Жамият | 13:51 / 14.08.2020
28046
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик нафақадаги фан номзоди кўп марта ишлатиладиган, ҳавони тозаловчи ниқоб таклиф қилди

Тошкент шаҳрида яшовчи нафақадаги фан номзоди Ҳусанбой ота Қосимов таҳририятимиз билан боғланиб, кўп марта ишлатиладиган ниқоб лойиҳасини ишлаб чиққанини маълум қилди.

75 ёшли Ҳусанбой ота 40 йилдан ортиқ Текстиль институтида ўқитувчи бўлиб ишлагани, ядро физикаси мутахассиси ва фан номзоди эканини айтади. У ҳавони тозалаш борасида илмий иш олиб боргани ва бу борадаги ишланмалари амалиётда қўлланганини маълум қилди.

«Сўнгги пайтларда коронавирус пандемияси туфайли тиббий ниқоблар муаммоси юзага келди. Уларни тез-тез алмаштириш керак, самараси паст, тақиб юрганда ҳавони тўсиб қолиши ортидан кислород танқислиги юзага келади. Яна бир жиҳати, ниқоб ичида олинадиган ҳаво билан чиқариладиган ҳаво аралашиб кетади.

Мен таклиф қилаётган ишланма кўп марта фойдаланиш билан бирга бу муаммони ҳам бартараф қилади. Бу ишланманинг бир неча вариантларини ўрганиб чиқдим, айрим клапанлар шовқин билан ишлади, айримларининг ўтказиши паст бўлди. Ва ниҳоят охирги вариантга келдим.

Бу мосламада ҳаво махсус дефолиантлар орқали тозалаб ўтказилади, олинадиган нафас ва чиқариладиган нафас умуман аралашиб кетмайди. Яна бир муҳим жиҳати, чиқариладиган ҳаво ҳам махсус фильтрдан ўтади ва тозаланиб, хавфсиз ҳолда чиқарилади», – дейди Ҳусанбой ота Қосимов.

Ёши улуғ юртдошимиз таклиф қилаётган мослама қўлболалиги учун бир қарашда қўпол ва ноқулай туюлса-да, ниқоблар билан боғлиқ муҳим муаммоларни ҳал этгани билан аҳамиятли. Қолаверса, бу тажриба нусха ва уни албатта такомиллаштириб, чиройли ва қулай кўринишга келтириш мумкин.

Пандемия яқин давр ичида долзарблигини йўқотмаслиги ҳисобга олинса, Ҳусанбой Қосимовнинг таклифи керакли ташкилотлар томонидан ўйлаб кўрилса, арзийди.

Жамшид Зиёхонов
Тайёрлаган Жамшид Зиёхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид