Жаҳон | 16:17 / 13.08.2020
56165
7 дақиқада ўқилади

Путин «илк коронавирус вакцинаси» деб атаган «Спутник V» ҳақида нималар маълум?

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин коронавирусга қарши вакцина тадқиқотлари муваффақиятли якунланганини эълон қилди. Шу тариқа Путин Россия биринчи бўлиб коронавирус вакцинасини тайёрлаганини маълум қилди. Вакцина «Спутник V» номини олган. Спутник 1957 йилда космосга учирилган биринчи cовет йўлдошининг номи эди.

Фото: Михаил Джапаридзе/ТАСС

Шунингдек, Путин вакцинани оммавий ишлаб чиқаришни тез орада бошлаш мақсад қилинганини ва вакцина ўзининг қизида ҳам синаб кўрилганини айтди. «Мен вакцина жуда яхши ишлашини ва кучли иммунитетни яратишини биламан. Вакцина барча зарур текширувлардан ўтди», деди у.

Россия октябрь ойида мамлакатда коронавирусга қарши оммавий эмлаш кампаниясини бошлашни режалаштирмоқда. Биринчи бўлиб шифокорлар ва ўқитувчилар эмланади. Вакцина бепул бўлади ва у билан боғлиқ харажатлар мамлакат бюджети томонидан қопланади.

Хўш, баъзи мутахассислар томонидан шубҳа билдирилаётган Россия вакцинаси ҳақида нималар маълум?

«Бешдан ортиқ мамлакат вакцинамизни ишлаб чиқаришни хоҳламоқда»

Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ТАСС агентлигига берган интервьюсида айтишича, Гамалея институтининг Владимир, Ярославл ва Москва областларидаги учта корхонаси Generium, R-Pharm ve Binnopharm билан оммавий ишлаб чиқариш устида иш олиб бормоқда. Мантуров, шунингдек, вакцинани оммавий ишлаб чиқариш сентябрь ойи бошида бошланишини билдирган.

Мантуровнинг сўзларига кўра, бу йил ҳар ойда «бир неча минг доза» вакцинаси ишлаб чиқарилади. 2021 йилга бориб, Россия компаниялари Гамалея институтининг бир неча миллион дозасини ишлаб чиқаради.

Дмитриев «Россия-24» телеканалига берган интервьюсида эса дунёнинг 20дан ортиқ мамлакати ушбу вакцинага қизиқиш билдирганини маълум қилди. «Ҳозирда камида беш давлат Россия вакцинасини биз билан ишлаб чиқаришни бошлаш учун фаол ишламоқда», деди у.

Фармацевтика компанияларидан шошилмаслик сўралди

РБК нашри хабарига кўра, Россия клиник тадқиқотлар муассасалари уюшмаси (ACOI) Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашкога расмий баёнотни клиник синовларнинг учинчи босқичи муваффақиятли якунланмагунча кечиктириб туришни сўраб мактуб йўллаган.

Уюшма директори Светлана Завидова имзоси билан юборилган мазкур мактубда вазирликнинг кексаларни эмлашни бошлаш тўғрисидаги қарорга ишора қилинган ва кексаларнинг хавфсизлигига доир маълумотлар йўқлиги таъкидланган.

Bloomberg билан суҳбатда Завидова Россияда эмлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилган эди.

«Ишончлилиги исботланмаган вакцина одамларга юборилганда нима бўлишини билмаймиз. Бу Пандора қутисига тегишли масала», дея ҳукуматни кескин огоҳлантирган у.

Россияда иккита вакцина тадқиқоти мавжуд

Россия иккита Covid-19 вакцинаси устида ишламоқда. Шулардан бири Вектор давлат вирусология ва биотехнология илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган вакцинадир.

Иккинчиси эса Путин эълон қилган Гамалея илмий-эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот институти ва Россия мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган вакцина.

ТАСС агентлиги томонидан 1 август куни эълон қилинган хабарда Гамалея илмий-тадқиқот институти вакцинаси Gam-COVID-Vac Lyo’нинг инсонлардаги синовлари якунлангани маълум қилинганди.

