Жаҳон | 22:10 / 10.08.2020
12306
2 дақиқада ўқилади

Эрон уриб туширилган самолёт учун Украинага компенсация тўлашдан бош тортди

Теҳрон 30 июлда уриб туширилган Украина самолёти учун компенсация тўлашга рози бўлганди.

Фото: Picture Alliance

Эрон «Международние авиалинии Украини» компаниясининг уриб туширилган Boeing 737-800 самолёти учун компенсация тўлашни рад этди. Бу ҳақда мамлакат марказий суғурта компанияси бошлиғи Ғуломризо Сулаймоний маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

«Украина самолёти Украинада Европа компаниялари томонидан суғурта қилинган, Эрон компаниялари томонидан эмас. Шундай экан, компенсацияни ана шу компаниялари тўлаши шарт», — деди у.

Қайд этилишича, Сулаймоний йўловчиларнинг ҳалок бўлгани учун эмас, самолёт ҳалокати учун компенсацияни назарда тутган. 

Теҳрон 30 июлда уриб туширилган Украина самолёти учун компенсация тўлашга рози бўлганди. Ўшанда ҳалок бўлган украиналиклар учун товон тўлаш бўйича музокаралар давом этиши маълум қилинганди.

«Международние авиалинии Украини» компаниясининг Boeing 737-800 самолёти 8 январда Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилгач ҳалокатга учраганди. Ҳалокат оқибатида 176 киши, жумладан Эрон, Украина, Канада, Буюк Британия, Германия, Швеция ва Афғонистон фуқаролари ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Эрон самолёт англашилмовчилик туфайли уриб туширилганини тан олган.

Мавзуга оид