Жаҳон | 21:05 / 13.08.2020
3344
2 дақиқада ўқилади

Италиянинг қитъадаги қисми ва Сицилия ороли сув ости туннели билан боғланади

Италия транспорт ва инфратузилма вазирлиги Италиянинг қитъадаги қисми ва Сицилия оролини боғловчи сув ости туннели қурилиши лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳани Италия бош вазири Жузеппе Конте маъқуллаган. 

Туннел Италиянинг қитъадаги Калабрия вилояти ва Сицилиянинг шарқий қисми ўртасида жойлашган Мессина бўғози остидан ўтади. Сицилияни Италиянинг қитъадаги қисми билан боғлаш режалари азалдан мавжуд бўлган. Бу борада кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилган, бироқ уларнинг бирортаси амалга ошмаган. 

Қурилажак туннел лойиҳаси 2017 йилда муҳандис Жованни Сакка томонидан ишлаб чиқилган, бироқ охирги паллагача ҳукумат бу борада якуний қарорга кела олмаган.

Туннел қурилиши 5 йил давом этади ва 1,5 млрд еврога айланади. Барча коммуникациялар ўтказиш, туннелга келиш йўлларини қуриш ва қадимий асори-атиқаларни сақлаб қолиш учун қурилиш жойида археологик тадқиқотлар олиб бориш билан бирга лойиҳанинг умумий қиймати 5 млрд долларни ташкил қилади. 

Лойиҳа доирасида Италиянинг қитъадаги қисмидан Сицилия пойтахти Палермогача тезюрар темир йўли тармоғини давом эттириш режалаштирилган. 

Туннел қурилишига маблағлар Европанинг пандемиядан жабр кўрган давлатларини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган Европа иттифоқи иқтисодиётини инқироздан кейин тиклаш жамғармасидан ажратилади. Ушбу жамғарма маблағлари қурилиш, транспорт, меҳнат бозори, хизмат кўрсатиш соҳасини жонлантиришга қаратилган турли инфратузилмавий лойиҳалар учун ҳам мўлжалланган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид