Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ижтимоий ҳимояга муҳтож талабага ёрдамни ОТМ раҳбарияти эмас, талабалар кенгаши ажратади – вазир ўринбосари
Етим, чин етим, ногирон бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, «темир дафтар» рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун олий таълим муассасалари томонидан кўрсатиладиган молиявий ёрдамни раҳбарият эмас, талабалар кенгаши тақсимлайди. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг олий таълим муаммоларига бағишланган давра суҳбатида маълум қилди.
Вазир ўринбосарига кўра, молиявий ёрдам бериладиган талабалар олий таълим муассасаси раҳбарияти аралашувисиз, талабалар кенгаши томонидан танланади.
«Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан берилган таклифга кўра, 2020/21 ўқув йилида амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилиши белгиланди. Мазкур чегирмадан ташқари ОТМлар томонидан етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, «темир дафтар» рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилади. Бунда ОТМлар мавжуд маблағлари ҳисобидан талабаларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, 4 млн сўмгача молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур молиявий ёрдам муассаса раҳбарияти эмас, балки университет талабалар кенгаши томонидан тақсимланади. Олий таълим муассасаси раҳбарияти муассасанинг ўз бюджети ҳисобида қанча маблағ борлиги, унинг қанчасини ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга контракт тўловида енгиллик учун ажратиш имконияти мавжудлиги ҳақида талабалар кенгашига маълумот беради. Кенгашнинг ўзи талабалар орасидан ҳақиқатан муҳтож бўлган, молиявий ёрам бериш ўринли бўлганлар рўйхатини шакллантиради», деди вазир ўринбосари.
Сарвар Бузрукхонов контракт миқдорига ўзгартириш киритиш нега Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан амалга оширилаётганига изоҳ берди.
«Талабалар тўлов-контракт асосида давлат буюртмасига кўра ўқишга қабул қилинади. Улар тўлайдиган контрактдан таълим харажатларининг қопланмаган қисми давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Шу боис улар учун контрактни белгилаш масаласи Молия вазирлиги бошқа тегишли ташкилотлар билан келишган ҳолда ҳал қилинади.
Табақалаштирилган контракт, хорижий фуқароларнинг контрактлари масаласи эса олий таълим муассасасининг ўз ихтиёрида. Шунингдек, жорий йил бошидан 10та ОТМ ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтди. Шунда ҳам улар ижтимоий ҳимоя сиёсатидан келиб чиққан ҳолда контракт масаласига ёндашади», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.