Спорт | 14:00 / 05.08.2020
3301
2 дақиқада ўқилади

Икер Касильяс футболчилик фаолиятини якунлади

Испаниялик дарвозабон Икер Касильяс футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилди

Испаниянинг «Реал» ва Португалиянинг «Порту» клуби собиқ дарвозабони Икер Касильяс «твиттер»даги саҳифаси орқали профессионал футболчилик фаолиятини якунлашини эълон қилди.

«Ўйлайманки, ўтган йиллар давомидаги футболчилик фаолиятимга фақат ҳавас билан қараш мумкин», - дея ёзади Икер.

Испаниялик 39 ёшли дарвозабоннинг фаолиятини якунлаши ҳақида 2019 йилнинг декабрь ойида хабар қилинган эди. Бунгача у «Порту» сафидаги машғулотлар пайтида юрак хуружини бошдан кечирганди. 

Жорий йил бошида Икер Касильяс Испания футбол федерацияси президентлиги учун сайловларда ўз номзодини қўйишини маълум қилган бўлса-да, якунда бу фикридан қайтганди. Маълумотларга кўра, Касильяс тез орада «Реал»га қайтиб, клуб президенти Флорентино Пересга маслаҳатчи сифатида иш бошлайди.

  • Касильяс футболчилик фаолиятининг асосий қисмини Мадриднинг «Реал» клубида ўтказган, 2015 йилда «Порту» сафига ўтганди.
  • Касильяс — футбол тарихидаги энг совриндор дарвозабонлардан бири ҳисобланади. Испания терма жамоаси билан у 2010 йилги жаҳон чемпионатида ҳамда икки марта Европа чемпионатида (2008 ва 2012 йиллар) ғолиб чиққан. «Реал» таркибида Касильяс уч марта Чемпионлар лигаси ғолиби ва 5 марта Испания чемпионати чемпиони бўлган. «Порту» билан эса икки бор Португалия чемпионига айланган.
  • Касильяс беш марта Халқаро футбол федерацияси тарихи ва статистикаси версияси бўйича жаҳоннинг энг яхши дарвозабони сифатида тан олинган. Бу рекорд: италиялик дарвозабон Жанлуиджи Буффонда ҳам шундай натижа.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид