Ўзбекистон | 18:06 / 11.08.2020
125578
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон карантинни юмшатиш арафасида. Қайси чекловлар сақлаб қолиниши, қайсилари бекор қилиниши керак?

Шу кунларда карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш масаласи Ўзбекистон кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлиб турибди. Бу ҳақда Сенатнинг 7 августдаги ялпи мажлисида, 10 август куни эса президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йиғилишда ҳам таъкидлаб ўтилган эди.

Айни кунларда Ўзбекистонда карантинни юмшатиш доирасидаги тайёргарлик ишлари кетмоқда.  Гарчи тез тиббий ёрдам ва даволаш сифати яхшилангани натижасида сўнгги бир ҳафтада мамлакат бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи ошгани қайд этилган бўлса-да, барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва тиббий ускуналар сонини бир неча баробар кўпайтириш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. Бу эса коронавирус билан боғлиқ хавф ва хавотирлар ҳали ҳам мавжудлигини, эндиликда барча дунё мамлакатлари каби пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз, шу билан бир қаторда, ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғи учун максимал даражада хавфсизлик чораларини кўришимиз лозимлигини англатади.

Тан олиш керак, пандемия шароити соғлиқни сақлаш органлари ва эпидемия жараёнига масъул бўлганларнинг зиммасига улкан жавобгарлик юкламоқда. Шу маънода, карантин чораларини юмшатиш жуда нозик ва масъулиятли масала. Чунки бу билан боғлиқ қарорлар ортида ўттиз тўрт миллиондан ортиқ аҳолининг, яъни сиз-у биз – барчамизнинг тақдиримиз турибди. Бу эса ҳазилакам гап эмас. Қолаверса, айрим мамлакатлар карантинни юмшатиш бўйича нотўғри пайтда нотўғри қарорлар қабул қилгани боис эпидемиянинг аввалгидан-да кучлироқ зарбасига учради.

Шу ўринда савол туғилади: хўш, карантин талабларини қандай юмшатган маъқул? Бу жараёнда халқ ва ҳукумат зиммасига тушадиган вазифалар нималардан иборат бўлади? Қуйида шу масалалар бўйича айрим шахсий мулоҳаза ва таклифлар баён этилади.

Маълумки, вирус тарқалишини бошқаришнинг муҳим усули бу эпидемик чўққини кечиктириш ва заифлаштириш, бошқача қилиб айтганда, эпидемик эгри чизиқни текислашдир. Шу тарзда, соғлиқни сақлаш тизими ҳаддан ташқари юклама остида қолишининг олди олинади ва эмлаш ёки даволашни ривожлантириш учун вақт тежалади. Шуни унутмаслик лозимки, агар жамият чора-тадбирлардан чарчаса ва улардан эрта воз кечса, вирусга чалиниш ҳолатлари янада кўпаяди, натижада соғлиқни сақлаш тизими ҳамма учун етарли бўлмаган даражада блокланади. Шу боис чора-тадбирларни юмшатиш сиёсати ва бошқаруви мамлакатдаги мавжуд эпидемиологик мезонларга мувофиқ бўлиши ва талаблар юмшатилгандан кейин ҳам аҳоли томонидан белгиланган чекловларга амал қилиниши жуда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда дунё олимлари томонидан бир фикр якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда: Covid-19 доирасида қабул қилинган чоралар (ниқоб тақиш, қўлни тоза тутиш, ижтимоий масофа) эпидемиянинг шиддатини сезиларли камайтириши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда ва мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, Ўзбекистонда карантин чораларини қуйидагича юмшатилиши тарафдориман. Хусусан,

I. Қуйидаги чекловлар сақлаб қолиниши мақсадга мувофиқ:

1. Ниқоб тақиш – барча жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий бўлиши, бу бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилиши, шунингдек, ниқоб тақмаган ёки ниқобини тўғри (оғиз ва бурунни ёпадиган шаклда) тақмаган фуқароларни тегишли тартибда жаримага тортиш амалиёти қатъий ва тизимли тарзда давом эттирилиши лозим. Шу билан бир қаторда, жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ниқобларнинг сотувдаги нархини янада арзонлаштириш, ниқоб ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ва уларга кўпроқ имтиёзлар берилиши лозим. Яъни ҳар ким моддий аҳволи чатоқлиги туфайли бир ниқобни кунлаб тақиб юришга мажбур бўлмасин, уни тез-тез алмаштириб туриш имконига эга бўлсин. Чунки ниқоб тақиш айни пайтда бутун дунёда вирус юқтириш ва юқтириб олиш эҳтимолини камайтирувчи энг асосий воситалардан бири бўлиб турибди ва бу восита эпидемия шароитида ҳали-бери ўз актуаллигини йўқотмайди.  

2. Ижтимоий масофа сақлаш – энг камида 2 метр. Ушбу талаб ҳам коронавирус доирасида кўрилган чора-тадбирлар қисман ёки тўлиқ бекор қилинган мамлакатларнинг деярли барчасида сақлаб қолинди. Шу боис ҳам жамоат транспортлари, дўкон, ресторан, умумий овқатланиш каби жойларда умумий сиғим ҳажмининг ярмидан кўп шаклида одам олинишига йўл қўйилмаслиги лозим. Бу бўйича тўлиқ масъулият ёпиқ майдонларда хизмат кўрсатувчи субъектларнинг ўзига юкланиши ва тегишли тартибда назорат  ўрнатилиши лозим.  

Шунингдек, йиғилиш ва мажлислар ўтказилишига тамоман чек қўйилиши, зарурат туғилганда эса уларни масофавий тарзда ташкил этиш лозим. Бу тартибга бўйсунмаган ва инсонларнинг вирус юқтириб олиш хавфи ортишига сабаб бўлган раҳбарлар тегишли тартибда жазоланиши шарт.   

3. Қўл дезинфекцияси – барча жамоат жойлари, давлат ва нодавлат ташкилотларида, шунингдек, жамоат транспортлари (метро, автобус, таксилар)да, автобус бекатларида қўлни дезинфекциялаш воситалари ўрнатилиши лозим. Яъни жамоат транспортидан фойдаланган ҳар бир одам қўлини дезинфекциялаш имконига эга бўлсин.

4. Маърака маросимлари ва тўйларни 30 кишидан ошмайдиган ҳолда ўтказиш тартиби сақлаб қолиниши лозим. Ўтган гал чекловлар юмшатилиши ортидан ушбу рақамлар 30дан ортган ҳоллар ҳам кузатилди. Бунинг исботи сифатида эса ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган бир қанча видеоларни кўрсатиш мумкин. Айниқса, маҳалла тизимида фаолият юритувчи масъуллардан бу борада ҳушёрликни ошириш талаб этилади.   

5. Оммавий тадбирлар ташкил қилмаслик ва спорт мусобақаларини мухлисларсиз ўтказиш тартибини ҳам давом эттириш керак.  

6. Мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, олий ўқув юртлари масофавий таълимни давом эттиргани маъқул. Чунки болалар ва ёшлар орасида вирус билан боғлиқ вазиятни тушунмаслик, жиддий қабул қилмаслик ёки белгиланган чекловларни қасддан бузиш ҳолатлари кузатилиши, бу эса вируснинг тез тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Қолаверса, дунёнинг жуда кўплаб мамлакатлари август-сентябрь ойидан эътиборан бошланувчи янги ўқув йилини масофавий тарзда ташкил этишни режалаштиряпти ёки мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда масала ечимига оид турли версияларни кўриб чиқмоқда. Хусусан, Туркияда бу бўйича ота-оналар, ўқувчилар, ўқитувчилар ўртасида турли сўровномалар ўтказилмоқда ва қуйидаги сценарийлар кўриб чиқилмоқда:

А) Чекловсиз таълим. Ушбу сценарийга кўра, мактаблар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ очилиши кутилмоқда;
B) Онлайн таълим. Мазкур сценарий ўқишни тўлиқ интернет орқали давом эттиришни кўзда тутади;
C) «Эритилган» таълим. Ушбу сценарий бўйича, мактаблар маълум кунларда очилади, шу билан бирга, синфдаги ўқувчилар кичик гуруҳларга бўлинади ва улар турли кунларда мактабга боришади, дарс соатлари ҳам камаяди. Баъзи дарслар эса интернет орқали олиб борилади;
D) Хавфли минтақаларда таълим. Вирусга чалиниш ҳолатлари кўп бўлган ва эпидемия хавфи юқори вилоятларда таълимда чеклов ўрнатилади, бошқа вилоятларда эса чекловсиз таълим берилади

7. Кўнгилочар масканлар, концерт заллари ва сузиш ҳавзалари фаолияти эпидемиологик вазият тўлиқ изга тушгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим. Чунки эпидемия шароитида, инсон саломатлиги жиддий хавф остида турган бир вазиятда ушбу фаолият турларига бўлган ижтимоий эҳтиёжни қондириш бирламчи аҳамият касб этадиган даражада эмас.

8. Эпидемиологик вазият изга тушгунга қадар 65 ва ундан катта ёшдаги одамлар, шунингдек, сурункали касалликлари бўлганларнинг жамоат жойларида ҳаракатини чеклаш лозим. Бу, аввало, мазкур тоифага мансуб яқинларимизнинг соғлиғи учун зарур, қолаверса, юқори об-ҳаво шароити ҳам кекса ёшдаги ва сурункали касалликка чалинган инсонлар соғлиғига жиддий хавф туғдириши сир эмас. 

II. Қуйидаги чекловлар юмшатилиши мақсадга мувофиқ:

1. Савдо дўконлари, умумий овқатланиш ва дам олиш масканлари, сартарошхона ва гўзаллик салонларига ижтимоий масофа ва белгиланган гигиеник талабларга риоя қилиш шарти билан 09:00-21:00 оралиғида хизмат кўрсатишига рухсат берилиши лозим. Айни пайтда вазият тизимли назорат қилиниши, талабга бўйсунмаган ва шу орқали одамларнинг вирус юқтириб олиш хавфининг ортишига сабаб бўлганлар тегишли тартибда жазога тортилиши шарт.  

Умумий овқатланиш шохобчаларининг фаолиятига уларнинг эпидемия шароитда ўз хизматни қай тартибда янгидан йўлга қўя олиши тегишли тартибда ўрганиб чиқилгач (яъни вирус билан боғлиқ хавфсизлик чоралари қай даражада кўрилганига қараб) рухсат берилиши лозим.

2. Авиақатновлар ва ташқи йўллар – эпидемиологик вазият изга тушган, шунингдек, бошқа мамлакатлар ҳам авиақатновларни тиклаган, яъни «яшил» қатнов синфига мансуб мамлакатлар билан авиақатновлар ва ташқи йўллардаги алоқалар босқичма-босқич тикланиши мақсадга мувофиқ. Бунда аэропортлар ва чегара-божхона постларида термал камера текширув амалиётини давом эттириш, уларнинг тана ҳароратини ўлчаш, коронавирус аломатлари кузатилган (хусусан, тана ҳарорати меъёрдан юқори)  йўловчиларни эса аэропорт ва чегара пунктларининг ўзида бепул тестдан ўтказиб, агар натижаси мусбат бўлса, карантинга олиш тизимида ишлаш лозим.

3. Масжидлар фаолиятини тиклаш, жума намозлари тегишли гигиеник тартиб ва ижтимоий масофани сақлаган ҳолда адо этилишига рухсат берилиши лозим. Агар жума намози қулай об-ҳаво шароитига тўғри келса, хафвсизлик нуқтайи назаридан, уни очиқ осмон остида ташкил этиш мақсадга мувофиқ.  

III. Қуйидаги чекловлар тўлиқ бекор қилиниши мақсадга мувофиқ:

1. Ҳудудлар ичидаги, шунингдек, вилоятлараро транспорт алоқаси тўлиқ тикланиши лозим. Таксилар фаолиятига чекланган миқдорда одам олиш ва белгиланган гигиеник талабларга риоя қилиш шарти билан рухсат берилиши даркор.

Албатта, карантин жорий этиш, ҳолат ва контактларни кузатиб бориш вирусни енгиб ўтишдаги асосий чора-тадбирлар сирасига киради. Аммо одамларни узоқ вақт карантинда ушлаб туриш имконсиз. Зотан, дунё мамлакатлари бугун тотал карантин жорий этиб, коронавирусни тўхтатишга эмас, балки уни тўғри бошқаришга кўпроқ урғу бермоқда ва мана шу масала устида кўпроқ бош қотирилмоқда.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, карантин чекловларининг юмшатилиши ёки бекор қилиниши вирус тамоман йўқолди, дегани эмас. Йўл қўйган хатоларимиздан тўғри хулоса чиқарайлик, яъни бизнинг соғлиғимиз худди ўзимизга эмас, ҳукумат ва давлатга керакдек, вазият сал юмшаши билан лоқайдликка берилиб қолмайлик. Йўқса, кўрилган барча-чора тадбирларнинг натижаси нолга тенг бўлиши ва яна қайтадан карантин жорий этилиши ҳеч гап эмас. Эсдан чиқармайлик: ҳаммаси ўз қўлимизда!

Отабек Тиллаев

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мавзуга оид