Спорт | 09:51 / 16.08.2020
42576
2 дақиқада ўқилади

Исроил Мадримов 12 раундлик жангда ғалаба қозонди

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (6-0, 5 КО) олтинчи жангида ҳам ғалаба қозонди.

Фото: Dazn USA / Twitter.

Мадримов Тошкент вақти билан 16 август тонгида 37 ёшли Эрик Уокерга (20-3, 9 КО) қарши 12-раундлик жангни ўтказиш учун рингга кўтарилди.

WBA йўналишидаги саралаш жангида ўзбекистонлик 25 ёшли боксчи ҳакамлар қарорига кўра ғолиб деб топилди.

Мадримов жангнинг дастлабки раундларидан устунликни қўлга олишга ҳаракат қилди, аммо рақиб ҳам қарши ҳужумларда фаол бўлди ва бир неча кучли зарбалар йўллади.

Учинчи раундга келиб америкалик боксчида чарчоқ аломатлари кўрина бошлади, еттинчи раундда эса ҳар икки боксчи клинчга кириш орқали жангни давом эттира бошлади. 

9-раундда ўзбекистонлик боксчи яна ҳужумга ўтди ва чап қўл ҳук зарбаси орқали рақибини нокаут ҳолатига туширди. Аммо рефери ўзбекистонлик боксчи бу вазиятда рақибга елка билан ҳам зарба берганини қайд этиб, нокаутни бекор қилди ва Уокер ўзига келиб олиши учун беш дақиқалик танаффус берди.

Жанг давом этди, Мадримов қолган раундларда ҳам ташаббус кўрсатди ва 12-раундда рақибини нокдаун ҳолатига туширди. Якунда ҳакамлар бир овоздан (116-110, 116-111, 116-110) ўзбекистонлик боксчини ғолиб деб топишди.

Шу тариқа, Исроил Мадримов якуний элиминатор жангидаги ғалабаси орқали WBA Жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий даъвогарга айланди.

Исроил Мадримов сўнгги марта 2020 йилнинг мартида АҚШнинг Техас штатида венесуэлалик Чарли Наваррога (29-10, 22 КО) қарши рингга чиқиб, 10 раундлик жангнинг 6-раундида рақибини нокаутга учратганди.

Бундан аввалроқ Шаҳрам Ғиёсов никарагуалик рақибини нокаутга учратиб, профессионал боксдаги 10-ғалабасини нишонлагани хабар қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид