Жаҳон | 23:20 / 06.08.2020
79075
23 дақиқада ўқилади

Чегара билмас зулмкорлик: 75 йил аввал АҚШ Японияга атом бомбаси ташлаганди

Роппа-роса 75 йил аввал, 1945 йил 6 август инсоният тарихидаги энг даҳшатли воқеалардан бири содир бўлганди. Шу куни инсон биринчи ва ҳозиргача охирги марта худди ўзи каби инсонларни қириш, шаҳарларни вайрон қилиш учун ядро қуролидан фойдаланган. АҚШ ҳарбийлари Иккинчи жаҳон уруши якунида Япониянинг икки шаҳрига атом бомбаси ташлаганди. Инсоният учун юборилган навбатдаги синовли кунларда ўша машъум воқеани эслаймиз.

Ҳиросима ва Нагасакининг бомбаланиши инсоният тарихида ядро қуроли жанговар мақсадда қўлланган ягона ҳолат бўлиб қолмоқда.
АҚШ Қуролли кучлари ушбу қуролдан фойдаланиб, Иккинчи жаҳон урушига узил-кесил нуқта қўйганди. Фото: Reuters

Инсон пайдо бўлгандан бери турли даражадаги урушлар унга ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Дунё тарихида рўй берган катта-кичик урушларнинг барчаси турли сабаблар билан, аммо бир мақсад йўлида – бошқаларнинг ҳудуди ва бойликларини эгаллаш учун содир этилган. Ҳар ҳолда аксарияти шундай.

Қадимги дунё тарихида, ўрта асрларда дунё унча тараққий топмаган, фан-техника ривожланмаган, қитъалараро муносабатлар унчалик ривожланмаган даврлар эди. Шу туфайли ер юзининг қай бир бурчагида икки давлат ўртасида бўлиб ўтган урушларга бошқалар аралаша олмас, кўпинча урушаётган томонларга тарафкашлик қилувчилар бўлмасди. XIX-XX асрларда дунё жуда тараққий этди. Фан-техника инқилоби рўй берди. Бунинг натижасида одамзод сув остига тушди, космосга учди, юз қаватлик осмонўпар иморатлар қурди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ускуналар яратди. Аммо буларнинг барчаси инсониятни ўзаро урушишдан қайтара олмади. Ҳануз қайтара олмади. Ҳали дунёнинг у чеккасида, ҳали бу чеккасида урушлар бўлиб турибди.

Жаҳон тарихида даҳшатли урушлар кўп бўлган. Аммо XX асргача уларнинг бирортаси жаҳон даражасида бўлмаган. Айнан инсоният ақл-тафаккури энг камолотга етган асрда инсоният бир эмас, икки марта жаҳон урушини содир этди. Бу урушларда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлганидан ташқари, ер юзининг катта қисмида инсоният томонидан қийинчилик билан бунёд этилган шаҳар ва қишлоқлар, саноат корхоналари, инфратузилма объектлари ер билан яксон қилиниб, вайрон этилди.

Айниқса, 1939-1945 йиллар оралиғида бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушининг кўлами ниҳоятда катта бўлди. Бу урушда ўша пайтда ер юзининг 80 фоизига эгалик қилиб турган 73 мамлакат иштирок этади. Бу урушнинг энг кульминацион нуқтаси ўзи шундоқ ҳам енгилай деб турган Япониянинг иккита шаҳрига АҚШ ҳарбийлари томонидан атом бомбаси ташлангани бўлади. Бу даҳшатли иш оқибатида Ҳиросима ва Нагасаки шаҳарлари батамом вайрон бўлади. Аҳолисининг катта қисми ҳалок бўлади, тирик қолганлари эса радиация натижасида ногиронга айланади. Бугун ўша воқеага 75 йил бўлди.

Атом бомба тарихи

Бугун, тарихий фактлар дунёдаги илк атом бомбасини АҚШ олимлари яратганини тасдиқласа ҳам, аслида «оламшумул кучга эга бомба» яратиш ишларини биринчи бўлиб немис олимлари бошлагани ҳам айни ҳақиқат.

1945 йилнинг 16 июлида Нью-Мексико штатида Манхэттен лойиҳаси доирасида дунёда илк марта «Тринити» ядро қуроли синовдан ўтказилганди.
Муваффақиятли синов Япония шаҳарларига бомба ташлашга туртки бўлганди. Фото: Zuma/ТАСС

1939 йилда Германия армия бўлинмалари бошқармасида ядро физикасида ном қозонган таниқли олимлар Пауль Хартек, Ханс Вильгелм Гейгер, Вальтер Боте, Курт Дибнер, Карл-Фридрих фон Вайцзеккер ва Вернер Гейзенберг иштирокида маслаҳатлашув бўлиб ўтади. Унда атом бомбасини яратиш масаласи муҳокама қилинади. Муҳокамада атом бомбасини яратиш ишлари ниҳоятда қаттиқ сир тутилишига келишиб олинади. Аммо охир-оқибат немислар атом бомбасини ярата олишмайди.

Бунинг сабаби шундаки, Германияда атом бомбасини яратиш устида ишлар бошланган 1939 йилда бу давлат ўзиниг мукаммал армияси билан Европанинг турли давлатларини бирин-кетин босиб олаётган ва Гитлер зафар оғушида маст бўлиб юрган пайтлар эди. Ўшанда, ўзи шундоқ ҳам Европани осонгина забт этаётган Германия армиясига яна қандайдир янги қурол жуда ҳам зарур эмас, деган хулосага келинган.

Кейинчалик, Гитлер СССРга ҳужум қилиб, 1942 йилнинг кузига бориб немислар ортга чекина бошлаганда янги қурол яратишга кеч бўлган эди. Немислар СССРга бостириб кирганидан сўнг уларнинг ваҳшийликлари мисли кўрилмаган даражага чиқади. Айниқса, яҳудийларга нисбатан қилинаётган хунрезликларнинг чеки йўқ эди.

Ўша пайтда Германияда нафақат атом бомбаси яратиш устида ишлаётган олимлар, балки яна кўплаб бошқа соҳалар бўйича номи чиққан олимларнинг аксарияти яҳудийлар эди. Атом бомбаси яратаётган олимлар даҳшатли қурол яратилса бундан энг биринчи навбатда ўзининг миллатдоши бўлган яҳудийлар жабр чекишини инобатга олиши аниқ эди. Шу сабабли, атом бомбаси устида ишлаётган олимларнинг айримлари ишни тўхтатади ва немисларнинг жазосига йўлиқади. Айримлари эса хорижга қочишга муваффақ бўлади. Натижада Берлин забт этилиб Германия таслим бўлгунча бу мамлакатда атом бомбаси яратилмайди. «Улоқ»ни атом бомба яратиш устидаги ишларни немислардан бироз кейин бошлаган бўлса ҳам америкаликлар илиб кетишади.

АҚШда атом бомба яратиш «Манҳеттен режаси» деб номланган ва бу лойиҳага ўша пайтда мисли кўрилмаган даражадаги 2 миллиард доллар (бугунги курсда бу маблағ қарийб 22 миллиард долларга тенг бўлади) сарфланган. Тадқиқотларга физик олим Роберт Оппенгеймер ва Лесли Гровс бошчилик қилган.

АҚШда атом бомбасини яратиш устидаги ишлар президент Фланклин Рузвельт президентлик қилган йилларда бошланган бўлса ҳам бу қуролнинг яратилиши ва синовини кўриш унга насиб этмайди. 1945 йил 12 апрелда президент Рузвельт 63 ёшида вафот этади ва унинг ўрнига вице-президент Ҳарри Трумэн АҚШ раҳбари бўлади.

Иккинчи жаҳон урушида АҚШ ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар ўтказилмаган бўлса ҳам айнан Япония билан кечаётган урушда тезроқ енгиб чиқиш учун Трумэн атом бомбаси тезроқ яратилишини хоҳлар эди. 1945 йил 17 июлда СССР, Буюк Британия ва АҚШ раҳбари ўртасида Европанинг келажаги масаласида ўтказиладиган Подстам конференциясида Трумэн янги бомба билан Шарқий Европани тўлиқ эгаллаб олган ва у ерда социалистик режим ўрнатишни режа қилаётган Сталинга таъсир ўтказишни режа қилади. Конференцияга жўнаб кетар экан у Лесли Гровсига «яқин кунлар ичида хушхабар эшитиш ниятида эканлиги»ни билдиради.

1945 йил 16 июль куни Трумэн ўз делегацияси билан Подстамга бориб жойлашган куни АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги полигонда дунёдаги илк атом бомбаси синови муваффақиятли ўтказилади. Янги турдаги бомбанинг портлаш кучи 21 килотонна тротилга тенг бўлади. Синов муваффақиятли ўтгани ҳақида ўша заҳотиёқ Трумэнга хабар берилади.

Потсдам конференцияси давом этар экан, Трумэн унда гегемонликни қўлга олиш ва Сталинни «попугини бироз пасайтириш» мақсадида 24 июль куни бўлиб ўтган учрашувда СССР раҳбарига АҚШ дунёни ларзага солиши мумкин бўлган янги қурол яратганини айтади.

Кейинчалик Трумэн ўз эсдаликларида ёзишича, ўшанда Сталин унинг АҚШ даҳшатли қуролга бўлгани ҳақидаги гапларига эътибор бермаган. Ўша ерда улар билан бирга бўлган Буюк Британия бош вазири Черчилль эса ўз хотира китобида «Ўшанда Сталин Трумэннинг нима деганини яхши англаб етмаган эди. Мен эса АҚШ президентининг янги қурол ҳақидаги гапини яхши илғаб қолгандим. Орадан бир неча кун ўтиб Япониянинг иккита шаҳрига ўша бомбалардан ташланганида у қурол Трумэн Сталинга мақтанган қурол эканини билдик», деб ёзган эди.

Совет ёзувчиси Александр Чайковскийнинг «Ғалаба» сиёсий романида айнан Трумэннинг атом бомбаси яратилишини қанчалик илҳақлик билан кутгани, бомбадан Подстам конференциясида Сталинга таъсир ўтказиш учун фойдаланмоқчи бўлгани ҳақида батафсил ҳикоя қилинган. Тўғри, Чайковскийнинг романи ўз оти билан бадиий адабиёт маҳсули, аммо Трумэннинг атом бомбасини тезроқ яратилиши учун шошилгани ва ундан Подстам конференциясида Сталинга таъсир ўтказишда фойдаланмоқчи бўлгани тарихий ҳақиқат ва буни Трумэннинг ўзи ҳам, бошқа гувоҳлар ҳам тасдиқлаган.

Масалан, СССР делегацияси сафида Подстам конференциясида иштирок этган Маршал Жуков ўз хотираларида Трумэннинг Сталинга янги қурол ҳақида айтганларини ҳам эслайди. «Ўшанда, Сталин Трумэннинг барча гапларини диққат билан эшитган, уни нима ҳақда гапираётганини яхши англаб етган, аммо суҳбатдошига ўзини ўта эътиборсиздай, масалани яхши тушунмагандай кўрсатган эди», дейди у.

Ўз гапларига исбот сифатида Жуков Потсдам конференциясида Сталиннинг Трумэн билан учрашув тугаганданоқ ёнида ўтирган Молотовга «Курчатовни тезлатиш керак» дегани ва Москвага қайтган заҳоти ҳузурига машҳур олимни чақириб, ишлар қандай кетаётгани билан қизиққани ҳақида ёзган. Жуков ўз эсдаликларида ёзишича, Трумэн Подстамда Сталинга янги қурол ҳақида мақтаниб гапираётган пайтда СССР айғоқчилари америкаликлардан «янги қурол» лойиҳасини аллақачон ўғирлаб келиб бўлган ва Курчатов бошлиқ олимлар атом бомбаси яратиш устида ишлаётган эди.

Кейинчалик маълум бўлишича АҚШда совет разведкасига хизмат қиладиган айғоқчилардан бири Теодор Ҳолл (у коммунистик қарашлари туфайли СССР разведкаси билан 1944 йилдан ҳамкорлик қила бошлаган) Потсдам конференциясидан бир неча кун олдин америкаликлар атом бомбаси синовини қачон ўтказиши ҳақида Москвага хабар юборган экан. Шунинг учун ҳам, барчасидан хабардор Сталин Трумэннинг «янги қурол» ҳақидаги гапларини сир бой бермаслик учун «эътиборсизлик» билан эшитади.

АҚШда янги қурол синови муваффақиятли ўтказилгандан сўнг 1945 йил 25 июлда Трумэн уни Япониядаги шаҳарларга ташлаб, синовни узил-кесил якунлаш ҳақида махфий буйруқ беради. У синовни 3 август куни ўтказишни ва бомбани Ҳиросима, Кокура, Ниигата ёки Нагасаки шаҳарларидан иккитасига ташлаш ҳақида буйруқ беради. Об-ҳаво ноқулайлиги ёки бошқа сабаб билан бирида имконият бўлмаса, бомба иккинчи шаҳарга ташланиши режа қилингани учун Трумэннинг буйруғида бир неча шаҳар кўрсатилганди.

26 июль куни АҚШ, Буюк Британия ва Хитой ҳукумати вакиллари Японияни ҳеч қандай шартларсиз капитуляция қилиш ҳақидаги декларацияни имзолайди ҳамда Япония ҳукуматига сўзсиз таслим бўлиш талабини юборади. 27 июль куни эса ана шу талаб нусхаси кўпайтирилиб, Япония бўйлаб самолётлардан сочиб чиқилади.

28 июль куни Япония бош вазири Кантаро Сузуки иттифоқчилар томонидан юборилган Японияга сўзсиз таслим бўлиш талаби қўйилган декларацияни тан олмаслигини маълум қилади. Япония императори Хирохито бош вазирнинг қарорини қўллаб-қувватлайди ва 31 июль куни император муҳри бош муҳофизи Коити Кидога император ҳокимияти ҳар қандай вазиятда муносиб ҳимоя қилиниши лозимлигини айтади.

1945 йил 26 июль куни атом бомбалардан бири «Индианаполис» крейсерига юкланиб манзил сари жўнатилади. Крейсер атом бомбасини америкаликларнинг асосий базаси жойлашган Тинч океанидаги Тиниан оролига тушириб ортга қайтаётганда япон флоти томонидан ҳужумга учрайди ва чўктириб юборилади. Унда бўлган 1000 нафарга яқин денгиз-пиёда аскарларининг бир қисми чўкиб кетади, қолгани акулаларга ем бўлади.

Кейинчалик америкалик ҳарбийлар Хиросимага ташланадиган биринчи бомбага «Бу «Индианаполис» учун қасос» деб ёзиб қўйишган эди.

1945 йил 28 июль куни АҚШ бирлашган қуролли кучлари штаби бошлиғи Жорж Маршалл янги қуролдан Японияга қарши олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекади. Ўша куни иккинчи атом бомбаси ҳам Тиниан оролига келтирилади.

«Enola Gay» самолётига ном Пол Тиббетс томонидан онаси Энола Тиббетс шарафига қўйилганди.
Ҳозирда бу самолёт АҚШ авиация ва космонавтика миллий музейида сақланмоқда.
Фото: Reuters

1945 йил 6 август куни АҚШнинг B-29 (Enola Gay номли) бомбардимончи самолёти экипаж командири полковник Пол Тиббетс бошчилигида Япониянинг Ҳиросима шаҳрига Little Boy («Кичик бола») деб аталган атом бомбасини ташлайди. Бу бомбанинг кучи 13–18 килотонна тротил эквивалентига тенг эди.

1945 йил 6 августида B-29 русумли «Enola Gay» Ҳиросимага «Little Boy» деб аталган атом бомбасини ташлайди. Фото: AP/ТАСС

Орадан уч кун ўтиб, 1945 йил 9 август куни учувчи Чарльз Суини бошлиқ бўлган B-29 Bockscar бомбардимончи самолёти Fat Man («Бақалоқ») атом бомбасини Нагасаки шаҳрига ташлайди. Бу бомбанинг кучи 21 килотонна тротил эквивалентига тенг бўлган.

АҚШ ҳарбийлари томонидан иккита бомба билан иккита шаҳарнинг батамом вайрон этилгани хабарини олган Япония бош вазири Кантаро Сузуки ва Япония ташқи ишлар вазири Того Сигенори зудлик билан иттифоқчиларга Япония сўзсиз таслим бўлишга рози экани ҳақида хабар юборади.

Шу тариқа, 1945 йил 15 август куни Япония таслим бўлгани эълон қилинади ва шу билан Иккинчи жаҳон уруши бутунлай тугайди. Япониянинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги ҳужжатлар бироз кейинроқ, 1945 йил 2 сентябрда имзоланади.

Уруш тугагандан сўнг Япония мағлуб сифатида ғолибларга катта миқдорда товон пули тўлади. Мамлакат тинч ривожланишга ўтди. Ҳиросима ва Нагасаки ҳам қайта тикланди. Аммо бу икки шаҳарда юқори радиация таъсири сақланиб қолди ва унинг таъсирида аҳоли узоқ йиллар турли касалликлардан боши чиқмади.

Ҳиросимага бомба ташлаш тафсилотлари

Трумэн томонидан берилган буйруқда Япония шаҳарларига атом бомбасини 3 августда ташлашга кўрсатма берилган бўлсада, ҳаво булутли бўлгани учун биринчи бомба 6 август куни ташланади.

Ҳиросима денгиз сатҳидан бироз баландда, Ота дарёсининг икки соҳили бўйлаб жойлашган. Шаҳарда Япония армиясининг 5-дивизияси ва фельдмаршал Сюнроку Хати бошчилигидаги 2-асосий армия қўшинлари жойлашган эди. Ўшанда Ҳиросима Япония армияси учун мамлакат жанубидаги муҳим шаҳар эди.

509-авиация аралаш полки командири полковник Пол Тиббетс бошқарувидаги B-29 бомбардимончи самолёти Ҳиросимадан 2500 километр узоқда жойлашган Тиниан оролидан ҳавога кўтарилган эди. Уни Ҳиросимагача учта разведкачи, иккита назоратчи ва битта захира самолёти, жами олтита самолёт қўриқлаб боради. Илк атом бомбаси Ҳиросимага эмас, Кокура ёки Нагасаки шаҳарларидан бирига ташланиши ҳам мумкин эди. Бу иккита шаҳарга жўнатилган разведкачи самолётлар бу ҳудудлар осмони булутли эканини маълум қилади. Ҳиросимага учган разведкачи самолёт командири Майор Роберт Изерли шаҳар осмони очиқ экани ҳақида хабар беради. Шундан сўнг биринчи бомба ушбу шаҳарга ташланади.

Ўша куни эрталаб Япония радарлари мамлакат томонга қараб учиб келаётган бир нечта АҚШ самолётларини пайқайди. Ҳаво тревогаси эълон қилинади. Орадан бироз ўтиб, америкаликларнинг самолётлари учта экани аниқ бўлгач, ҳаво тревогаси бекор қилинади. Бу учта самолёт Ҳиросима, Кокура ва Нагасаки осмони ҳолатини билиш учун алоҳида учиб келаётган эди.

Ўшанда Япония ҳарбийлари ёқилғи тежаш мақсадида АҚШ самолётларига қарши самолёт учирмайди. Маҳаллий вақт билан соат 8да B-29 самолёти 9 километр баландликдан атом бомбасини Ҳиросимага ташлайди. Бомба ерга етмасдан 500 метр баландликда портлайди.

Бомба портлаши оқибатида ҳавода кучли овоз ва чақин содир бўлади ҳамда ундан ҳосил бўлган кучли иссиқ шамол ерга қараб йўналади. Оқибатда бутун Ҳиросима олов ичида қолади. Портлаш эпицентридан 2 километр радиусда бўлган одамлар ўша заҳоти куйиб кетади. Портлаш тўлқини эпицентрдан 19 километргача бўлган масофадаги ойналарни синдириб юборади. Портлаш пайтида унинг иссиғи етиб бормаган одамлар орадан бироз ўтиб ёнғинлар ва радиация тўлқини туфайли ҳалок бўлади.

Биринчи портлашдан кейин Ҳиросимани ёнғин қамрайди, 60 км/соат тезликдаги шамол туфайли шаҳар амалда ер юзидан супирилади. Фото: Reuters

Ўша пайтда Ҳиросимада 340 минг киши яшаган ва бомба портлаши оқибатида уларнинг 166 минг нафари ҳалок бўлгани манбаларда келтирилади. Яна бир манбада атом бомба ташланиши пайтида Ҳиросимада 245 минг нафар аҳоли бўлгани ва бомбардимонда улардан қарийб 200 минг нафари ҳалок бўлгани келтирилади.

Ҳиросимада 166 мингга яқин киши ҳалок бўлган. Фото: AP/ТАСС

Нагасакига бомба ташлаш тафсилотлари

Хиросимадан кичикроқ бўлган Нагасаки иккита кичик дарё водийсида жойлашган, шаҳарни кичик тоғ тизмаси иккига ажратиб туради. Ушбу шаҳар ҳам порт борлиги сабабли Япония ҳарбийлари учун муҳим нуқта саналган. Шунингдек, бу шаҳарда Япония армияси учун ҳарбий техникалар ишлаб чиқарган Mitsubishi заводлари жойлашган эди. Бундан ташқари, ўша пайтда бу шаҳарда ҳарбий кемалар ҳам ишлаб чиқарилган.

Нагасаки шаҳри атом бомбаси ташлангунча унча жиддий ҳужумга учрамаган ва вайрон бўлмаган эди. Шаҳарда урушгача 250 минг нафар, атом бомбаси ташланиши арафасида эса 200 минг нафар аҳоли бўлган. Портлашдан сўнг уларнинг ярми ҳалок бўлган. Америкалик ҳарбийларнинг режасига кўра Нагасакига атом бомбаси 11 августда ташланиши лозим эди. Аммо метеорологлар 10 августдан бошлаб бу шаҳар осмони булутли бўлишини маълум қилади. Шундан сўнг Нагасакига бомба ташлаш 9 август кунига режа қилинади.

Нагасакига атом бомбасини ташлаш Ҳиросимадаги билан бир хил тарзда амалга оширилади. Майор Чарльз Суини бошчилигидаги B-29 самолёти Тиниан оролидан ҳавога кўтарилади ва унга битта захира ва иккита разведкачи самолёт ҳамроҳлик қилди.

Бомба ортилган самолётдан бироз олдин ҳавога кўтарилган иккита разведкачи самолётлардан бири Кокурадан, яна бири Нагасакидан ҳаво очиқлиги ва бомбани ташлаш мумкинлиги ҳақида хабар жўнатади.

Режага кўра 11 август куни Кокура шаҳрига бомба ташланиши керак эди, Нагасаки захира варианти бўлган.
Об-ҳаво туфайли бомбалаш икки кун олдинга суртилган, аммо Кокурани сўнгги дақиқаларда осмон булутли экани қутқариб қолган. Фото: AP/ТАСС

Ўшанда бомба Нагасакига эмас, Кокура шаҳрига ташланиши ҳам мумкин эди. B-29 самолёти аввалига Кокура йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Йўлда бироз булутли ҳавога дуч келгач, ўз йўналишини ўзгартиради ва Нагасакига қараб учади.

B-29 самолёти маҳаллий вақт билан соат 10:56да Нагасаки осмонига етиб келганда шаҳар тепаси булут билан қопланган эди. Учувчи Чарльз Суини шаҳарни аниқроқ кўриш учун самолётни бироз пастлатади. Учувчиларга шаҳар стадиони кўринади. Шундан сўнг бомба ташлаб юборилади. Кейинги воқеалар Ҳиросимада қандай бўлса, бу ерда ҳам шундай содир бўлади.

Уч кун ўтиб 9 август куни «Бақалоқ» атом бомбаси Нагасакига ташланган. Фото: AP/ТАСС

Нагасакига ташланган бомба ҳам ердан 500 метр тепада портлайди. Портлашдан сўнг кучли овоз ва чақнаш билан цельсий бўйича минг даражадан ошадиган иссиқ тўлқин шаҳар бўйлаб ёпирилади. Портлаш эпицентридан 2000 метр радиусда бирор-бир тирик жон қолмайди, ҳаммаси куйиб кетади. Қолганлар эса шаҳарни қоплаган кучли ёнғин ва радиация туфайли ҳалок бўлади. Нагасакига ташланган бомбанинг портлаш кучи 21 килонтоннага етади.

Нагасакидаги қурбонлар сони 80 мингга яқин бўлади. Фото: Reuters

Ҳиросимада ҳам, Нагасакида ҳам уйлар асосан 1-2 қаватли, томи сопол билан ёпилган уйлар эди. Завод ва фабрикалар шаҳар ташқарисида бўлган. Портлаш натижасида содир бўлган ёнғин ҳар икки шаҳарни ҳам катта култепага айлантиради.

Инсоният қуролланишда давом этади

Инсоният шу пайтгача ҳеч бир фожиадан етарли хулоса чиқармаган ва ўрнак олмаган. Шу жумладан, Иккинчи жаҳон уруши ва Япониянинг икки шаҳрига атом бомба ташланишидан ҳам. Бунинг исботи, урушдан кейин ҳам ер юзида яна кўплаб йирик ҳарбий тўқнашувлар содир бўлиб ўтди. Айниқса, 1964-1975 йилларда АҚШнинг Вьетнамда ва 1979-1989 йилларда СССРнинг Афғонистонда, XXI асрда АҚШнинг Форс кўрфазида олиб борган зўравонлик урушини оқлайдиган ҳеч бир ҳужжат йўқ. Инсоният ҳатто янги асрда ҳам тинимсиз уришяпти. Энди, атом бомбасига келсак, кейинчалик яратилган ядро қуроллари олдида Ҳиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбалари ўйинчоқ бўлиб қолади.

Ўшандан буён АҚШдан сўнг яна ўнга яқин давлат ядро қуролларига эга бўлди. Улар томонидан ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб 90-йилларигача Ер юзида кўплаб ядро қуроли синовлари ўтказилди. Бугун ядро қуролига эга бўлган давлатларнинг бу қуролни синовдан ўтказиш ва унга эга бўлиш учун қилган умумий харажатларини ҳисобласа, нечадир юз миллиард доллардан ошиб кетади. Айниқса, минглаб ядро қуролларини ишлаб чиқариб сақлаётган АҚШ ва Россиянинг бу соҳада қилган ва қилаётган харажатларининг ҳисоби йўқ.

Жами ўтказилган ядро қуролларининг синовлари:

  1. АҚШ расмий 1054та, норасмий 1151та;
  2. Россия (СССР) 969та;
  3. Буюк Британия 45та;
  4. Франция 210та;
  5. Хитой 45та;
  6. Покистон 3-6та;
  7. Ҳиндистон 5-6та;
  8. Шимолий Корея 6та ядро қуроллари синовларини ўтказган.

Бугун дунё бўйлаб 14 мингга яқин ядро қуроллари бор. Давлатлар тақсимида олганда, уларнинг 80 фоизига иккита давлат – АҚШ ва Россия эгалик қилади.

  1. Россия, 6500та ядро қуроли бор, улардан 1570таси жанговар ҳолатда.
  2. АҚШ, 6185та ядро қуроли бор, улардан 1750таси жанговар ҳолатда.
  3. Буюк Британия, 200та ядро қуроли бор, 120таси жанговар ҳолатда.
  4. Франция, 300та ядро қуроли бор, 280таси жанговар ҳолатда.
  5. Хитой, 300та ядро қуроли бор, 290таси жанговар ҳолатда.
  6. Ҳиндистон, 140та ядро қуроли бор, 130таси жанговар ҳолатда.
  7. Покистон, 160та ядро қуроли бор, 150таси жаноговар ҳолатда.
  8. Исроиль, 90та ядро қуроли бор, 80таси жанговар ҳолатда.
  9. Шимолий Корея, 30та ядро қуроли бор, 20таси жанговар ҳолатда.

Бир пайтлар Японияга ташланган битта атом бомбаси бугунга қиёсан олганда кичик бир шаҳарни култепага айлантирган бўлса, бугунги кунда юқоридаги рўйхатда келтирилган давлатлардаги битта атом бомбаси улардан юз карра таъсирлироқ, вайронкорроқ қилиб ясалган. Ана ўшандай қуроллардан бугун ер юзида 14 мингга яқини бор. Бу эса ер юзидаги ҳар инсонда жиддий ташвиш уйғотиши лозим.

BBC WORLD SERVICE

Гарчи, инсоният Японияга ташланган атом бомбалардан етарлича хулоса чиқармаган бўлса ҳам, унинг оқибатларини унутгани йўқ. Ҳар йили 6 август куни Халқаро Ядро қуролларини тақиқлаш куни нишонланади ва японияликларга ҳамдардлик билдирилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид