Ўзбекистон | 09:14 / 12.08.2020
58717
4 дақиқада ўқилади

«Тарбия» фанидан дарс соатлари биринчи навбатда қайси ўқитувчиларга берилиши керак?

Янги ўқув йилидан бошлаб, мактабларда «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» ҳамда «Дунё динлари тарихи» бирлаштирилган ҳолда яхлит «Тарбия» фани ўқитилади.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Ҳукуматнинг шу ҳақдаги қарорида янги фандан «Миллий ғоя ва ҳуқуқ» мутахассислигига эга ўқитувчилардан ташқари «Бошланғич таълим», «Тарих» ва «Диншунослик» мутахассислиги вакиллари ҳам дарс бериши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Бу масала қатор мактабларда ўқитувчилар орасида тушунмовчиликка сабаб бўлмоқда.

Kun.uz’га келиб тушган мурожаатларда айтилишича, айрим мактабларда янги ўқув йили учун дарс соатлари тақсимланиш жараёнида шундоқ ҳам дарс соатлари кам бўлган «Тарбия» дарслари бошланғич синф ва тарих ўқитувчилари ўртасида тақсимланмоқда. Биринчи галда ушбу фанни ўқитиши керак бўлган «Миллий ғоя ва ҳуқуқ» фани ўқитувчилари эса четда қолиб кетаётган ҳолатлар учрамоқда.

Аслида «Тарбия» фанини қайси йўналиш мутахассислари ўқитиши керак? Ушбу савол билан Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторовга мурожаат қилдик.

«Қарорга кўра, «Бошланғич таълим», «Тарих» ва «Диншунослик» мутахассислари малака ошириш курсларида ўқитилади ва «Тарбия» фанини ўқитишлари мумкин бўлади.

Нима учун фақат «Миллий ғоя ва ҳуқуқ» фани ўқитувчилари малака ошириш курсларида ўқитилмаяпти, деган савол туғилиши табиий. Бундай йўл тутилишига сабаб – ҳозирги кунда республиканинг айрим ҳудудларида «Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими» йўналишидаги мутахассисларнинг етишмаслигидир. Шунинг учун қўшимча йўналиш ўқитувчиларини ҳам ўқитиш кўзда тутилган.

«Тарбия» фани янги экани, шу билан бирга, «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» фани ўқитувчиларига бўлган эҳтиёж барча ҳудудларда ҳам бирдай тўлиқ қопланмагани учун Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида «Бошланғич таълим», «Миллий ғоя ва ҳуқуқ», «Тарих», «Диншунослик» мутахассислигига эга фан ўқитувчилари учун «Тарбия» фанидан онлайн шаклдаги мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.

«Тарбия» фанига ажратилган дарс соатлари, аввало муассасада фаолият юритаётган «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» мутахассисларига тақсимланиб, бир ставкадан ортиқча дарс соати юзага келгандагина юқорида номлари келтирилган ва тегишли малака ошириш курсидан ўтган бошқа фан мутахассисларига берилиши мумкин.

Қарорнинг 5-бандида келтирилганидек, республика олий таълим муассасаларининг «Бошланғич таълим», «Тарих» (мамлакатлар ва минтақалар бўйича), «Тарих ўқитиш методикаси», «Филология ва тилларни ўқитиш: Ўзбек тили», «Ўзбек тили ва адабиёти», «Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими», «Педагогика ва психология», «Диншунослик» ва Исломшунослик (Ислом тарихи ва манбашунослиги)», «Психология (Дин социопсихологияси)» таълим йўналишлари битирувчиларига умумий ўрта таълим мактабларида «Тарбия» фанини ўқитиш ҳуқуқи берилиши эса 2020/21 ўқув йилидан бошлаб, ОТМлар ўқув режасига мазкур фан киритилгандан сўнг амалга оширилади», – дея аниқлик киритди Шуҳрат Сатторов.

Мавзуга оид