Жаҳон | 20:07 / 17.08.2020
23731
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко президент сайлови ўтказилиши учун шартини айтди

Аввалроқ Беларусь президенти мамлакатда президент сайлови қайта ўтказилишига йўл қўймаслигини айтганди.

Фото: AP Photo / BelTA Pool Photo/Nikolai Petrov

Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакатда президент сайлови республиканинг янги конституцияси қабул қилинганидан кейингина ўтказилиши мумкинлигини айтди.

«Мана бундай бўлади. Сизлар истаганингиздек, янги конституция қабул қилишимиз керак. Кейин эса хоҳласангиз парламентга ҳам, президентликка ҳам, маҳаллий ҳокимият органларига ҳам сайлов ўтказилади", - деди Лукашенко Минск трактор заводи жамоаси билан учрашувда.

Аввалроқ Лукашенко ўша учрашувда мамлакатда президент сайлови қайта ўтказилмаслигини айтганди.

«Босим остида нимадир қилишимни асло кутманг. Бошқа сайлов бўлмайди. Чунки на МЗКТ, на МАЗ, на БЕЛАЗ қолади, ярим йил ичида ҳаммасини йўқ қиламиз»,- деганди у.

9 август куни республикада бўлиб ўтган президент сайловларидан кейин аҳоли оммавий норозилик намойишларига чиқа бошлади. Дастлабки кунларда намойишчилар кучишлатар тузилмаларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Намойишчиларга қарши енгил гранаталар, резина ўқлар, сув тўплари ишлатилди ва ўқотар қуроллардан фойдаланилди. Бир неча кун ичида 7000дан ортиқ одам қўлга олинди.

Мавзуга оид