Ўзбекистон | 15:12 / 07.08.2020
28810
3 дақиқада ўқилади

Энди пулни иш изловчи эмас, иш берувчи тўлайди – хусусий бандлик агентликлари фаолиятида бир қатор ўзгаришлар кутилмоқда

Олий Мажлис Сенатининг 6-ялпи мажлисида сенаторлар «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни муҳокама қилишди. Мазкур қонун билан хусусий бандлик агентликлари фаолиятига бир қатор ўзгаришлар киритиш кутилмоқда.

Сенатор Эркин Гадоев ҳозирга қадар хусусий бандлик агентликлари томонидан йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича маълумот берди.

«Хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида» 2018 йилда қабул қилинган қонуннинг қўлланиши жараёнида агентликлар томонидан суиистеъмоллик ҳоллари кузатилди.

Хусусан, ҳозиргача 7123 нафар фуқарога 72 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказгани учун хусусий бандлик агентлиги раҳбарлари бўлган 10 кишига жиноят ишлари қўзғатилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида 103та хусусий бандлик агентлиги рўйхатдан ўтган бўлиб, шулардан 74таси лицензия олган. Улардан 21таси фаолиятини ташкил қила олмай, лицензиясини топширган. Қонунчиликни турли шаклда бузгани учун 11тасининг лицензияси бекор қилинган», деди сенатор.

Маълум қилинишича, қонунга қуйидаги ўзгариш ва қўшимчалар киритилади:

Ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчилардан ундирилади. Бунда тўлов иш қидирувчи иш билан таъминлангандан кейин амалга оширилади.

Иш билан таъминлаш бўича хизматлар амалга оширилмаган тақдирда агентликнинг мансабдор шахслари жавобгарликка тортилади.

Хусусий бандлик агентлиги фуқаролар билан шартнома тузишда ҳам ўзининг маълумотларини, ҳам Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотномаларини кўрсатиши шарт бўлади. Бу муаммо юзага келганда агентлик устидан вазирликка мурожаат қилиш имконини беради.

Иш қидирувчи ва хусусий бандлик агентлиги ўртасида тузилаётган шартномалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида онлайн вақт режимида кўриб борилади.

Республикадан ташқарида иш қидираётган фуқароларни ишга жойлаштириш кафолатларини ошириш мақсадида хусусий бандлик агентликларининг чет эллик иш берувчи, шериклар билан ҳамкорлик тўғрисида ёзма шаклда шартнома тузиши мажбурий бўлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хусусий бандлик агентлигининг молиявий хўжалик ишларига аралашмаган ҳолда уларнинг фаолиятини текшириб бориш ваколатига эга бўлади.

«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид