Жамият | 11:30 / 14.08.2020
65378
3 дақиқада ўқилади

Видео: Наманганлик йигит чегарачи билан баҳслашди. ДХХ Чегара қўшинлари расмий изоҳ берди

Наманганда 22 ёшли йигит чегара ҳудудида хизмат олиб бораётган ДХХ Чегара қўшинлари зобити билан баҳслашиб, унинг ити билан ўз итини уруштирди. У олган видео интернетда тарқалгач, ҳолатга ДХХ Чегара қўшинлари муносабат билдирди.

Шу ҳафта бошида ижтимоий тармоқлар ва Telegram-каналларда фуқаронинг чегарачи аскар билан баҳсли мулоқоти акс этган видео тарқалди. ДХХ Чегара қўшинлари ҳолат юзасидан изоҳ бериб, фуқарога нисбатан чора кўрилишини билдирди.

Маълум бўлишича, воқеа шу йилнинг 9 август куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги «Мамай» МФЙ чегараолди ҳудудида рўй берган.

Тасвирларда видеони олган йигит ҳарбий хизматчи олдига бориб, ундан бу ерда юрмасликни, бевосита чегара олдига кетишини талаб қилади. У ДХХ ходимига яқинлашаркан, зобит ундан олиб келаётган ити чегара хизматининг ити билан урушиб кетишидан огоҳлантиради, кўп ўтмай шундай ҳам бўлади.

ДХХ Чегара қўшинлари ахборотига кўра, видеони тасвирга олган йигит Ж.У. шу ҳудудда истиқомат қилади.

«Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳудудда чегара бузувчилар томонидан бир неча бор қонун бузилиш ҳолатлари амалга оширилиб, ноқонуний равишда наркотик ва контрабанда воситаларини олиб ўтишга ҳаракат қилинган. Бундай ҳолатларнинг барчасининг олди олиниб, қонунбузарлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилган. Шу боис, ушбу йўналишлар чегара нарядлари томонидан мунтазам тарзда назорат қилиб борилади», – дейилади расмий муносабатда.

Таъкидланишича, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, ДХХ Чегара қўшинлари жойларнинг ҳар қандай участкаларида чегара нарядларини жойлаштириш ва ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга.

«Тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу фуқаро билан суҳбат ўтказилганда, ўзининг амалга оширган хатти-ҳаракати нотўғри экани ва пушаймонлигини билдирди. Ҳозирги вақтда ушбу фуқарога нисбатан содир этган қилмиши учун белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда», – дея қайд этилган ДХХ Чегара қўшинлари хабарида.

Хабарга фуқаро Ж.У.нинг ўз қилмишидан пушаймон эканини айтган видеоси илова қилинган.

Йигитнинг айтишича, у 1998 йилда Янгиқўрғон туманида туғилган, ҳозирда чегара ҳудудидаги фермер хўжалигида ишлайди. У 9 август куни фермер хўжалиги ерида ишлаётган вақтида хизмат ўтаётган чегарачининг фаолиятига қаршилик қилгани, унинг ити билан ўзининг кучугини уруштиргани, буйруқларга бўйсунмагани, ўша ҳолатни видеога олиб, интернетга жойлаганини тан олган.

«Ҳозирда тушуниб етдимки, жуда катта айб иш қилдим. Шу ишимдан мингдан минг пушаймонман. Иложи бўлса, мени кечиринглар. Бошқа қайтарилмайди. Илтимос қиламан, кечиринглар мени», – деган у.

Мавзуга оид