Жаҳон | 16:39 / 18.08.2020
8176
2 дақиқада ўқилади

Польша ташқи ишлар вазирлиги санкциялар Беларусни Россияга янада яқинлаштиришини айтди

Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Яблоньскийнинг айтишича, Беларуснинг Европа билан ҳамкорлиги борасида аниқ таклиф бериш расмий Минск, эҳтимол Александр Лукашенкони ҳам мухолифат билан музокара бошлашга йўллашнинг ягона усулидир.

Фото: Наталия Федосенко / ТАСС

 Евроиттифоқ давлатлари ҳукуматлари Беларуснинг ҳозирги раҳбарияти ҳаракатларини шунчаки қораламаслиги, балки Минскда Европа билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконияти ҳам борлигини англатиши лозим. Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Яблоньский ана шундай фикрни айтди.

Унинг сўзларига кўра, фақатгина санкция киритиш таҳдиди Беларусни Россия билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга мажбур қилиб, вазиятни янада ёмонлаштиради.

«Санкциялар билан чегараланиб ва бошқа имконият қолдирмасдан, биз Беларусни Россия таъсири остига янада чуқурроқ киритамиз. Беларуслар ўз ривожланиш йўлларини ўзлари танлаш имконига эга бўлиши керак, бизнинг вазифамиз – уларга асл танловни таклиф этиш», — деди Яблоньский.

 Вазир ўринбосарининг айтишича, Беларуснинг Европа билан ҳамкорлиги борасида аниқ таклиф бериш расмий Минск, эҳтимол Александр Лукашенкони ҳам мухолифат билан музокара бошлашга йўллашнинг ягона усулидир.

 «Мухолифат ҳам, ҳукумат ҳам Беларусда Россия билан ҳамкорлик ўрнига бошқа танлов ҳам борлигини кўрсин», — дея изоҳ берди Яблоньский.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид