳар дақиқа, инсонлар умри ғанимат!

Дастлабки босқичда ўпка зарарланиши 20 фоизгача етганини билганимизда, илк кунларданоқ юртимизнинг етакчи пульмонологлари тавсияларига кўра муолажани бошладик.

Омадим кулган экан, аёлим ва иккинчи онам – врач, шу сабабли биз энг мушкул чақириқларга ҳам тайёр эдик. Менинг жисмоний ҳолатим, триатлон ва югуриш билан мунтазам шуғулланишим касалликни енгил шаклда ўтказишга ёрдам беришига чиндан амин эдим.

Аммо, кейин аниқ бўлишича, кўплаб врач ва мутахассислар касаллик ривожланиш механизмини ҳисобга олмай, коронавирусни нотўғри даволашга уринишар экан. Соғлиқни сақлаш вазирлигида бор маълумотларга қарамасдан, коронавирус пневмониясини даволаш ўрнига, улар бактериал пневмонияни даволашар экан!

Менинг муолажам капельница ва кўп миқдордаги антибиотиклардан иборат эди. Ва бундай даволаш усули мени яна ҳам боши берк кўча томонга етаклай бошлади – бундай муолажанинг 5-кунига келиб, ўпка шишиши ва зарарланиши 70 фоизга етди!

Фақатгина капельница ва антибиотикларни бекор қилган Иммунология институтининг етакчи иммунолог мутахассиси жараёнга фавқулодда қўшилиши ва тузатишлари шарофати билан менинг ҳолатим бир маромга келди. Доимий қон анализларига (СРБ, Д-димер, ЛДГ, интерлейкин, ОАК, ферритин) асосланиб, касаллик кечишини ўзгартириш ва даволанишга муваффақ бўлдик. Ҳозир ҳолатим анча яхши.

Энг муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман – коронавирус пневмониясини даволаш оддий пневмонияни даволашдан тубдан фарқ қилади, капельница қўйманг! Антибиотиклар эса фақат йўриқнома билан қабул қилиниши керак!» – деб ёзади блогер.

Малик Каримов унга ёрдам берган врачлар – Азиза Хўжаева, Дилдора Секлер ва Абдусалом Абдураҳмоновнинг билим ва малакасини эътироф этиб, улар томонидан йўлга қўйилган «Тез ёрдам» дастурини кўриб боришни тавсия қилган.

Эслатиб ўтамиз, «Тез ёрдам» дастури – Масс-медиа фонди томонидан бир қатор ОАВлар билан ҳамкорликда ташкил этилган кўрсатув бўлиб, у бегим кунлари соат 18:00да Milliy телеканалида эфирга узатилмоқда.

Кўрсатувда аҳоли учун COVID-19га оид шифокорлар тавсиялари билан биргаликда тиббиёт ходимлари учун ҳам эксперт маслаҳатлари бериб бориляпти.

Мавзуга оид