«Ожизалигимча қолдим...» — Тихановская «таслим бўлиб» мурожаат қилди ва мамлакатни тарк этди
Беларусь сайловларида қатнашиб, халқнинг меҳрини қозонган ва расман иккинчи ўринни олган Светлана Тихановская охирги кунларда кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. 11 августда у билан боғлиқ яна кўплаб воқеалар содир бўлди.
Тихановская сайлов натижаларини тан олмаслигини маълум қилди, кейин кўп ўтмай йўқолиб қолди. Бироз ўтиб унинг намойишчиларни милицияга қулоқ солишга чақирган видемурожаати пайдо бўлди. Литвага кетгач эса Тихановская яна бир видеомурожаат йўллаб, «фарзандлари энг муҳимлиги» ҳақида гапирди.
Биринчи мурожаат
Тихановскаянинг Литвага кетгани ҳақида Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс эрталаб твиттердаги саҳифасида эълон қилди: «Светлана Тихановская Литвада ва хавфсиз жойда!» деб ёзди Литва ТИВ раҳбари.
Куннинг иккинчи ярмида Тихановскаянинг қуйидаги гаплар айтилган видеомурожати тарқалди:
«Ҳурматли Беларусь фуқаролари. Мамлакат раҳбарини аниқлаш учун сайловларда қатнашганингиз учун раҳмат. Халқ ўз танловини амалга оширди. Сизларни милицияга қаршилик қилмасликка, майдонларга чиқмасликка чақираман. Ўзингиз ва яқинларингизни хавф остида қолдирманг».
Кейинчалик бу мурожаат Беларусь сайлов комиссияси биносида ёзилгани маълум бўлди. Тихановская қоронғу хонада қилинган бу мурожаатни ўқиб берган.
Иккинчи мурожаат
Кейинчалик Тихановская YouTube'да чиқиш қилди ва фарзандлар ҳаммасидан ҳам муҳимлигини айтди:
«Бошида сайлов кампанияси менга шунчалик катта куч бердики, ҳаммасига бардош бера оламан, деб ўйлагандим. Бироқ мен барибир ўша бошидаги каби ожизалигимча қолгандайман. Жуда мураккаб қарор қабул қилдим. Уни мустақил қабул қилдим. Дўстларим, яқинларим, штаб, Сергей (эри, Сергей Тихановский) қароримга таъсир қилишгани йўқ.
Кўпчилик мени тушунишини биламан, яна кўпчилик ҳайрон қолишади ва ёмон кўриб қоладиганлар ҳам бўлади. Бироқ шуни билишингизни хоҳлайманки, мен дуч келган ҳолатга тушишни Худо ҳеч кимга раво кўрмасин. Ҳаётимизда мавжуд бўлган энг муҳими бу – болаларимиз», – деди Тихановская титроқ овозда.
Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькованинг айтишича, уни мамлакатдан ҳукумат вакилларининг ўзлари чиқариб қўйишган. Тихановскаянинг мамлакатни тарк этиши унинг штаби раҳбари Мария Мороз қўйиб юборилишига имкон берган.
«Светланада бошқа йўл қолмаганди. Муҳими, у тирик ва эркин. У Мария Мороз билан бирга кетди. Бироқ Светлана командасининг бир қисми тутқунликда қолмоқда. Марказий сайлов комиссиясига боришдан 5 дақиқа аввал режа қилгандик ва унда мамлакатни тарк этиш фикри йўқ эди», – деган Ковалькова Reuters агентлигига берган интервьюсида.
Бир кунда ўзгарган қарор
Бир кун олдин Тихановская ОАВ вакиллари билан брифингда мамлакатни тарк этиш мақсади йўқлигини айтганди:
«Нега мен қўлга олинишим керак? Бунга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман. Мен мамлакатдан чиқиб кетмоқчи эмасман».
Айнан ўша чиқишида Тихановская президентлик сайловида Лукашенко эмас, ўзи ғолиб бўлганини айтганди. Шунингдек, Тихановская сайлов жараёнидаги сохталаштиришлар учун арз қилишини маълум қилганди.
Беларусь марказий сайлов комиссияси эълон қилган натижаларга кўра, Александр Лукашенкога сайловчиларнинг 80 фоиздан ортиғи овоз берган. Тихановская эса 11 фоизга яқин овоз олган.
