Жаҳон | 22:34 / 17.08.2020
9482
2 дақиқада ўқилади

Тихановская штаби Беларусда ҳокимият трансфери бўйича Координация кенгашини тузди

Президентликка собиқ номзод Светлана Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькова Беларусда ҳокимиятни тинч  йўл билан алмаштириш бўйича Координация кенгаши тузилганини эълон қилди.

Фото: AFP

30 нафар аъзодан иборат кенгаш таркибида Тихановскаянинг ишончли вакиллари – Ковалькованинг ўзи ва Николай Козлов, Виктор Бабарико штаби координатори Мария Колесникова, адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич, «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раиси, ҳуқуқшунос Алесь Беляцкий, халқаро медиатор Лилия Власова, эркинлик учун ҳаракат раҳбари ва сиёсатчи Юрий Губаревич, «Великий Камень» парки маъмурияти раиси Алесь Дуко, ҳуқуқшунос Максим Знак, киносценариячи Андрей Курейчик, педагог Евгений Ливянт, «А-100» компаниялари гуруҳи раиси Александр Центер, рассом Владимир Цеслер, BELBIZ компанияси асосчиси Татьяна Маринич, иқтисодчи Сергей Чалий ва бошқалар бор.

Ковалькова сўзларига кўра, кенгашга кириш учун унга «юзлаб ажойиб инсонлар, профессионаллар, ҳақиқий беларуслар» мурожаат қилишган. 

«Бу бошқа аризаларнинг рад қилинганини англатмайди. Координация кенгашининг асосий таркибини шакллантириш жараёни ҳам кетяпти ва кенгайтирилган таркибнинг, ишчи ва эксперт гуруҳларининг иши учун майдонлар яратилади», – деб ёзди у «Фейсбук» саҳифасида.

Ольга Ковалькова Координация кенгашининг илк йиғилиши яқин кунларда ўтказилишини айтди.

Тихановская 14 август куни Беларусда ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштириш бўйича Координация кенгаши тузилишини эълон қилган эди.

«Биз кўпчилик эканимизни кўрсатдик. Бу мамлакат бизга, Беларус халқига тегишли, бир одамга эмас», – деган эди у.

Мавзуга оид