Жаҳон | 09:36 / 11.08.2020
20444
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Лукашенкога қарши санкциялар киритиш билан таҳдид қилинди

АҚШ сенатининг ташқи ишлар бўйича қўмитасида етакчи демократ бўлган Роберт Менендес Беларусда ўтган президент сайловларидаги овозларни қайта ҳисоблаш ёки янги сайловлар ўтказишга чақирди. Сенаторнинг мактубида таъкидланишича, акс ҳолда Беларусь президенти Александр Лукашенкога нисбатан санкциялар киритилиши мумкин.

Фото: REUTERS / Sergei Gapon/Pool

“АҚШ маъмурияти шуни аниқ айтиши керакки, давлатимиз ва Беларусь билан икки томонлама муносабатларда яқинда эришилган ютуқлар агар республика расмий идоралари халқаро демократик стандартлардан келиб чиқиб сайлов бюллетенларини аниқ ҳисобламагунча ёки сайловларни қайта ўтказмагунча, ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди”, деб айтилган Менендес баёнотида.

Унинг таъкидлашича, Беларусда “демократия устидан бу зўравонлик” тўхтамаса, АҚШ ва Европа давлатлари Лукашенко ва унинг сафдошларига қарши зудлик билан санкциялар киритиши лозим. Сенатор Беларусда ўтган президент сайловларини “фожиа ва сохталаштириш” деб атаган.

9 августда Беларусда президент сайловлари бўлиб ўтди. Республика марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, уларда амалдаги президент Лукашенко 80,23 фоиз овоз олган. Бу орада унинг бош рақиби Светлана Тихановская штабида сайлов комиссияси натижалари тан олинмаслиги ва барча сайлов участкаларидан олинган маълумотлар Тихановская 70-80 фоиз овоз олганини кўрсатаётгани айтилган.  

Беларуснинг бир қатор шаҳарларида сайловлардан кейин оммавий норозиликлар бошланган. Пойтахт Минскда намойишчилар баррикадалар ҳосил қилган. Милиция намойишчиларга қарши кўзни ёшлатувчи газ, сув пуркагичлар ва ёруғлик-шовқин гранаталари қўллаган ҳамда уларни шаҳар марказидан сиқиб чиқарган. Тўқнашувлар вақтида бир неча киши жабрланган.

Намойишлар 11 августга ўтар кечаси ҳам давом этган. Республика ички ишлар вазирлиги Минск пойтахтида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилган. 

Мавзуга оид