Ўзбекистон | 18:05 / 18.08.2020
11817
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш масканларидаги нарх-навони пасайтириш бўйича режалар маълум қилинди

Пандемия туфайли фуқаролар чет давлатларига дам олишга бора олмагани сабабли ички туризмда нархлар сезиларли ўсиши кузатилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин Давруков шу ҳақда маълум қилиб, Бўстонлиқ ва Тўдакўл каби дам олиш масканларида нархларни пасайтириш учун кўзда тутилаётган чораларга тўхталди.

«Бу бўйича ҳам Бўстонлиқда сезиларли ўзгариш қилиш бўйича давлат раҳбаримиздан топшириқ бўлди. Битта рақам келтирсам, 2020 йилда Тошкент вилояти бўйича туризмни ривожантиришга қаратилган 47та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган бўлса, бунга қўшимча равишда Бўстонлиқ туманида 45та лойиҳа йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу, албатта, [дам олиш масканларида] нарх-навонинг сезиларли пасайишига ўз таъсирини ўтказади», деди Давруков 18 август куни АОКАдаги матбуот анжуманида.

У, шунингдек, енгил конструкциялар ва палаткалар асосида ташкил этиладиган дам олиш жойлари ҳам нархлар тушишига омил бўла олишини қайд этди.

Қўмитанинг зиёрат туризми бўлими бошлиғи Темур Мирзаевга кўра, соҳага мобил иловалар ва смарт технологияларнинг кириб келиши орқали ҳам нархлар арзонлашишини кутиш мумкин. Бундай технологияларни ишлаб чиққанлар учун грантлар ажратилиши режалаштирилган.

«Бу иловаларда Бўстонлиқ бўладими, ҳозир ривожланиб бораётган водийдаги зиёратгоҳлар бўладими, асосий туризм кластерлари бўладими, у ерлардаги хизматлар, меҳмонхоналар, транспорт хизматлари ва уларнинг нархлари ҳақида очиқ ва шаффоф шаклда маълумот олиш мумкин бўлади.

Ўша Бўстонлиқда масалан 10та илова пайдо бўлса, одамларимизни нарх билан алдашга, 2-3 баробар қиммат нарх қўйилишига имконият қолмайди», – деди Темур Мирзаев.

Мавзуга оид