Брифинг бўлиб ўтган кун кечки вақт Тихановская ҳукумат биносида жойлашган МСК қароргоҳига бориб, шахсан арзнома беришга қарор қилади. Шунингдек, Тихановская штаби провокациядан қочиш мақсадида намойишларда қатнашмаслигини маълум қилганди. Штаб вакиллари уни МСКда ушлаб туришганини айтишади, аммо Марказий сайлов комиссиясидагилар бу хабарни рад этишади.
Tut.by сайтининг ёзишича, Тихановская МСКга боргач, у билан ҳуқуқ-тартибот органи вакиллари суҳбат ўтказишган. Хабарга кўра, Тихановская ҳукумат биносини бошқа эшикдан тарк этган. У билан бирга ҳукумат биносига борган адвокати Максим Знак бу маълумотни тасдиқлади: «У бинони мустақил тарк этди. Ҳозир кетаман, деди ва кетди. У билан ҳаммаси жойида, телефони ёниқ, менимча нима бўлганига ўзи изоҳ беради, менинг хабарим йўқ», деган адвокат.
МСК Тихановскаянинг арзномасини қабул қилган ва рўйхатдан ҳам ўтказган. Тихановская МСКдан чиққач, матбуот котиби Анна Красулинага «Мен қарор қабул қилдим», деган ва номаълум томонга қараб кетган. Шундан кейин Тихановская бир муддат кўриниш бермаган. Унинг телефони ишлаган, аммо қўнғироқларга жавоб бермаган.
Тихановскаянинг маслакдоши бўлган Мария Колесникова сешанба куни МСКда нима бўлгани ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, сайлов натижалари бўйича арзнома беришга борган Тихановская МСКда куч ишлатар тизимлардаги икки юқори лавозимли мансабдор билан гаплашган. Колесникованинг айтишича, Тихановскаянинг одамларни кўчага чиқмасликка чорлаган мурожаати босим остида ёздириб олинган бўлиши мумкин.
Тихановская видеомурожаатдан сўнг мамлакатни тарк этгач, унга қарата ҳар хил фикрлар билдирилмоқда. Унинг маслакдоши Мария Колесникова дўстини қўллаб-қувватлади: «Света, агар мени эшитаётган бўлсанг, сен – қаҳрамонсан. Сен Беларусь учун кўп нарса қилдинг», деди у.
Интернетда кўпчилик Тихановскаяни қўллаб-қувватлаб, изоҳлар қолдирган. Улардан бирида шундай дейилади:
«Унга ўтказилган босим олдида ҳар биримиз синишимиз аниқ эди, лекин ҳаммамиз ҳам 9,5 миллион халқнинг масъулиятини бўйнимизга олиб, президентликка номзодимизни қўя олмасдик».
ЮКОС собиқ раҳбари Михаил Ходорковский Тихановскаянинг мамлакатни тарк этишини ўзининг тақдири билан солиштириб, ҳатто унга қарши ҳам юмшоқроқ муносабатда бўлишганини ёзди.
Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний Тихановскаянинг МСКда ёзилгани айтилган мурожаатини босим остида амалга оширилганини айтди. «У ерда фақат томоққа қадалган пичоқ етишмади. У эрининг томоғида бўлса ҳам, ажабланмаган бўлардим. Бу асиранинг мурожаати», деган Навалний.
YouTube фойдаланувчиларидан бири Тихановскаянинг намойишларга алоқаси йўқлигини айтди: «Сен намойишлар рамзисан, етакчиси эмас. Биз ўзимиз амаллаймиз».
«Сиз Беларуснинг рамзисиз, мамлакат учун кўп иш қилдингиз», «Тихановская ўз вазифасини бажарди – одамларни бирлаштирди», деб ёзишган бошқа фойдаланувчилар.
Божина Ринска исмли фойдаланувчи Фейсбукда жуда таъсирли пост қолдирди:
«Тихановская одамларга кўчага чиқманглар, деганида йиғлаб юбордим. Биз украиналиклар туриб беролмаган нарсага беларуслар туриб беришини шунчалик хоҳлардимки!»
Маълумот учун, даставвал Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский президентликка номзодини қўйганди. Аммо уни қўлга олишгач, хотини Светлана Тихановская кампания бошлаб, ўз номзодини олға сурди. У сайлов кампанияси вақтида фарзандларини хорижга юборганди.
Мавзуга оид
13:20 / 27.11.2023
Тихановская Лукашенкога қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди
11:58 / 08.11.2023
Тихановская Берлинда «Беларуснинг дўстлари» билан учрашди
11:40 / 04.05.2023
Тихановская: Протасевичга ҳукм - беларуслар учун синов
11:27 / 25.04.2023