Ўзбекистон | 00:58 / 16.08.2020
42713
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус:  Ўзбекистонда 30 мингдан ортиқ бемор соғайди, яна 4432 киши даволанмоқда

Кун давомида 1382 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар тузалди.

15 август куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 34701 (+684) нафарни ташкил этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“15 август куни Ўзбекистонда 684 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, кун давомида 1382 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар тузалиб, жами соғайганлар сони 30043 нафарга етди.

Беморларнинг 1044 нафари Тошкент шаҳрида, 295 нафари Тошкент вилоятида, 11 нафари Хоразм вилоятида, 10 нафари Қашқадарё вилоятида, 7 нафари Сирдарё вилоятида, яна 7 нафари Сурхондарё вилоятида, 6 нафари Наманган вилоятида ҳамда 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Шундай қилиб, мана беш кундирки, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан кунлик соғайишлар сони минг нафардан ошмоқда ва ҳаммаси бўлиб беш кун давомида COVID-19’дан 7051 нафар бемор соғайди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида 3 нафар, Навоий ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Республика бўйича жами ўлим ҳолатлари сони 226тага етди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 4432 нафар бемордан 1021 нафари оғир, 285 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мавзуга оид