Ўзбекистон | 15:50 / 16.08.2020
32019
2 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов коронавирусдан тузалиб, ишга қайтди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусдан тузалиб чиқди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳоким ўз иш фаолиятини давом эттиришга киришгани ҳақида хабар қилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

«Т.Боболов Термиз халқаро аэропортида вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар билан мулоқот ўтказиб, воҳада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, коронавирус пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда бошқа зарур масалалар хусусида атрофлича фикр алмашди.

Вилоят ҳокими янги ғоялар билан ўз вазифасини бажаришга киришди», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 июль куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалингани, у Тошкент шаҳрида касалликдан даволанаётгани, аҳволи барқарор экани ҳақида хабар берганди. Ижтимоий тармоқларда Боболов коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалгач, у видеомурожаат орқали чиқиш қилиб, аҳволи яхшиланаётганини маълум қилганди.

Айни вақтда бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камалов ва Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов, шунингдек, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков ҳозирда COVID-19 инфекциясидан даволанмоқда.

Мавзуга оид