Ўзбекистон | 07:34 / 15.08.2020
12567
6 дақиқада ўқилади

СЭОМ ходимлари ва махсус тўловлар: Андижонда масала ечими нега пайсалга солинмоқда?

СЭОМ бактериологик лабораторияси ходимлари бевосита COVID-19 билан курашга жалб этилган бўлса, уларга ҳам махсус қўшимча тўлов тўланиши керак. Буни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳмедов ҳам тасдиқлади.

Шу йил 10 август куни Kun.uz сайтида «Андижон шаҳар СЭОМ ходимларига бир неча ойдан бери мукофот пули берилмаяпти. Молия бўлими нимани кутмоқда?» номли мақола эълон қилиниб, унда Андижон шаҳар СЭОМ бактериологик лабораториясининг коронавирус пандемиясига қарши кураш бошланган илк кундан бошлаб энг олдинги сафда ишлаб келаётган 3 нафар врач ва 7 нафар лаборанти шу кунгача махсус қўшимча рағбатлантириш тўловини олмагани, уларга ушбу махсус тўлов тўланишини ҳал этиш вилоят молия бошқармасига боғлиқ бўлиб тургани айтилган эди.

Андижон шаҳар СЭОМ ходимларининг айтишича, улар инфекция ўчоқларидан тест таҳлиллари олишга жалб қилинган, яъни коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган, касалланган шахслардан лаборатор намуналарни олиш билан шуғулланишган. Лекин, шунга қарамай, уларга махсус тўловлар тўланмай келган.

Кўп ўтмай, Андижон вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқа мутасаддилар СЭОМ ходимлари билан учрашган бўлса-да, масала ва муаммо тўлиқ ечим топмаган.

Хўш, Андижон шаҳар СЭОМнинг таҳририятга мурожаат йўллаган ходимлари президент қарори билан ваъда қилинган махсус қўшимча рағбатлантириш тўловни олишга ҳақлими?

Маълумки, 2020 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўгрисида»ги ПҚ-4652-сонли қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган эди.

Шунингдек, ушбу қарорда махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови (солиқлардан ташқари) қуйидаги миқдорларда тўланиши белгиланган:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.

Охирги тоифа, яъни бошқа ходимлар ким, деган саволга Республика махсус комиссиясининг 30 апрелдаги 20-сон йиғилиш баёни билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низомнинг 24-бандига кўра, даволаш муассасаси, СЭОМ лабораторияларининг бошқа ходимлари таркибига зарарланган беморларни, лаборатор таҳлил учун олинган намуналарни етказиб берувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари, кадрлар бўлими ходими, ҳисобчи ва иқтисодчи мутахассислар, ошхона ишчилари, фаррошлар, беморлар даволанаётган бинолар, шунингдек, коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториялари эксплуатациясини ташкил этишда бевосита иштирок этувчи инженер-техник ходимлар киради.

Демак, нафақат лаборатор таҳлил учун намуна оладиганлар, балки ушбу намуналарни лабораторияга етказиб берувчи ҳайдовчиларга ҳам махсус тўлов тўланиши керак экан.

Вақтинчалик низомнинг 22-бандида ҳам шунингдек, Агентлик ва СЭОМлардаги коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ҳамда коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган, касалланган шахслардан лаборатор намуналарни олишда ва уларнинг рўйхатини шакллантиришда қатнашаётган врачлар, ўрта тиббиёт ва кичик тиббиёт ходимларига нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳмедов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, СЭОМларда бир неча хил лабораториялар борлиги, улардан фақат COVID-19 билан шуғулланаётган вирусология лабораторияларининг ходимларигагина махсус тўлов тўланишини маълум қилди. Шунингдек, унинг айтишича, касаллик тарқалиши авж олиб кетгани туфайли СЭОМнинг бошқа лабораториялардан ҳам ходимлар жалб қилишга тўғри келган. Шуни ҳисобга олиб, вазир ўринбосари уларни ҳам рағбатлантириш керак, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Масаланинг яна бир эътиборга молик жиҳати шуки, Андижон шаҳар СЭОМ бактериологик лаборатория ходимлари тун-у кун, ҳатто бир неча суткалаб меҳнат фаолиятини давом эттириб, коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган, касалланган шахслардан лаборатор намуналарни олишда тер тўкишмоқда. Бундай вазиятда уларга Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида, 158-моддасига биноан эса тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўлаб келинганми йўқми, ушбу масала ҳам тегишли идоралар эътиборидан четда қолмаслиги лозим.

Президент қарорида коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимларига махсус тўлов тўланиши айтилган. Аммо, ушбу қарорда ва Махсус комиссиянинг 2020 йил 30 апрелдаги йиғилиш баёни билан тасдиқланган вақтинчалик низомда ҳам фақат вирусология лабораторияларида штатлар жадвали асосида ишлайдиган ходимларга махсус тўлов тўлансин, бошқа лабораториялардан жалб этилган ходимлар уларнинг ишини қилса ҳам, уларга махсус тўлов тўланмасин, деб белгилаб қўйилган жойи йўқ.

Шундай экан, коронавирусга қарши курашга жалб қилинган лаборант ва бошқа СЭОМ ходимларининг бошқа лабораториялардан жалб қилинганини рўкач қилиб, қарорда ва вақтинчалик низомда тўлаш лозимлиги белгилангани ҳолда, ушбу нормаларни нотўғри талқин қилиб, уларни махсус тўловдан маҳрум қилиш қонунчиликка ҳам, адолатга ҳам зид.

СЭОМ бактериологик лаборатория ходимларини вирусология лабораторияси ишини қилдиришга қилдириб, ҳақ тўлашга келганда уларнинг бошқа лабораториядан эканликларини «эслаб қолиш» ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди.

Умид қиламизки, расмий идоралар ушбу масалани тартибга соладиган қонунчиликка оғишмай амал қилишади ва СЭОМ ходимларининг заҳматли меҳнатини муносиб рағбатлантиришади.

Аббос Салайдинов, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид