Ўзбекистон | 20:18 / 06.08.2020
21586
4 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Миллий гвардия ходимига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида баёнот берди

Баёнотга кўра, Миллий гвардиянинг Хоразм вилояти бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи А.Р. дўстига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳужжатларини сохталаштиришда, қонунга зид равишда жиноят ишини тугатганликда айбланмоқда. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида яшовчи С.Рахимова ва бошқаларнинг Миллий гвардия собиқ ходими А.Рўзимовга нисбатан Хоразм вилоят прокуратураси томонидан асоссиз равишда жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинганлиги ҳақидаги видеоёзув ўрганилди.

Аниқланишича, Хоразм вилоят прокуратураси томонидан 2020 йил 16 мартда Янгибозор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳининг собиқ катта терговчиси Т.Б.га нисбатан жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорга била туриб сохта маълумотлар киритган ҳолда жиноят ишини ноқонуний равишда тугатганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, Т.Б. яқин дўсти, яъни Миллий гвардиянинг Хоразм вилояти бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи А.Р. ҳамда жиноят иши тугатилишидан манфаатдор бўлган Урганч шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Х.А.лар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, жиноят иши ҳужжатларини сохталаштириб, жиноят ишини тугатиш тўғрисида сохта маълумотлар киритилган ноқонуний қарорни расмийлаштирганлар», дейилади расмий баёнотда.

Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, Х.А. мазкур жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорга асосан янги очилган ҳолат сифатида Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига мурожаат қилиб, 2019 йил 20 декабрда судлов ҳайъатининг ушбу қарорга асосланган ажрими билан жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил 18 октябрдаги ўзига нисбатан чиқарилган ажрими бекор бўлишига сабабчи бўлиб, оқланган.

«Жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, 2020 йил 4 июнда Миллий гвардиянинг Хоразм вилояти бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи А.Р.нинг хизмат хонасида ўтказилган тинтувда А.Р. томонидан жиноят содир қилинганлигини тасдиқловчи ашёвий далиллар ва жиноят ишига алоқадор ҳужжатлар топилган.

2020 йил 3 июлда А.Р. ЖКнинг 209 ва 28, 2301-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2020 йил 4 июлдаги ажримига асосан унга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

2020 йил 9 июлда гумонланувчи А.Р.га нисбатан ЖКнинг 209, 227 ва 28, 2301-моддалари билан айб эълон қилинган. Жиноят ишида А.Р.нинг айби суд техник-криминалистик, суд-хатшунослик ва суд-филология (муаллифшунослик) экспертизаси хулосалари ҳамда тергов давомида тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган», дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Таъкидланишича, тергов давомида Янгибозор туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳининг собиқ катта терговчиси Т.Б. ҳамда Урганч шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Х.А.ларга Жиноят кодексининг тегишли 209, 227, 2301-моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажримлари билан тегишли эҳтиёт чоралари қўлланилган.  Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилаётганини билдирган, дейилади ахборотда.

Мавзуга оид