Ўзбекистон | 14:45 / 15.08.2020
11480
2 дақиқада ўқилади

Миллий гвардиянинг мингдан ортиқ ходимлари кириш имтиҳонларида хавфсизликни таъминлайди

Бугун, 15 август куни АОКАда ўтказилган брифингда Миллий гвардия бошқарма бошлиғи Саъдулла Сафаев томонидан кириш имтиҳонлари қай тартибда назорат қилиниши ҳақида маълумот берилди.  

Фото: norma.uz

Саъдулла Сафаевнинг айтишича, тест ўтказиладиган ҳудудларда назорат таъминланади, тест саволлари белгиланган ҳудудларга хавфсиз тарзда олиб келинади ва имтиҳондан кейин ДТМга етказиб берилади. 

«Тест синовлари ўтказиладиган объектлар ва уларнинг атроф-ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Миллий гвардиянинг 1000 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва ходимлари, 800дан ортиқ махсус воситалар, 630дан ортиқ алоқа ва 50дан ортиқ транспорт воситаларини ажратилиш режалаштирилган. Куч ва воситалар ажратилишида ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентлар сони ҳисобга олинди», - деди Миллий гвардия расмийси.

Қайд этилишича, тест имтиҳонларига бир абитуриент ўрнига бошқа одам киришининг олдини олиш мақсадида барча объектларга кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлари ташкил этилади. Бу жойларда юзни таниб олувчи камералар ўрнатилиб, ушбу камералар орқали имтиҳонга абитуриентнинг ўрнига бошқа шахс кирмаслиги назорат қилинади.

Абитуриент ўрнига имтиҳон топширишга келган шахслар аниқланса, уларга тегишли тартибда чора кўрилади.

 

Мавзуга оид