Кейинчалик эълон қилинган яна бир янгиликда Россия тўғридан тўғри инвестиция фонди (RDIF) президенти Кирилл Дмитриевнинг Gam-COVID-Vac Lyo вакцинаси ҳақидаги фикрлари берилди.

«Gam-COVID-Vac Lyo билан эмланган одамларда биринчи доза қабул қилингандан кейинги 21-кунда иммунитет ривожланди», деб баёнот берган Дмитриев.

Унинг таъкидлашича, иккинчи инъекцияни қабул қилгандан кейин иштирокчиларнинг иммунитети икки баравар ошган.

Мунозаралар давом этмоқда

Россиянинг вакцина синовлари билан боғлиқ ҳеч қандай хулосаларни эълон қилмагани соғлиқни сақлаш доираларида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Баъзи экспертлар Россия одамларни хавф остига қўйиб, тезкор ёрлиқларни олиб, жараённи тезкор равишда амалга ошираётганидан хавотирда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Россиядан «хавфсиз ва самарали вакцина»ни ишлаб чиқариш учун ўрнатилган қоидаларга амал қилишни сўраган.

«Баъзида тадқиқотчилар бирор-бир нарсани топишни даъво қилишади, бу ҳақиқатан ҳам ажойиб янгилик. Аммо ишга ярайдиган вакцинани топиш ёки у ҳақида маълумотга эга бўлиш ва уларнинг барчасини қайта кўриб чиқишнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор», деди ЖССТ вакили Кристиан Линдмайер матбуот анжуманида.

АҚШ аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти директори, доктор Энтони Фаучи ҳам шубҳа билдирган. «Хитойликлар ва руслар вакцинани ҳар қандай одамда қўллашдан олдин ҳақиқатан ҳам уни синаб кўришган деб умид қиламан», деган у.

АҚШ ташқи алоқалар кенгашининг соғлиқни сақлаш бўйича глобал дастур директори Томас Болликий эса Associated Press агентлигига берган интервьюсида вакцина ишончли бўлиб чиқмаслиги оқибатлари ҳақида гапирган. «Нотўғри шаклда синовдан ўтказилган вакциналар соғлиққа салбий таъсир кўрсатиш баробарида сохта ишонч туйғусини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, у бошқа вакциналарга бўлган ишончни ҳам пасайтириши мумкин», деди у.

Россия соғлиқни сақлаш комиссияси раҳбари Анна Попова эса 2 август куни «Россия-1» телеканалига берган интервьюсида вакцина хавфсиз ва самарали бўлишига шубҳа қилмаслиги, иммунитет барқарор ва доимий бўлишига умид қилишини айтганди.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳам бу масалада баёнот берган. «Тадқиқотлар вақтини қисқартиришга уринишларсиз, туғилиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш учун кўнгиллилар устида амалдаги қонунчилик ва илмий услубий қоидаларга тўла мувофиқ ҳолда синовлар ўтказилди», дейилади баёнотда.

«Киберҳужум» даъвоси

Июль ойида Буюк Британия, АҚШ ва Канада хавфсизлик хизматлари рус ҳакерлари Covid-19 вакцинасини ишлаб чиқишда иштирок этаётган турли ташкилотларга маълумот ўғирлаш мақсадида ҳужум уюштирганини эълон қилишганди.

Буюк Британия Миллий киберхавфсизлик маркази (NCSC) The Dukes ёки Cozy Bear номи билан маълум APT29  гуруҳининг Россия разведка хизматларига тегишли экани билан боғлиқ эҳтимоллар 95 фоиздан юқорилигини таъкидлаган.

Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Андрей Келин BBC’га берган интервьюсида «бунинг ҳеч қандай маънога эга эмаслиги»ни айтиб, айбловни рад этганди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Англиянинг Оксфорд университети томонидан ишлаб чиқилган вакцина синовлари у иммунитетни ошириши мумкинлигини кўрсатганди. AstraZeneca компанияси билан Буюк Британияда 100 миллион дозани ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаганди.

Мавзуга оид