Жамият | 16:46 / 16.08.2020
15044
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти тикланди. Ходимларнинг талаблари қаноатлантирилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ходимларининг ушбу муассаса фаолиятини қайта тиклаш ва тегишли тўловларни тўлаб бериш билан боғлиқ мурожаатини ўрганишди.

Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Беҳзод Мусаев ҳам бевосита иштирок этган ва тиббиёт ходимлари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, вазиятга ойдинлик киритган.

«Маълумот учун айтиш керакки, 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари Зангиота туманида 2 807 ўринли янги очилган юқумли касалликлар шифохонасига жалб қилингани муносабати билан ушбу муассаса ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди.

Маълум бўлишича, 3-сонли юқумли касалликлар шифохонасининг 243 нафар тиббиёт ходими бўлиб, улар Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 июлдаги 32-сонли баёнига асосан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига сафарбар этилган. Муассаса ишга тушгач, биринчи 14 кунлик навбатда ушбу шифохонадан 63 нафар ходим (шифокор, ўрта ва кичик тиббий ходимлар), 21 июлдаги иккинчи 14 кунликка 16 нафар ходим ишга чақирилган. 5 августдаги учинчи 14 кунлик навбатда ишлаш истагида бўлган 53 нафар ходим жалб қилинган.

Ўрганишлар давомида тиббиёт ходимларининг барча талаблари қондириладиган бўлди. Хусусан, эпидемик вазиятнинг барқарорлашаётгани инобатга олиниб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти қайта тикланиб, ходимлар иш жараёнига қайтарилиши белгиланди. Шунга кўра, ушбу шифохона очилиб, 15 августдан бошлаб беморларни қабул қила бошлади», дейлади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бундан ташқари, карантин сабаб иш жараёнидан узилиб қолган ходимларга қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда асосий лавозим маошидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳам тўлиқ тўлаб берилган. Қолаверса, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида ишлаш истагини билдирган ходимларнинг мурожаатларини тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича керакли топшириқлар берилган.

Мавзуга оид