Жаҳон | 23:18 / 07.08.2020
35865
6 дақиқада ўқилади

Байрут портлаши: фитна назариялари ижтимоий тармоқларда қандай тарқалди?

Ливан пойтахти Байрутдаги портлашдан сўнг бу ҳақдаги хабарлар тезда бутун дунёга ёйилди. Ушбу хабарлар билан бир қаторда, Байрут аҳолиси томонидан суратга олинган видеолар ҳам тарқалди. Видеолардан кейин эса портлаш сабаблари ҳақидаги миш-мишлар Twitter вa WhatsApp’даги гуруҳларда «урчий» бошлади. Хўш, бу миш-мишлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Қандай ёлғон маълумотлар тарқалиб улгурди?

Пиротехникадан тортиб то ядровий бомбагача

Байрутдаги портлашлар акс этган видеолар тарқатилиши асносида айтилган биринчи фикр портлаш пиротехника ишлаб чиқариш фабрикасида содир бўлгани ҳақидаги фаразлар билан боғлиқ эди. Бу ҳақда кўплаб твитлар ёзилди.

Пиротехника ишлаб чиқариш фабрикасида портлаш содир бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъво гарчи мантиқий кўринса-да, портлаш пайтида булут пайдо бўлгани туфайли воқеа ядровий бомба туфайли юзага келган, деган тахминлар ҳам ўртага чиқди.

Портлаш «атом бомбаси» туфайли рўй бергани даъво қилинган ва кейинчалик ўчириб ташланган бир твит 100 мингдан ортиқ аъзоси бўлган твиттер аккаунти томонидан оммага эълон қилинди ва минглаб ретвит ҳамда «лайк»ларга сабаб бўлди.

Қурол бўйича мутахассислар эса ядро қуроли натижасида портлаш юзага келадиган бўлса, кўр қилиб қўювчи бир оқ нур ва одам танасини куйдирувчи иссиқлик тўлқини пайдо бўлади, деб айтишди.

Бундан ташқари, қўзиқорин шаклидаги тутунлар ядро бомбаларига хос эмаслиги ҳам таъкидланди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай булутлар нам ҳавони сиқиб чиқариш натижасида ҳосил бўлиб, сувни зичлаштиради ва булут ҳосил қилади.

«Бомба ёки ракета ҳужуми»

Ядро бомбаси ҳақидаги баъзи асоссиз даъволарни илгари сурганларинг баъзилари эса АҚШ, Исроил ёки «Ҳизбуллоҳ»ни айбдор сифатида нишонга олди. Бу каби хабарлар ҳам бир неча нохолис сайтлар ва бир қанча жамоат арбоблари томонидан тарқатилди.

Стратегик мулоқот институтининг тадқиқотига кўра, ўнг қанот гуруҳлари томонидан қўллаб-қувватланган фитна назариялари Facebook, 4chan, Reddit ва Telegram каби хабар алмашиш дастурларида ҳам тарқатилган.

Ушбу хабарларда асосан Исроилнинг ҳужуми ёки Байрутдаги қурол сақлаш омборига «Ҳизбуллоҳ» томонидан ракета ҳужуми уюштирилгани сабабли портлаш юзага келгани ҳақидаги ёлғон даъволардан иборат эди.

Стратегик мулоқотлар институти мутахассиси Хлоя Колливер BBC’га «Биз портлаш ортида Исроил ёки бошқа давлатлар турганини илгари сурган ўнг қанот веб-сайтлари ва бошқа манбалар мавжудлигини кўрдик», деди.

Ливан ва Исроил расмийлари Исроилнинг бу ҳодисага алоқадорлиги хусусидаги айбловларни рад этишди.

Ўнгчи фитна назариётчилари, шу жумладан, АҚШ президенти Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳ томонидан ҳимоя қилинган Qanon (кенг қамровли фитна назарияси бўлиб, у бир қатор ўнг қанот экстремистлар ва ҳатто президент Трампнинг баъзи жамоат тарафдорлари орасида машҳурдир) тарафдорлари ҳам портлаш ҳақидаги ёлғон даъволарни Facebook’да бўлиша бошлади.

Ижтимоий тармоқлардаги баъзи хабарлар эса Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг БМТдаги нутқига асосланган ҳолда тарқатилди. Бу даъво Нетаньяхунинг БМТда Байрут харитасини қўлда тутган ҳолда нутқ қилгани билан боғлиқ эди.

Шу сабабли, баъзи ижтимоий медиа фойдаланувчилари бу ҳолатни «портлашда Исроилнинг қўли борлигининг далили» сифатида баҳолади.

Постларда Нетаньяхунинг сурати ўзгартирилмади, аммо контекст мазмуни йўққа чиқарилди.

2018 йилдаги нутқ жараёни акс этган мазкур суратда Нетаньяху Байрутда «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол яширганини иддао қилар экан, бошқа бир минтақага ишора қилмоқда.

Портлаш нуқтаси эса Нетаньяху томонидан «1-ҳудуд» деб кўрсатилган минтақадан бир неча километр шимолда жойлашган.

Трампнинг изоҳлари

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй матбуот анжуманида портлаш ҳақида фикр билдирар экан, «даҳшатли ҳужум» сўзларини қўллади. Бу эса ўз навбатида ушбу портлаш хуруж оқибатида юзага келган, деган миш-мишларни кучайтириб юборди.

Стратегик мулоқот институти томонидан ўтказилган тадқиқотда портлаш террорчилик ҳужуми ёки бомба туфайли юзага келган деган даъвонинг ортида ўнг гуруҳлар тургани маълум бўлди.

Телеграмда тарқатилган бир хабарда эса Трамп томонидан «даҳшатли бир террористик ҳужум» ибораси ишлатилгани иддао қилинди. Ваҳоланки, Трамп «даҳшатли ҳужум» сўзларини ишлатганди.

Стратегик мулоқот институти мутахассиси Хлоя Колливер Трамп билан боғлиқ ушбу даъволар ҳақида «Биз Трампнинг баёнотидаги «ҳужум» сўзи фитна назариётчилари ва уларнинг даъволарини 24 соат ичида нақадар кучайтириб юборганига гувоҳ бўлдик. Яъни танг вазиятларда нотўғри ифодаларни қўллаш ёки нотўғри алоқа қуриш қанчалар хавфли экани яна бир бор ўз исботини топди», деди.

Трампнинг ижтимоий тармоқлардаги ушбу шарҳларидан сўнг яна асоссиз айбловлар пайдо бўлди, чунки энди АҚШ ушбу «ҳужум»дан, аслида, аввалдан хабардор бўлган, деган фикрлар илгари сурила бошлади.

Шуни таъкидлаш жоизки, тезкор хабарлар интернетда ёлғон маълумотларнинг тарқалишига имкон яратиши мумкин. Шу боис ахборотни тарқатишдан олдин уни текшириш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Мавзуга оид