Ўзбекистон | 10:29 / 11.08.2020
32708
6 дақиқада ўқилади

«Чорвоқ»да чўмилиш ва катерда учиш ўтмишга айланиши мумкин. Муаммога тақиқдан бошқа ечим йўқми?

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Чорвоқ» сув омбори ҳавзасининг санитария муҳофазасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага чиқарди.

Фото: wikiway.com

Лойиҳада «Чорвоқ» сув омборида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланиш ҳамда пляжлар ташкил этиш, сув омборининг қирғоғи периметри бўйлаб аҳолининг чўмилишини тақиқлаш кўзда тутилган.

Лойиҳада бундай тақиқнинг жорий этилишига сабаб сифатида чиқиндилар ташланиши оқибатида сувнинг ифлосланаётгани, 2017 йилда 2 та скутернинг тўқнашиши оқибатида 2 нафар ва 2015 йилдан 2020 йилнинг июль ойига қадар 8 нафар фуқаро чўкиб вафот этгани келтирилган.

Ҳар бир инсон ҳаёти, албатта қадрли, аммо 6 йил ичида 8 нафар инсоннинг чўкиб кетганини сабаб қилиб кўрсатиб, аҳоли ва сайёҳлар ёзги мавсумда дам олиши мумкин бўлган бармоқ билан санарли объектлардан бирининг ёпилиши туризм, хусусан ички туризмни ривожлантириш ҳақида бонг урилаётган бугунги Ўзбекистон учун қанчалик тўғри келади?

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бунга қандай муносабатда бўларкан?

Лойиҳа эълон қилингач, жамоатчилик ушбу лойиҳани асосан танқидий кутиб олди, порталда лойиҳа остида қолдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам шундай далолат бермоқда. Ижтимоий тармоқларда блогерлар ҳам масалага эътибор қаратишмоқда. Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров шундай деб ёзди:

«Бу кетишда яқин орада электр энергиясини тақиқлашлари мумкин, чунки йилига қанчадир одам ток уриб ўлади. Автомашиналардан фойдаланишни тақиқлашлари мумкин, ахир йилига минглаб одамлар автоҳалокатлар қурбони бўлади».

Блогер ҳали лойиҳа босқичидаги қарор билан «Чорвоқ»да чўмилишни 1 августдан, яъни «задним числом» тақиқлашмоқчи эканига эътибор қаратган.

Келинг, юқоридаги мантиқдан келиб чиқиб, тақиқлаш керак бўлган яна бир қатор нарсаларни санаб ўтамиз.

Энг биринчи ўринда, аҳолига газ тарқатишни тақиқлаш керак, чунки йилига бир неча ўнлаб одамлар, ҳатто бутун бошли оилалар ис газидан заҳарланиб вафот этяпти.

Кўмирдан фойдаланишни ҳам тақиқлаш керак. Газ йўқлигидан қишда уйини кўмир билан иситмоқчи бўлганлар ҳам кўмир исидан вафот этаётган ҳолатлар мавжуд.

Пичоқлардан фойдаланишни ҳам тақиқлаш керак. Бозордагиларини тўмтоқлаштириб чиқиш унча фойда бермайди. Ҳар йили қанчадир одам пичоқланишдан оғир жароҳатлар оляпти, вафот этаётганлар ҳам талайгина.

Ётоқда ухлашни тақиқлаш керак. Марк Твен ўз ҳикоясида ёзганидек, ётоқ – бу энг хавфли жой. Зеро, сон-саноқсиз одамлар кечаси унда ухлаб, ўрнидан қайтиб турмайди.

Чимён курорт зонасини ҳам ёпиш керак, чанғи учиш жараёнида бир қанча одам кескин йиқилиб, вафот этиши мумкин. Михаил Шумахер ҳам чанғи учаётганида йиқилиб, комага тушиб қолган.

Тоғларда альпинистлик фаолиятини ҳам тақиқлаш керак. Ҳар йили қанчадир альпинист ҳалок бўлади, бедарак йўқолади.

Россияга автобусда боришни тақиқлаш керак. 2018 йил Ақтўбеда 52 нафар фуқаромиз автобус ёнғинида ҳалок бўлган...

Биз юқорида санаган нарсаларнинг ҳар биридан «Чорвоқ»да ҳалок бўлаётганлардан кўра анча кўпроқ одам ҳалок бўлади. Аммо улар тақиқланмайди. Чунки улар инсоннинг турли эҳтиёжларини ўзида ифодалайди. Лекин нега «Чорвоқ»да чўмилиш тақиқланиши керак? Ахир у ҳам инсоннинг дам олишдек узвий эҳтиёжларидан бирини ифодалайди-ку?

Сувга чиқинди ташлаш ҳақида гап кетса, корхоналарнинг сув ҳавзаларига тонналаб чиқинди оқизаётгани ҳисобга олиниб, нега ушбу корхоналар фаолияти тақиқлаб қўйилмайди?

Юртимизда қайсидир соҳада турли салбий оқибатлар келиб чиқа бошласа, оқибатларга олиб келаётган сабаблар билан курашиш ўрнига дарров муаммонинг осон ечими деган фикр билан тақиқлар ўрнатиш бошланади.

Ривожланган давлатларда тақиқларга энг охирги чора сифатида ёндашилади.

АҚШнинг Сан-Франциско шаҳридаги «Олтин дарвоза» («Golden Gate») кўприги дунё миқёсида инсонлар энг кўп ўз жонига қасд қиладиган объектлар орасида олдинги ўринларда туради.

Ҳар йили ўртача 30 нафар одам кўприкдан денгизга сакраб ўз жонига қасд қилади. Норасмий маълумотларга кўра, кўприк қуриб битказилган 1937 йилдан то ҳозиргача бу ерда 1200 га яқин суицид содир этилганига қарамай, америкаликлар ушбу кўприкни «ура-урачиликда» ёпиб, ундан фойдаланишни тақиқлаб қўйишмаган, балки суицидларни камайтириш учун кўприк четига суратда кўриб турганингиздек тўр ўрнатиб чиқишган ва бошқа бир қатор чоралар ҳам кўрилган.

«Чорвоқ» масаласида ҳам муаммоларнинг ечими тақиқлаш эмас, тизимли тарзда йўлга қўйилган чора-тадбирлар бўлиши керак.

Масалан, «Чорвоқ» сув омбори соҳилига чиқиндилар ташланиши ҳолатини олдини олиш устида бош қотириш керак. Бу борада жамоатчилик назорати ва чиқиндиларни тозалаш хизматидан фаол фойдаланиш ёки кузатув камералари ўрнатиб чиқиш ва чиқинди ташлайдиган дам олувчиларга жарима солиш билан мавжуд муаммони бартараф қилиш мумкин.

Ёки ўлим ҳолатларининг олдини олиш учун қутқарув хизматининг тезкор ишлашини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда ҳам кимдир чўкиб кетса, униси энди тақдирдан бўлади.

«Чорвоқ» сув омбори ҳудудида дам олишни тақиқлашнинг яна бир салбий оқибати – ушбу объект ёз мавсумида кўплаб фуқароларни қабул қилиб келганини ҳисобга олсак, агар у ёпиладиган бўлса, ёз мавсумида дам олувчиларнинг оқими бошқа кичикроқ объектларга йўналади ва ўша объектларда тиғизлик ва гавжумликни бир неча каррага ошириб юборади. Яна бир салбий оқибати – ушбу туристик объектда дам олувчиларга хизмат кўрсатадиган инсонларнинг тирикчилиги сўроқ остида қолади.

Умид қиламизки, ушбу масалага шошма-шошарлик билан ёндашилмайди ва лойиҳа қабул қилинишидан келиб чиқадиган салбий оқибатлар ҳақида пухта хулоса қилинади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид