Беларусь. Лукашенко Путин билан келишиб олган, Цепкало америкалик сиёсатчи билан учрашмоқчи
15 август куни Минскда Александр Тарайковский билан видолашув маросимлари ўтказилди. У 10 август кунги намойишлар вақтида ҳалок бўлган. Шанба куни ОАВда унинг ҳалок бўлиш вақти тасвирланган видео эълон қилинди, унда ОМОН томондан ўқотар қурол ишлатилгач, Тарайковский ерга қулаганини кўриш мумкин.
Давлат телевидениеси биноси қаршисида кечқурун минглаб намойишчилар тўпланди. Ичкарида ОМОН кучлари навбатчилик қилди.
Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия «Беларусь хавфсизлиги учун биринчи сўровдаёқ ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши»ни маълум қилди.
Фаолнинг ўлими ва унинг шарафига оммавий тадбирлар
Шанба куни Минскда Александром Тарайковский билан хайрлашув маросимлари ўтказилди. У Беларусь пойтахтида 10 август куни ўтказилган намойишлар чоғида ҳалок бўлганди.
Беларусь ИИВ маълумотларига кўра, Александр Тарайковский ўзининг қўлидаги портловчи модда портлаб кетиши оқибатида ҳалок бўлгани айтилган.
Euroradio телеграм канали ва «Ассошиэйтед пресс» агентлиги шанба куни Тарайковскийнинг ўлими рўй берган лаҳзалар видеосини тарқатди. Кадрлардан кўриш мумкинки, у махсус кучлар қатор турган жойга қўлларини кўтарган ҳолда яқинлашган, унинг қўлида ҳеч қандай буюм кўринмаган. У сафга жуда яқин келганида, ОМОН кучлари томонида ёрқин чақин пайдо бўлган, натижада у ерга қулаган.
Момент гибели демонстранта с двух ракурсов. Видно что это не взрыв в руке протестующего, а выстрел силовикаhttps://t.co/QDMLby77tL pic.twitter.com/qYQsdJnJ8s
— Чай з варэннем (@belteanews) August 15, 2020
Conflict Intelligence Team тадқиқотига кўра, Тарайковский КГБ ёки ИИВнинг махсус топшириқли жангчиси томонидан гранатомёт ёки дробовик орқали отиб ташланган.
Tut.by яна бир ўлим ҳолати ҳақида ёзмоқда. 15 август куни Гомелда Александр Вихорнинг жасади қариндошларига топширилган. У 9 август кунги намойишларда қўлга олинган, 11 август куни вафот этган. ИИВнинг расмий маълумотига кўра, қўлга олинганидан кейин унинг соғлиги кескин ёмонлашган ва шифохонага олиб борилгач вафот этган.
ОМОН давлат телевидениесида
Кун давомида ОАВда Белтелерадиокомпанияси ходимлари иш ташлашга тайёрланаётгани ҳақида ёзилди.
«Хартия-97» нашри телеоператорлар талабларини эълон қилди - улар сайловларни ҳақиқий эмас деб тан олишни, қон тўкилишини тўхтатишни, сиёсий маҳбусларни қўйиб юборишни ва цензурани бекор қилишни талаб қилишган.
Натижада БТ офисига Беларусь парламенти юқори палатаси раиси Наталья Качанова ва президент матбуот котиби Наталья Эйсмонт ташриф буюрди. Tut.by Белтелерадиокомпаниядаги манбага асосланиб хабар қилишича, Эйсмонт ва Качанованинг жавоблари ходимларнинг ҳеч бирини қаноатлантирмаган. «Бу учрашувдан натижа чиқмади», — деган манба.
Амалдорлар ҳам шундай деб ҳисоблашган ва кўп ўтмай БТ офисига ОМОН жангчилари кириб келган.
Давлат телевидениеси офисига минглаб намойишчилар тўпланган.
Беларусь журналистлари уюшмаси раҳбари РИА Новости мухбирига Белтелерадиокомпаниянинг фақат техник ходимлари намойиш ўтказгани ва эфирларда узилишлар рўй бериши таҳдиди йўқлигини маълум қилган.
«Улар билан учрашув ўтказилди, эртага яна бир учрашув ўтказилади», деган у. У мулоқот турли мавзуларда кечгани, кимдир намойишларга қарши бўлса, кимдир буни қўллаб-қувватлаётганини айтган.
Лукашенко намойишлар ҳақида
Беларусь президенти Александр Лукашенко шанба куни намойишлар бўйича бир неча чиқиш қилди.
Хусусан, Лукашенко Россия «биринчи сўровдаёқ Беларусь хавфсизлигини таъминлаш бўйича ёрдам кўрсатиши»ни айтган.
«Ҳарбий мавзуда гап кетганида, Иттифоқ давлати ва КХШТ доирасида Россия билан шартномамиз бор. Шунинг учун бугун Россия президенти билан вазият ҳақида узоқ ва батафсил суҳбатлашдик.
Ва у билан биринчи сўровимиздаёқ Беларусь хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишига келишиб олдик», дея унинг сўзларини келтирган «Белта».
Бундан ташқари, у заводларнинг иш ташлаган ходимларини ишдан бўшатишга чақирган.
«Бу қандай ёндашув. Президент, ҳукумат, биз барчамиз бундай оғир даврда маошларни тўлашда давом этиш учун курашмоқдамиз. Корхоналарни ишлатяпмиз, бу корхоналарга катта ёрдамлар бермоқдамиз. Натижада нима бўлди? Бу орқадан пичоқ уришми?», деган у.
«Яна бир бор такрорлайман: ҳеч кимни ишонтиришга уринманг. Барча нима бўлаётганини тушуниб турибди. Агар ишчи сиёсатга аралашиб, майдонга чиқишни истаса, у ортиқ ишчи эмас. Майли, кетаверсин. МТЗ, МАЗ, БелАЗда ишчилар кўп. Қўйинг, кетсин. Аммо шундан кейин уларга заводларда жой йўқ», - дея қўшимча қилган Лукашенко.
Кўп ўтмай президентнинг яна бир баёноти пайдо бўлди: «Агар кимдир ҳукумат заифлашган деб ҳисобласа, хато қилади. Президент қочиб кетмаган, ҳеч ким касал бўлмаган, ҳеч ким ўлмаган… Кутманг!».
Лукашенконинг танқидчилари қидирувга берилмоқда. Россияда ҳам
Беларусдаги воқеаларни ёритиб бораётган энг йирик манба - Nexta телеграм канали асосчиси Степан Путило халқаро қидирувга берилди.
Nexta каналида хабар қилинишича, Путилони оммавий тартибсизликлар уюштиришда айблашмоқда, унга 15 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.
Путило 2018 йилдан буён Польшада яшаб келмоқда.
Бундан ташқари, Беларусь президентлигига собиқ номзод, юқори технологиялар парки маъмуриятининг собиқ раҳбари Валерий Цепкалога жиноий иш очилган. ОАВ маълумотига кўра, уни коррупцияда гумон қилишмоқда.
Цепкало июлда Россияга кетганди, августда эса Украинага ўтди ва у ҳамон шу давлатда бўлиб турибди.
Путило ва Цепкало номлари Россия ИИВ маълумотлар базасида пайдо бўлган. Афтидан, бу Беларусь ва Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида гумонланувчиларни қидиришда ҳамкорлик бўйича келишув мавжудлиги билан боғлиқ.
Беларусь ҳудудларида ва Москвадаги акциялар
Шанба куни Гродно, Бобруйск, Брест, Лид, Жабинке ва Гомелда норозилик акциялари давом этди. Айрим акцияларда бир неча минг киши иштирок этган, уларнинг барчаси тинч ўтган.
Беларуснинг Москвадаги элчихонасида намойишчилар билан бирдамлик намойишлари ўтказилган.
ТАСС маълумотига кўра, Москвадаги акцияга 400дан ортиқ киши келган, уларнинг аксари ёшлардир. Уларнинг қўлларида гуллар ва оқ рангдаги шарлар бўлган. Бундан ташқари, улар узун оқ лента тутиб олишган ва бир сафга тизилишган.
Агентлик маълумотига кўра, акцияда полиция бир ёш йигитни қўлга олган, яна бир намойишчига тез ёрдам чақирилган, у элчихона олдида ўзига куч ишлатилганини таъкидлаган.
Шунингдек, Хабаровскдаги намойишларда Беларусь билан ҳамдарликни ифодаловчи шиорлар айтилган.
Лукашенко Путин билан маслаҳатлашди
Александр Лукашенконинг матбуот хизмати президент Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берди.
«Президентлар Беларусь Республикасидаги ва унинг атрофида ривожланаётган вазиятни муҳокама қилишди, - дейилади хабарда.
Бироз ўтиб Кремль матбуот хизмати янада аниқроқ маълумот берди.
Хабарда айтилишича, мулоқот Лукашенко ташаббуси билан ташкиллаштирилган, «унда Беларусда президентлик сайловидан кейин юзага келган мураккаб вазият ҳақида маълумот берилган».
«Икки томон ҳам барча муаммолар тез орада ҳал этилишига ишонч билдирди. Асосийси, бу муаммолардан икки давлатнинг иттифоқчиликдаги ҳамкорлигига зарар етказишни мақсад қилган бузғунчи кучлар фойдаланмаслигидир», дейилади Россия президенти сайти хабарида.
Bloomberg маълумотига кўра, Лукашенконинг мамлакатдан кетишни ўйламагани ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, унинг атрофидагилар давлат тўнтариши рўй берган тақдирда Россияга қочиш масаласида Кремль вакилларига мурожаат қилшганди.
«Кремлдаги айрим шахслар Лукашенко ағдарилишидан хавотирга тушишган», деган агентлик вазиятдан хабардор бўлган бир неча манбаларга таянган ҳолда.
Маълум қилинишича, 15 август куни Лукашенко Минскдаги йиғилишда шундай деган: «Ҳозир Россия президенти Путин билан боғланишим керак, мен ҳозир у билан гаплаша оламан. Чунки бу (мамлакатдаги жараён) нафақат Беларусь учун хавф туғдиради… Агар Беларусда муваффақиятсизлик билан тугаса, бу намойишлар у ерда (Россияда) ҳам жонланади».
МСК томонидан расман ғолиб деб эълон қилинган Александр Лукашенко 15 август куни ҳукуматнинг кейинги фаолияти бўйича ҳужжатларни тайёрлашга кўрсатма берди.
Ўз навбатида, Светлана Тихановскаянинг штаби ҳокимиятни топшириш жараёни бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш шакллантиришни бошлагани ҳақида эълон қилган.
Путин билан гаплашганидан кейин Лукашенко мамлакат қуролли кучлари Бош штабига ташриф буюрган. У ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари ҳаётига таҳдид мавжудлиги ҳақида гапирган. «Мен эркакчасига сўрамоқчиман: бундай қилманг! Олов билан ўйнашиш керак эмас! Ҳарбийларимиз ўзини, оиласини ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун етарли ресурсларга эга», — деган Лукашенко.
«Беларусга мамлакат учун хорижий ҳукумат тузиш таклиф этилди. Эшитинг, бизда конституция бўйича тузилган оддий ҳукумат бор. Бизга ҳеч қандай хорижий ҳукуматлар ва воситачиларнинг кераги йўқ. Менимча, ушбу республикалар раҳбариятини хафа қилмасдан айтмоқчиман, сиз ўз мамлакатингизда тартиб ўрнатасиз», — деди Лукашенко Беларусь Мудофаа вазирлигининг стратегик бошқарув марказида бўлиб ўтган йиғилишда.
Лукашенко хорижда тузилган ҳукумат ҳеч қачон мамлакатни бошқармаслигини айтиб, вазиятни ўзлари ҳал қилишини маълум қилган.
«Мамлакатда нималар бўлаётганидан мен каби хабардорсиз. Улар аста-секин вазиятни ва жамиятимизни ўзгартиришни бошламоқда ёки давом эттирмоқда. Биз меҳнат жамоаларига мурожаат қилишимиз керак. Мен бу ҳақда кўп маротаба гапирганман. Шуни яна бир марта айтмоқчиманки, бундан ҳеч нарса чиқмайди. Мамлакатни ҳеч кимга бермаймиз», — деди Лукашенко.
Словакиядаги элчи намойишчилар томонда
Беларуснинг Словакиядаги элчиси Игорь Лещеня ватанидаги тинч намойишчиларни қўллаб-қувватлади.
Лещеня намойишчилар томонидалигини билдирган илк беларуслик дипломат бўлди. У мамлакатдаги зўравонликлар ва қўлга олинганларга қўлланган қийноқлар ҳақидаги хабарлардан шокка тушгани ҳақида гапирган.
«Афсуски, бунга шарт-шароитлар мавжуд эди. 15 йил олдин бизда „Линия Сталина“ (тарихий-маданий мажмуа) очиқ эди. Ва гап нафақат совет халқининг қаҳрамонликлари ҳақида кетмоқда. Эътиборга молик жиҳати — унда Сталин номининг учраши. Шундан сўнг, ички ишлар вазири пайдо бўлди, ундаги Сталин НКВДсининг формаси 1937 йилги қирғинлар ва ГУЛАГ ҳақида эмас, Ғалаба куни ҳақида эслатиб турарди. Бугун юзлаб ҳамюртларим ҳуқуқ-тартибот органларининг қатор вакиллари бағрикенг Беларусда, XXI асрда НКВД анъаналарини тўлиқ қайта тикланганини ҳис қилишмоқда», у.
Лешенянинг қўшимча қилишича, «бирдам, кучли ва ташқи таъсирларга учрамайдиган давлат таркибини ўз халқи хоҳиши, унинг тили, тарихи ва маданиятига ҳурмат каби қарашлар ташкил этади».
«Словакияда мен Конституцияга кўра мамлакатимизга ягона ҳукумат манбаси ҳисобланувчи Беларусь давлати ва халқининг вакилиман. Ўз овозларининг ҳисобга олинишини истаб кўчада тинчлик намойишини ўтказаётган беларус халқи билан ҳамфикрман», деган элчи.
Цепкало Варшавага боради
Аввалига Цепкало рафиқаси ва фарзандлари орқали ўзига босим уюштирилаётганини айтган. Унинг твиттердаги саҳифасида ёзишича, рафиқаси ва икки фарзанди Россия ва Украина чегарасидан ўтказилмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, унинг рафиқаси Вероника Цепкало чегарадан ўтишга муваффақ бўлган.
Айни дамда Цепкало республикада «Миллий қутқарув фронти» тузилганини эълон қилган. Унинг штабидагиларнинг маълум қилишича, Цепкало тез орада Варшавада АҚШдан келган «нуфузли сиёсатчи» билан учрашув ўтказишни режалаштирган.
«Бу (Польшага ўтиш – таҳр.) бир неча кунлар ичида бўлиши кутилмоқда. Ҳа, унинг шундай режалари бор - Варшавага бориш. Бу вақтинча турар жойи бўлади. Валерий Варшавада Вашингтондан келадиган жуда нуфузли сиёсатчи билан учрашув ўтказиши режалаштирилган», - дея штаб вакили Алексей Урбаннинг сўзларини келтирмоқда ТАСС агентлиги.
Шу билан биргаликда, бу сиёсатчи АҚШнинг ҳозирги ҳукумати аъзоси эмаслиги қайд этилган.
Манбанинг маълум қилишича, агар барча ҳужжатлар тайёр бўлса, Цепкало сешанба куни Польшага оиласи билан кўчиб ўтмоқчи.
ЕИ санкцияларга тайёрланмоқда
Европа Иттифоқи мамлакатларининг вазирлари Беларусга қарши қўшимча санкциялар қўллашни бир овоздан маъқуллади.
«Ташқи ишлар вазирларининг бир овоздан Беларусдаги масъулларга нисбатан қўшимча санкциялар қўллашни маъқуллагани, яхши бўлди», деб ёзган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен твиттердаги саҳифасида.
Шунингдек, у Евроиттифоқ дипломатиясига раҳбар Жозеп Боррелнинг фикрига ҳам муносабат билдирган. Боррель Европа иттифоқининг Беларусь сайловларида қайд этилган натижага қўшилмаслиги ҳақида ёзганди.
«Овозларни қалбакилаштириш ва мамлакатда фуқароларга нисбатан зўравонлик, куч ишлатишга йўл қўйганларга нисбатан санкциялар белгиланади», деган Боррель.
Аввал Reuters агентлиги ЕИ давлатларининг ташқи ишлар вазирлари Беларусга санкция қўллашни келишиб олгани ҳақида хабар берганди. Манба маълумотига кўра, Брюссель «қора рўйхат»га киритиладиган Беларусь расмийлари ҳақида маълумот тўпламоқда. Польша ташқи ишлари вазири Яцек Чапутовичнинг айтишича, ҳамкасбларининг аксарияти ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
16 август куни Лукашенконинг мухолифлари «За свободу!» маршини ўтказишни режалаштирган. Улар намойишлар вақтида қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишни, Лукашенконинг истеъфосини ва тинч намойишчиларга куч ишлатганларнинг барчасини суд қилишни талаб қилишмоқчи. Худди шу вақтда Лукашенко тарафдорларининг намойишлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Маълумотларга кўра, бундай намойишларга давлат хизматчилари, ҳарбийлар ва ишчилар жалб қилиниши режалаштирилган.
В Белоруссии вовсю готовятся к спектаклю «митинг в поддержку Лукашенко». Вот такие колонны автобусов, едущие в направлении Минска, заметили под Гомелем и Брестом — после сообщений, что к Батьке под угрозой увольнения будут сгонять бюджетников и военных pic.twitter.com/BRaDgjNeT3
— Лента.ру (@lentaruofficial) August 16, 2020
Мавзуга оид
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024
Лукашенко Мария Колесниковани афв этиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёр
19:19 / 23.10.2024