Light | 19:34 / 06.08.2020
18129
5 дақиқада ўқилади

COVID-19 ва гўдаклар саломатлиги: кўкрак сути билан озиқлантиришга оид энг муҳим саволларга жавоблар

1-7 август бутун дунёда кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталиги ўтказилмоқда. «Кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаймиз ва сайёрани янада соғлом қиламиз» шиори остида ўтаётган ҳафталик ҳукуматларни кўкрак сути билан озиқлантириш бўйича маълумотлар билан аёлларни таъминлашга чақиришни назарда тутади.

ЮНИСЕФ мазкур ҳафталик муносабати билан пандемия шароитида чақалоқларни кўкрак сути билан озиқлантириш масалаларига оид энг кўп учраётган саволларга жавобларни эълон қилди.

COVID-19 кўкрак сути билан озиқлантирганда юқадими?

– Кўкрак сутида коронавирус аниқланмаган. Ҳозиргача COVID-19’нинг кўкрак сути орқали ёки кўкрак билан эмизганда юқиши ҳақида фактлар йўқ. Гўдакни кўкрак сути билан озиқлантиришни тўхтатишга ҳеч қандай асос мавжуд эмас.

Коронавирус пандемияси бўйича ҳолат яхши бўлмаган ҳудудларда оналар фарзандларини кўкрак орқали озиқлантириши мумкинми? 

– Ҳа. Ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий шароитда кўкрак сути билан озиқлантириш гўдакнинг яшовчанлигини оширади, унинг соғлиги ва ривожланиши учун узоқ муддатли фойда келтиради. Кўкрак сути билан озиқлантириш она саломатлиги учун ҳам фойдали.

Онада COVID-19 аниқланган бўлса ёки шунга шубҳа бўлса, болани эмизишда давом этиш мумкинми?

– Ҳа. CОVID-19’га шубҳа бўлган ёки тасдиқланган аёллар ўз истакларига кўра кўкрак сути билан озиқлантиришлари мумкин. Бунда уларга қуйидагилар тавсия қилинади:

  • қўлларни совун ва сув билан тез-тез ювиш ёки таркибида спирт бўлган антисептикдан фойдаланиш (айниқса, болага тегишдан олдин);
  • бола билан ҳар қандай контактга киришишдан аввал, жумладан, кўкрак сути билан озиқлантиришдан олдин тиббий юз ниқобини тақиш;
  • акса урганда ёки йўталганда юзни бир марталик салфетка билан ёпиш. Ишлатилган салфеткани дарҳол чиқиндига ташлаш ва қўлларни қайта ювиш;
  • она қўл теккизган юзаларни мунтазам равишда ювиш ва дезинфекция қилиш;
  • тиббий ниқобларни ҳар икки соатда ўзгартириш ва кейинчалик чиқинди идишига ташлаш муҳимдир. Юз ниқобининг олди қисмига тегиш ёки уни қайта ишлатиш мумкин эмас.

Коронавирус аниқланган ёки шубҳа қилинган она болани тиббий ниқобсиз эмизиши мумкинми?

– CОVID-19 аломатлари бўлган оналарга тиббий ниқоб кийиш тавсия этилади, аммо бунинг имконияти бўлмаса ҳам, кўкрак сути билан озиқлантиришни давом эттириш керак. Бундай ҳолда, оналар қўлларни ювиш, юзаларни дезинфекциялаш, аксирганда ёки йўталганда оғиз ва бурунни бир марталик салфетка билан ёпиш каби инфекцияларнинг олдини олишга қаратилган бошқа қоидаларга амал қилишлари зарур.

Ёш оналар имкон қадар тиббий ниқобдан (матоли ниқобдан эмас) фойдаланишлари мақсадга мувофиқ.

Онада коронавирус бўлса ва ўзини ёмон ҳис қилаётгани боис эмизишга ҳоли бўлмаса, қандай йўл тутиши керак?

– Aгар CОVID-19’ ёки бошқа ҳолатлар туфайли она фарзандини кўкрак сути билан озиқлантира олишига кўзи етмаса, гўдакни она сути билан таъминлашнинг хавфсиз, қулай ва мақбул усулини қўллаш керак.

Бунда она сутини соғиб олиб, сўрғичли идиш орқали болага бериш ёки донор она сутидан фойдаланиш мумкин. Aгар буларнинг иложи бўлмаса, болани кўкрак сути билан озиқлантираётган бошқа бир аёлни жалб қилиш ёки сифатига ишонч ҳосил қилинган сунъий озуқа қўшимчаларидан фойдаланиш мумкин.

Пандемия даврида ҳам туғруқдан кейин «терига тери» контактини бажариш, яъни туғилган чақалоқни онанинг кўксига қўйиш мумкинми? Агар онада коронавирус аниқланган бўлса-чи?

– Мумкин. Янги туғилган гўдакни онанинг кўксига қўйиш боланинг тана ҳарорати нормаллашувига сабаб бўлади ва унинг яшовчанлигини оширади. Шунингдек, «терига тери» контакт усули онанинг кўкрагига сут келишини осонлаштиради.

Қайд этиш лозимки, «терига тери» контакт усули ва болани кўкрак сути билан озиқлантиришнинг фойдалари коронавирус билан зарарланиш эҳтимоли билан солиштирганда анча юқоридир.

Коронавирус билан оғригани боис боласини вақтинча эмиза олмаганлар қачон яна кўкрак сути билан озиқлантиришда давом этиши мумкин?

– Она ўзини яхши ҳис қила бошлаши биланоқ кўкрак сути билан озиқлантиришни давом эттириши мумкин. CОVID-19’га шубҳа қилинган ёки коронавирус инфекцияси билан оғриган оналар эмизишдан вақтинчалик воз кечишлари керак бўлган аниқ вақт оралиғи мавжуд эмас.

Ҳозирда кўкрак сути билан боқишнинг CОVID-19 клиник ҳолатига таъсири ҳақида маълумотлар йўқ. Тиббиёт мутахассислари, кўкрак сути билан озиқлантириш бўйича маслаҳатчилар онага эмизишни қайта бошлаш масалаларида ёрдам беришлари лозим.

Мавзуга оид