Жамият | 18:48 / 11.08.2020
6048
1 дақиқада ўқилади

Норин дарёси узра кўприк битгунга қадар аҳоли учун вақтинча кўприк кўтарилди

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Наманган вилоятининг Уйчи ҳамда Норин туманлари орасидаги дарё ўзани узра муваққат кўприк қуришга киришди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Фарғона ҳалқа йўлининг 93-километрида жойлашган «Нориндарё» кўпригида жорий йил 24 апрелда дарз кетиш аломатлари сабаб ҳаракатлар тўхтатилганди. Мазкур кўприк 1962 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, қарийб 60 йилга яқин вақт давомида халққа хизмат қилиб келган. Бугунги кунда минглаб фуқаролар ишга, ўқишга, бозорга ҳамда ўзларининг бошқа эҳтиёжлари йўлида дарёни қайиқ орқали кесиб ўтиб ўтмоқда.

Мудофаа вазирлиги кўприк битгунга қадар аҳолига қулайлик яратиш, узоғини яқин қилиш мақсадида вақтинчалик кўприк қуришга киришди.

Айни вақтда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Муҳандислик қўшинлари хизматининг бир гуруҳ мутахассислари махсус техникалар ёрдамида кўприкни қуриш ишларини амалга оширмоқда. Дарё узра қад кўтараётган кўприк узунлиги 40 метрни, эни эса 3,8 метрни ташкил этмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид